Маълумот учун, бугунги кунда мамлакатимизда 742 та профессионал таълим муассасаси мавжуд бўлиб, уларнинг 339 таси касб-ҳунар мактаби, 189 таси коллеж, 214 таси техникумлардир. Уларда 374,4 минг нафар ёшлар 370 та касб ва мутахассисликлар бўйича таълим олмоқда.

Йиғилишда таъкидландики, жойларда таълим муассасалари фаолиятини тўғри ташкил этиш, таълим сифати, мавжуд имкониятлардан тўла фойдаланмаслик, 50 дан ортиқ таълим масканида бино ва иншоотлар талон-тарож қилингани, қабул жараёнидаги тизимли муаммолар мавжуд.

Йиғилиш давомида, вазирнинг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов Тошкент, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида олиб борилган ўрганишлар натижасини таҳлил қилди. Ушбу ҳудудларда амалга оширилган ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжудлиги айтиб ўтилди.

Таъкидланганидек, Вобкент туман 2-сон касб-ҳунар мактаби, Самарқанд шаҳар касб-ҳунар мактаби, Олмалиқ кон-металлургия коллежи каби айрим таълим муассасалари томонидан ижобий ишлар ҳам қилинган. Аммо ҳозирда таълим масканларининг 70%ида фаолият қониқарсиз ташкил этилган, 90,4% педагогнинг малака тоифаси йўқ. 37 та таълим масканида бирорта ҳам малака тоифасига эга ўқитувчи мавжуд эмас.

Сурхондарё, Фарғона, Сирдарё ва Навоий вилоятларида бу кўрсаткич 7%ни ҳам ташкил қилмайди. Соҳа рақамлашмаган, унда рейтинг тизими йўлга қўйилмаган, кадрлар қўнимсизлиги мавжуд. Жумладан 10 дан ортиқ ҳудудий бошқарма бошлиқлари вақтинча вазифасини бажарувчи бўлиб ишламоқда. 30 дан ортиқ таълим муассасаси директори лавозими ўринбосарлар зиммасига вақтинча юклаб қўйилган. Шу боис, юқоридаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга тегишли вазифалар берилди.

“Ўқув-методик таъминот”ни яратиш ва ягона базага жамлаш масаласида Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармалари фаолияти танқид қилинди.

Абдуқодир Тошқулов айрим профессионал таълим муассасаларида ўкувчилар режадан ташқари қабул қилингани жумладан, Бухоро вилоятида Афшона Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми 398 нафар, Ғиждувон тиббиёт коллежи 18 нафар ўқувчини тасдиқланган квотадан ошиқча олингани, Хива тиббиёт коллежида 4 нафар ўқувчи тестдан ўтмасдан қабул қилинганини қайд этди.

Йиғилиш сўнггида хато ва камчиликка йўлга қўйган масъулларга тегишли чоралар кўриш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича масъулларга зарур топшириқлар берилди.