Ўзбекистон Республикаси ўз миллий манфаатларига асосланган ҳолда очиқ, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат олиб боради. Республиканинг замонавий ташқи сиёсий курси дунёда ва минтақада шиддат билан ўзгараётган вазият, ҳамда мамлакатнинг ичидаги кенг кўламли ўзгаришларга асосланиб шаклланади.
Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолиятининг бош мақсади – давлат мустақиллиги ва суверенитетини, халқаро майдондаги ўрни ва ролини мустаҳкамлаш, ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, республиканинг ташқи иқтисодий манфаатларини фаол тарзда илгари суриш.
Республика ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик курсига содиқ бўлиб, ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базалар ва объектларни жойлаштиришга, шунингдек, мамлакат ҳарбий хизматчиларининг чет элдаги тинчликпарварлик амалиётларида ёки ҳарбий можароларда иштирок этишига йўл қўймайди. Ўзбекистон барча қарама-қаршиликлар ва низоларни фақат тинч сиёсий йўллар билан ҳал қилиш тарафдори.
Ўзбекистон давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик; халқаро мажбуриятларни виждонан бажариш, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа умумэътироф этилган тамойиллари ва нормалари; хавфсизликнинг бўлинмаслиги, очиқлик ва прагматизм, қўшни мамлакатлар билан ҳар томонлама яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби асосий тамойилларга таянган ҳолда тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида барча шериклар билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор.
Ташқи сиёсий фаолиятнинг асосий ва биринчи даражали вазифаларидан бири бу 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини самарали амалга оширишдир.
Ташқи сиёсатда юртимиз бетараф (нейтрал) позицияда ҳаракат қилмоқда, яъни биз муайян давлатлар билангина алоқаларни олиб бормаймиз. Ўзбекистон Республикаси дунёнинг барча етакчи давлатлари билан дўстона ва конструктив ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўймоқда. Бугун давлатимиз АҚШ, Россия Федерацияси, Хитой, Европа иттифоқи, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон каби ривожланган давлатлар билан чуқур ўйланган ва амалий ташқи сиёсат олиб бормоқда. Буни биз савдо айланмаларинг ошишида ва сиёсий мулоқотларнинг ривожланишида кўришимиз мумкин. Бундай ташқи сиёсат эса, менинг назаримда ҳам энг тўғри йўлдир.
Марказий Осиё – Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсатдаги энг устувор йўналишидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев президент этиб тайинланганидан сўнг жаҳон ҳамжамияти ўз эътиборини юртимизга қаратди. Шубҳасизки, кўплаб хорижий экспертлар янги президент ўзининг биринчи давлат ташрифини бирор бир дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бирига амалга оширади деб тахмин қилишди. Боиси, биринчи хорижий ташриф қайсидир маънода давлатнинг халқаро муносабатлар майдонидаги ролини белгилаб беради. Лекин Президентимиз сайловдан сўнг биринчи давлат ташрифини 2017 йил март ойида қўшни ва қардош бўлган Туркманистон Республикасига амалга оширди, айтиш мумкинки, бу ташриф биз учун ҳам кутилмаган бўлди. Шундан сўнг Президентимиз бошқа қўшни мамлакатларга ҳам бирин-кетин давлат ташрифларини амалга оширди. Бундан хулоса қилиш мумкинки, бизнинг халқаро муносабатларда энг устувор йўналишимиз бу – Марказий Осиёдир. Буни давлатимиз раҳбари ўзинг сайловдан сўнг айтган илк чиқишларида ва ҳатто, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 72-сессияда алоҳида таъкидлаб ҳам ўтди.
Сир эмаски, бунгача минтақамизда сиёсий вазият анчагина нозиклашиб қолганди. Сув масаласи деймизми, чегара масаласими, хуллас йиғилиб қолган муаммолар жуда кўп ва мураккаб эди. Албатта, бундай муаммоларни ҳал қилишнинг ўзи жуда катта сиёсий ирода ва куч талаб қилар эди. Бу масалада тизгинни давлатимиз раҳбарининг ўзи қўлга олди. Президентимиз Марказий Осиёни бирлаштиришга қаратилган қўшни ва қардош республикалар билан маслаҳат учрашувини ташкил этишни илгари сурди ва бу бир овоздан маъқулланиб биринчи учрашув Остона шаҳрида бўлиб ўтди. Бу платформа орқали биз минтақамиз муаммоларини фақат ўзимиз ҳал қилишимиз учун қаратилган катта қадам бўлди десак, муболаға бўлмайди. Ўтган давр билан солиштирадиган бўлсак, минтақамизда вазият анча ижобий томонга ўзгарди. Бунда албатта Президентимизнинг сиёсий иродаси ҳам катта аҳамият касб этмоқда.
Бугун биз Марказий Осиё деганда, албатта Афғонистон масаласини ҳам инобатга олишимиз керак. Биродар ва жафокаш афғон халқининг заминида ҳам тинчлик ва осойишталик ҳукм суриши, шубҳасиз минтақа истиқболи учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки, Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаб турувчи ўзига хос кўприкдир. Афғонистонда тинчлик ҳукм суриши, Марказий Осиё минтақаси давлатларининг иқтисодий ривожига улкан ҳисса қўшади. Бунда биз Афғонистон орқали ўз маҳсулотларимизни Жанубий Осиёга ва у орқали Ҳинд океанигача чиқаришимиз мумкин. Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласида ҳам Давлатимиз жуда катта ишларни амалга оширмоқда. Президентимиз ташаббуси билан 2018 йил март ойида Тошкентда Афғонистон муаммосини ҳал этиш бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуидаги катта конференция бўлиб ўтди. Яна бир ёрқин мисол, қанчалик қийин бўлмасин, штаб-квартираси Қатарда бўлган Толибон ҳаракати билан олиб борилаётган кўп раундли мулоқотлар. Албатта, бугун биз афғон муаммосини ечиш учун Толибон ҳаракатининг ҳам манфаатларини ҳисобга олишимиз лозим. Чунки, бу сиз у ерда тинчликка эришиш мутлақо имконсиздир. Жорий йил 15 августда Толибон ҳаракати Афғонистон устидан ўз назоратини ўрнатганини ва Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. Бу энди ўйлашимча Марказий Осиё сиёсати учун янги даврни бошлаб беради. Ҳар не бўлганда ҳам, биз биродар Афғон халқига яхшилик тилаймиз ва умид қиламизки, минтақамизда сиёсий вазият ёмон томонга ўзгармайди.
Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг ривожланиши бир вақтнинг ўзида ҳам ички, ҳам ташқи омилларга боғлиқ. Бунга асосий сабаб Марказий Осиёнинг геостратегик жойлашуви (Шарқ ва Ғарбни боғловчи кўприк), табиий ресурсларга бойлиги (газ, уран, олтин), ривожланиб келаётган истеъмол бозори (аҳоли сони 74 миллион), ҳамда хавфсизлик нуқтаи назаридан Афғонистон билан чегарадошлиги.
Шу муносабат билан Марказий Осиё доимий равишда етакчи давлатларнинг эътибор марказида бўлиб келган. Табиий равишда минтақада уларнинг манфаатлари тўқнаш келган ва кесишган нуқталар мавжуд.
Албатта, етакчи давлатларнинг Марказий Осиёда геосиёсий қарама-қаршиликлари кучайиши минтақанинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Шу туфайли Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев президент этиб сайланганининг илк кунларидан бошлаб, Марказий Осиёни ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва ривожланган минтақага айлантириш йўлида фаол ташқи сиёсат олиб бормоқда. Ўзбекистоннинг бундай минтақавий сиёсати етакчи давлатлар томонидан қўллаб-қувватланяпти.
Хусусан, Россия, Хитой, АҚШ, Ҳиндистон ва Европа Иттифоқи каби стратегик ҳамкор давлатлар минтақавий жараёнларни инобатга олган ҳолда, ўз ташқи сиёсатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритяпти.
Мисол тариқасида, ташқи ишлар вазирлари даражасидаги мунтазам учрашувлар, яъни «Россия - Марказий Осиё», «Хитой –Марказий Осиё», «Ҳиндистон – Марказий Осиё», шунингдек, АҚШнинг Марказий Осиё бўйича махсус стратегияси ва Европа Иттифоқининг Янги Марказий Осиё стратегияси қабул қилиниши бунинг ёрқин далилидир.
Маълумки, жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги тарихан яқин ва дўстона алоқаларни, ишонч ва яхши қўшничиликни икки минтақа халқлари ва мамлакатлари манфаатлари йўлида мустаҳкамлашга хизмат қиладиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилган халқаро конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари, бошқа хорижий давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари ва юқори даражадаги вакиллари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, глобал молиявий институт ва компаниялар, етакчи илмий-тадқиқот ва таҳлилий марказларнинг раҳбарлари иштирок этди.
Иштирокчилар томонидан кун тартибидаги минтақавий боғлиқликни янада мустаҳкамлаш доирасида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникацион ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар битта ялпи мажлис, учта сессияда йиғилиш ва якуний қисм таркибида кўриб чиқилди.
Умуман олганда сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракатлари билан икки минтақа давлатлари раҳбарлари ўртасида сиёсий мулоқот мустаҳкамланди. Натижада минтақадаги икки ва кўп томонлама ҳамкорлик даражаси янги босқичга кўтарилди. Бу ташаббус эса бу борада бошланган ишларни янги босқичга олиб чиқиши билан янада аҳамиятлидир.
Хусусан, прагматик ташқи сиёсат ва дўстона муҳитнинг яратилиши орқали биргина Марказий Осиё мамлакатлари билан Ўзбекистоннинг савдо айланмаси сезиларли равишда йиллик ўртача 50 фоиздан кўпроққа ўсиб, 2020 йил натижаларига кўра эса, глобал пандемия шароитига қарамай Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмасининг умумий ҳажми 5 миллиард долларни ташкил этди.
Юртимизнинг халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатидаги ўрни ва ролини ошириш, мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, давлатимизнинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш борасидаги ташаббуслари нафақат Ўзбекистоннинг савдо ва иқтисодий салоҳияти ошишига балки бутун бир минтақа давлатлари ривожланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган бундай ҳаётбахш ғоя ва ташаббуслар халқаро конференцияда иштирок этган сиёсатчилар томонидан ҳам эътироф этилди. Хусусан иштирокчилар ушбу тадбир Марказий Осиё минтақасининг Жанубий Осиё билан ўзаро боғлиқлиги асосида янги ва замонавий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўзида мужассам этганлигини, ҳудудларда автомобиль ва темир йўллар, энергетика лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари юқори эканлигини қайт этишди. Бу жараёнларда Ўзбекистон марказий ўринга эга эканлиги алоҳида эътироф этилди.
Жумладан, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Ҳакала ҳам Европа Иттифоқи Ўзбекистон Президентининг Тошкентда юқори даражадаги халқаро конференциясини ташкил этиш ташаббусини юксак қадрлашини, анжуман айни вақтида ташкил этилганини, чунки хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқлик, Афғонистондаги ва умуман минтақадаги мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда тўпланиб қолган масалалар барча учун муҳимлигини, бунда эса минтақавий мулоқот ҳар доим муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур конференция савдо, инвестициялар, транспорт, энергетика ва инновациялар, «яшил» технологиялар соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, кооперация бўйича аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, фан ва маданият соҳаларида шерикликни кенгайтириш, икки минтақа барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш юзасидан батафсил фикр алмашиш ва биргаликда таклифлар ишлаб чиқиш имконини беради.
Ушбу ташаббусларнинг амалга оширилиши эса яқин келажакда икки минтақа давлатларининг иқтисодий-ижтимоий ривожланиб, аҳоли турмуш даражаси ошишига хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Марказий Осиёда осойишталик ҳамда барқарор тараққиётга эришиш йўлида амалга оширилаётган фаол ташқи сиёсат, минтақада хавфсизликни таъминлаш борасида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон бугун яқин қўшничилик, дўстлик тамойилларига таянган ҳолда фаол ва прагматик сиёсат олиб боряпти. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси туфайли минтақа мамлакатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик алоқалари жадал суръатларда ривожланиб боряпти. Шунингдек, энергетика, сув ва экология масалаларида ўзаро манфаатли муносабатлар ривожланяпти. Тарихан қисқа вақт мобайнида Марказий Осиёда принципиал жиҳатдан мутлақо янги сиёсий муҳит яратилди.
Бунинг аниқ натижаси сифатида Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳатлашув учрашувлари ташкил этилгани айтиш мумкин. Мазкур учрашув доимий мулоқот майдонига асос солди, минтақада хавфсизлик, барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилиб келяпти. Жорий йил 6 августда Туркманистоннинг «Аваза» миллий туристик ҳудудида ташкил этилган Марказий Осиё давлат раҳбарлари маслаҳат учрашувининг навбатдаги йиғилиши доирасида ўтказилган Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти ва минтақа Иқтисодий форуми, миллий маҳсулотлар кўргазмаси, миллий таомлар фестивали ҳамда санъат усталарининг тантанали концерти Марказий Осиё давлат раҳбарлари саммитининг янги босқичга чиққанидан далолат беради.
Сиёсий алоқаларнинг фаоллашуви иқтисодий муносабатлар ривожланишига ҳам туртки бўлди. Қўшни мамлакатлар билан савдо-сотиқ ривожланиши минтақанинг инвестицион жозибадорлиги ошишига замин яратмоқда. 2020 йил якунига кўра, минтақага киритилган жами хорижий сармоялар қиймати 37 миллиард долларни ташкил этиб, 2016 йилга нисбатан 40 фоизга ошди. Бу рақамлар қисқа муддатда қанчалик ўсишга эришилганини яққол ифода этади.
— Туризм иқтисодиётнинг ривожланишида муҳим драйвер ҳисобланади. Хусусан, БМТ Халқаро туризм ташкилоти маълумотларига кўра, бугун бутун дунёда ҳар 10 ишчи ўриннинг биттаси туризм соҳасида ташкил этилади, хизмат кўрсатиш экспортининг 30 фоизи туризм соҳасига тўғри келади. Лекин бу соҳа Марказий Осиёда бошқа давлатлардагига нисбатан кам ривожланган.
Бостон халқаро консалтинг компанияси маълумотига кўра, туризм соҳасининг улуши минтақа давлатларида ЯИМнинг 1-3 фоизини ташкил этади. Ваҳоланки бу кўрсаткич ривожланган давлатларда 10 фоизга етади.
Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатлари туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга. Мисол учун, Ўзбекистоннинг фаол минтақавий ташқи сиёсати эвазига Марказий Осиёда шаклланган ижобий муҳит натижасида сўнгги беш йилда туристлар сони кескин ошди. 2016-2020 йилларда Марказий Осиёга саёҳатчилар сони деярли икки баравар кўпайди - 9,5 миллиондан 18,4 миллион кишига.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Марказий Осиё давлатлари туризм соҳасини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишмоқда. Хусусан президентимиз таклиф этган «Ипак йўли» виза режими трансмиллий сайёҳлик маҳсулоти йўлидаги тўсиқларни (қўшни давлатлар чегараларини кесиб ўтишда виза, божхона ва чегара тўсиқлари) енгишга имкон беради. Амалда, виза олган чет эллик сайёҳ, масалан, Ўзбекистонда, Қозоғистонга янги виза олишига ҳожат қолмайди - у автоматик равишда битта сафар давомида бошқа мамлакатга ташриф буюриш учун ноёб имкониятга эга бўлади.
Ўз ўрнида, 2018 йил август ойида Озарбайжон, Тожикистон, Туркия ва Қирғизистон виза тўсиқларини ўзаро олиб ташлашга қизиқиш билдиргани маълум бўлди.
2018 йил ноябрида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида «Ипак йўли» давлатлари томонидан виза режимларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битим имзоланди. Ҳозирда тартибга солувчи ва техник характердаги масалаларни ҳал қилиш, шу жумладан ахборот тизимларини бирлаштириш, шунингдек, лойиҳани биргаликда молиялаштириш, ягона консуллик йиғимини аниқлаш ва лойиҳани тўлиқ амалга ошириш учун ҳукуматлараро битим тузиш якунланмоқда. Режага кўра, тасдиқлаш бўйича ишлар шу йил якунланади ва илк лойиҳа 2022 йилда ишга туширилади.
Ўзбекистон минтақа мамлакатлари, хусусан, Тожикистон ва Қирғизистон билан энг нозик масалалар ечимида, айниқса, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш борасида прагматик ёндашиб, тарихий келишувларга эришмоқда.
Қўшни мамлакатлар чегарадош ҳудудлари даражасида алоқалар кенгайиб бораётгани, халқ дипломатияси механизмларидан фаол фойдаланилаётгани ҳам минтақа давлатлари муносабатларини мазмунан бойитмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласида Марказий Осиё давлатлари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан махсус комиссия тузилди. Ҳозирги кунда сув хўжалиги бўйича мавжуд бўлган трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланишга алоқадор барча муаммолар ўзаро манфаатли қарорлар асосида ечимини топмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти вазифасини бажаришга киришган илк кунлардан минтақавий ҳамкорликка алоҳида урғу берган. Хусусан, 2016 йил 8 сентябрда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси қўшма мажлисида Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланганини алоҳида айтган. Бунинг натижаси ўлароқ, қўшни ва қардош бўлган давлатлар билан жуда кўплаб халқаро ташкилотлар доирасида, жумладан Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, БМТ, МДҲ,Туркий Тилли Давлатлар Кенгаши каби ташкилотларда пухта ўйланган ва конструктив алоқалар йилдан йилга ривожланиб бормоқда.
Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган прагматик ташқи сиёсат натижасида бугун Марказий Осиёда сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда фундаментал ўзгаришлар кузатилмоқда. Ҳеч шубҳасиз бу президентимизнинг Марказий Осиёда давлатлараро муносабатларни ривожлантириш бўйича мутлақо янги бўлган «муаммодан қочиш эмас унинг ечимини топиш», «ҳар қандай муаммо юзасидан мулоқот қилиш», «хавфсизликнинг бўлинмаслиги, уни самарали таъминлашнинг асоси ҳамкорлик эканлиги» каби ёндашувларининг натижаси ҳисобланади. Бу тўғрисида Марказий Осиё масалалари билан шуғулланадиган дунёнинг етакчи экспертлари ва давлат арбоблари жуда кўп ижобий фикр билдиришган.
Шу ўринда, Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг президентимизнинг ушбу мамлакатга ташрифи чоғида айтган фикрларини ёдга олиш жоиз. У замонавий Ўзбекистон ва Тожикистоннинг ҳар томонлама стратегик муносабатларига таъриф берар экан, президентимиз Шавкат Мирзиёевни 20 йиллик «музларнинг» эритувчиси ва стратегик муносабатларимизнинг «ташаббускори ва архитектори» деб атаган.
Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, Шавкат Мирзиёев нафақат ўзбек-тожик муносабатларининг, балки Марказий Осиё минтақаси давлатларининг замонавий муносабатларининг «ташаббускори ва архитектори» ҳисобланади.
Ойбек Ўктамжонов,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси 3 босқич талабаси.