Қўшиқларнинг гул тожи Ватан ҳақидаги қўшиқ ва бу хониш унинг ҳар бир сўзи ва авжи инсоннинг ўзига оҳанграбодек тортаверади. Чунки бу хониш инсон, унинг қалб фазилатлари, ватанга бўлган муҳаббати туйғулари билан уйғунлашган ва маржондек терилган. Ўзбек халқ оғзаки ижодининг қайси бир шодасига мурожаат қилманг барчасида шундай туйғу мужассамдир.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисидаги қарорида номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш, бадиий ҳаваскорлик фольклор жамоалари, халқ театрлари, ашула ва рақс ансамбллари фаолиятини янада ривожлантириш орқали қадриятларимизни тараннум этиш ҳамда ҳудудлар аро маданиятни янада мустаҳкамлаш масалалари долзарб масала сифатида кўрсатилган.

Шу боисдан ушбу миллий қадриятларимизнинг ноёб дурдоналарини ёшларимизга, халқимизга беназир анъаналарни тараннум этиш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳамкорликда бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг Янги Ўзбекистон – дилларда достон номли Республика фестивалини ўтказилмоқда.

– Ушбу фестиваль орқали халқимиз орасида миллий қадриятларни асраш, номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш, анъанавий бадиий санъатни оммалаштириш ва замонавий ҳаёт тарзига сингдириш каби вазифаларни мақсад қилганмиз, – дейди Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий методик маркази директори Азамат Ҳайдаров. – Шунинг баробарида маданият ва санъат муассасаларида фаолият юритаётган бадиий ҳаваскорлик жамоалари фаолиятини ривожлантириш, энг яхши фольклор жамоалари, халқ театрлари, ашула ва рақс ансамбллари ҳамда халқ ижодиётининг бошқа жанрларини кенг тарғиб қилиш орқали гўзаллик, ватанпарварлик, юртга садоқат ва бошқа чин инсоний қадриятларни тараннум этиш ҳамда ҳудудлараро маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборатдир.

Маданият ва санъат муассасаларида ижод қилаётган истеъдод соҳиблари билан биргаликда санъат мактабларида, олий таълим муассасаларида таълим олаётган талабалар ўзлари севган санъатнинг жанрлари билан иштирок этадилар ва шу орқали иқтидорли ёш талантларни танлаб олиб, келгусида таълим муассасаларида тўғри йўлланмалар бериш, қўллаб-қувватлашдир.

Телефестиваль иштирокчилари қуйидаги номинациялар бўйича беллашадилар:

Жумладан, миллий чолғучилар ансамбли ижросида куй мақом ижрочилиги, рақс ижрочилиги, фольклор санъати, бахшичилик, халқ театрлари чиқишлари, ҳамда бошловчилик йўналишлари.

Телефестивалда ғолиб деб топилган иштирокчилар пул мукофотлари ва махсус диплом билан мукофотланадилар.

Дарҳақиқат халқ ижодиётини мисоли бир хазина дейиш мумкин. Айтимлар, ўланлар ва ёр-ёрларда миллат шаънини улуғловчи оҳанглар сеҳри мужассам. Ватан остонадан бошланади, остона эса яшаб турган уйимиз, маҳалла ва қишлоғимиздир. Унинг тарихини теран англаш, уни муқаддас саждагоҳдай улуғлай олиш, қадрига етиш ҳар қандай инсонни кўнгил тўридан жой олмоғи лозимдир.

Нилуфар КАРИМОВА,

                     Республика  маданиятмуассасалари фаолиятини

ташкил этиш илмий-методик маркази бўлим бошлиғи