Глобал медиамайдонда кузатилаётган ахборот тенгсизлиги, халқаро медимонополиялар тўқнашуви, боз устига рақобатчи мамлакат ва минтақалар ўртасида содир бўлаётган узлуксиз ахборот хуружи, қарамақаршилик, мафкуравий тўқнашувлар авж олаётган, сиёсий-иқтисодий муносабатлар чигаллашаётган даврда имижни қасддан бузиш ҳолатларини пайқаш қийин бўлмай қолди.
Қизиғи, турли давлатларнинг муайян бир мамлакат ҳақидаги ОАВда тарқатадиган ахборотлари бир-бирига умуман ўхшамаслиги ҳам оддий ҳолга айланди. Шундай сабабларга кўра ҳам давлат имижини баҳолашда унинг барқарорлигига, аниқлиги, ижобий ва салбий баҳонинг нақадар холислиги ва мутаносиблигига алоҳида эътибор беришга тўғри келади. Глобал муносабатлар чуқурлашар экан, мавжуд сиёсий ва иқтисодий рақобат шароитида имиж орқали дўст қиёфасидан душман қиёфасини ясаш ёки аксинча бўлиши ҳолатлари тез-тез учраши ҳам табиийлик касб этмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида медиа соҳасини тизимли ислоҳ қилиш баробарида жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз имижини юксактиришга қаратилган ахборот етказиш самарадорлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Ҳужжатда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга ошириш бўйича давлат дастурига мувофиқ қатор муҳим мақсад ва вазифалар белгилаб берилди.
Сўнгги йилларда кенг кўламли демократик ислоҳотлар, ахборот глобаллашуви жараёнига мос равишда янги Ўзбекистоннинг ўз мукаммал қиёфаси, янгича медиа имижини яратиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Бу жараёнда медиамаконда Ўзбекистон мавзусининг алоҳида мавқе ва миқёсга кўтарилгани, мамлакатимизнинг ички ва ташқи имижини яхшилаш билан боғлиқ вазият илмий-амалий ва ижодий масала сифатида мутахассислар томонидан тадқиқ этилиши муҳим аҳамият касб этади. Бироқ бу борада бажарилган ишлардан кўра, қилиниши кутилаётган ишлар кўпроқ, назаримизда.
Кузатишлар шуни кўрсатадики, МДҲ ва Шарқ мамлакатлари, хусусан, Россия, Қозоғистон, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Малайзия, Ҳиндистон, Туркия, Миср, БАА каби давлатларнинг оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонга доир хабарлар ва мақолалар тез-тез эълон қилиб борилмоқда. Бироқ Ғарб давлатлари, хусусан, АҚШ ва Буюк Британия медиамаконида Ўзбекистонга оид салмоқли таҳлилий чиқишлар етарли даражада эмас.
Жорий асрнинг интеллектуал аср экани, ҳар қандай замонавий тараққиёт ва юксалиш замирида илм-фан ютуқлари қатори интеллектуал салоҳият ётиши исбот талаб қилмайдиган аксиома. Хусусан, ижтимоий-гуманитар соҳадаги илмий салоҳият мавжуд зиёли қатламнинг жамиятда кечаётган ислоҳотларга, воқеа-ҳодисаларга муносабатида акс этади. Бундай муносабатлар майдони эса оммавий ахборот воситаларидир.
Матбуот воқеа-ҳодисалар ҳақида ахборот, маълумот етказиш билан чекланмайди, балки мавжуд ҳолатни таҳлил, тадқиқ қилади, хулосалар чиқаради, таклиф-мулоҳазаларни кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этади. Жамоатчилик вакилларини баҳс-мунозарага ундайди. Том маънодаги оммавий коммуникация шу тариқа шаклланади. Миллий интеллектуал салоҳият шахснинг, миллатнинг, халқнинг, жамиятнинг ва албатта, давлатнинг энг катта бойлиги ҳисобланади.
Сиёсий етакчи имижининг мамлакат имижи билан боғлиқлиги
Суверен Ўзбекистон ўзини дунё ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли ва тенг овозли субъекти сифатида тақдим этиш баробарида, ривожланишнинг ўзига хос, бетакрор йўлини танлади. Демократик жамият қуриш миллий тараққиёт стратегиясининг асосини ташкил этди ва бу жараёнда бош ислоҳотчи вазифасини давлат раҳбари ўз зиммасига олди.
Ҳар қандай мустақил давлатнинг жаҳонга юз тутиши, халқаро медиамаконда тилга олиниши муқаррар равишда давлат раҳбарининг номи билан боғлиқ. Сиёсий етакчилик насиб этган шахснинг ҳаётий маслаги, нуқтаи назари, тажрибаси, билими, ватанпарварлиги ва ҳоказо фазилатлари давлат мустақиллигининг дастлабки палласида жиддий синовдан ўтади.
Ўзбекистон раҳбари ҳақида, хусусан, унинг фавқулодда омилкорлиги, довюрак, таваккалчи иқтисодий реформаторлиги, мураккаб сиёсий вазиятлардаги устомонлиги нафақат журналистлар, балки таниқли олимлар, халқаро таҳлилчилар томонидан юқори баҳоланмоқда.
Осиё журналистлари ассоциацияси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни “2018 йил одами” деб эълон қилди. Мамлакатимиз раҳбари сиёсий йўналиш бўйича ғолиб деб эътироф этилди. Ассоциация вакиллари эътирофича, давлатимиз раҳбари 2016 йил декабрда Ўзбекистон Президенти лавозимига киришганидан то ҳозирги вақтгача инсон ҳуқуқларини таъминлаш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, очиқ сиёсат юритиш, шу жумладан, сиёсий маҳбусларни озод этишда юксак натижа кўрсатиб келмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон раҳбари қўшни давлатлар билан фаол ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган ҳолда, Марказий Осиёда тинчлик-тотувликни асрашга катта ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон улкан ислоҳотлар даврини бошдан кечиряпти. Янги раҳбарият бозор иқтисодиётини рағбатлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, қўшни мамлакатлар билан алоқаларни қайта тиклаш, раҳбарлик лавозимларига ёш технократларни тайинлаш каби қатор ислоҳотларни амалга оширди.
Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги фаолиятини ички ресурслар (интеллектуал, технологик, энергетик ва бошқалар)дан оқилона фойдаланишга асосланган янги дастурлар таклифи билан бошлагани унинг сиёсий имижини янада мустаҳкамлади. У мустақил Ўзбекистоннинг кейинги ўн йилларга мўлжалланган иқтисодий ва сиёсий тараққиёти стратегиясини белгилаб берди. Энг муҳими, олиб бораётган ана шу фаолияти баробарида давлатимиз раҳбари миллий етакчининг янгича қиёфасини яратди. Ўзининг турфа фикрларга очиқлиги, ҳокимият бошқарувининг барча бўғини фаолиятини профессионал жиҳатдан яхши билиши, руҳий ва маънавий лидерлик қобилиятини кенг намойиш этиш баробарида жаҳон медиамаконида Ўзбекистоннинг замонавий имижини шакллантирди ва уни бир неча поғонага кўтаришга эришди.
Давлат етакчисида кучли раҳбарлик, ташкилотчилик қобилияти билан бирга халқ эътиборини тортиш, мавжуд реалликни холис баҳолаш, тегишли қарорларни ўз вақтида қабул қилиш, воқеалар ривожини олдиндан кўра билиш, одамларга тўғри йўлни кўрсатиш, нотиқлик маҳорати ва бетакрор харизма каби муҳим жиҳатлар мавжуд бўлмоғи керак.
Ҳар қандай давлат ўзининг мустақил тараққиёт йўлини белгилаб олиш, ислоҳотлар стратегиясини бошлаш, белгиланган режаларни амалга ошириш, мамлакатда замонавий демократик жамият барпо этишдек улкан мақсадларни ўз олдига қўяди. Бироқ кенг омма бошланаётган ижтимоий-сиёсий ва бошқа ўзгаришларга бирдан тайёр бўлмайди. Мустақилликнинг дастлабки ўтиш даври яна кўплаб мураккабликларни келтириб чиқаради. Мана шундай ҳолатда жамият, давлат том маънодаги лидерга, етакчи кучга зарурат, эҳтиёж сезади.
Жаҳон медиамаконида Ўзбекистон тутган йўлнинг ўзига хослиги, унинг афзалликлари ҳамда ютуқлари тўғрисида кўплаб материаллар эълон қилинди. Ўша матбуот материаллари ўтган тарихан қисқа даврда Ватанимизнинг ички имижи шакл ланишида катта аҳамият касб этди. Ички имиж негизида ташқи имиж барпо этилди. Таъкидламоқ зарурки, мамлакатимизда тараққиётнинг ўзига хос миллий моделини муваффақиятли амалга ошириш баробарида давлат, давлат раҳбари ва халқ имижи яхлит бир жараён, воқелик сифатида шаклланди, ривожланди ва дунё жамоатчилиги томонидан тан олинди. Ўзбекистоннинг ўзигагина хос бўлган тараққиёт моделининг ҳаётга жорий этилиши натижасида маъмурий буйруқбозликка асосланган совет тизими ўрнига миллий давлатчилик асослари билан боғлиқ мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди.
Халқаро алоқаларнинг ахборот таъминоти қандай?
Ҳозирги даврда Ўзбекистон Республикасининг дунёнинг қирқдан зиёд давлатида фаолият олиб бораётган элчихоналари томонидан ана шу мамлакатлардаги маҳаллий ОАВ вакиллари учун матбуот анжуманлари, брифинглар, пресс-турлар ташкил қилиб келинмоқда.
Шунингдек, турли маҳаллий тилларда Ўзбекистон ҳаётига доир пресс-релизлар, анонслар, бюллетенлар ва бошқа шакллардаги ахборотлар тайёрланиб, улар мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларига тарқатилмоқда. Булардан ташқари, барча дипломатик ваколатхоналарнинг расмий сайтлари фаолият кўрсатаётир. Улар сайт фойдаланувчиларини мамлакатимиз раҳбари олиб бораётган сиёсат, ислоҳотлар самараси ва бошқа фаолият қирралари билан мунтазам таништиради.
Ҳозир мавжуд имкониятлар шароитида миллий ахборот воситаларимиз, шу жумладан, ташқи ахборот-коммуникация воситаларимиз халқаро медиамонополияларга рақобатчи кучга айланиш даражасида эмас. Шу боис, халқимиз, мамлакатимиз, давлатимиз ва албатта, Президентимиз шаънига қарата тарқатиладиган ахборотларнинг нечоғлиқ холис эканига ҳушёр бўлмоғимиз, зарур вақтда мамлакатимизда хорижий ахборотларга маърифатли ахборот билан жавоб қайтариш тизими йўлга қўйилмоғи керак.
Президентимизнинг хорижий мамлакатларга расмий ва давлат ташрифлари чоғида ана шу давлатда фаолият олиб бораётган марказий ОАВда Ўзбекистон ҳақида қатор материаллар берилади. Булар, биринчидан, ана шу ташриф учун информацион фон ҳисобланса, иккинчидан, мазкур материаллар орқали мамлакатимиз ҳаёти билан боғлиқ турли янгиликлар, хусусан, эришилаётган оламшумул ютуқларимиз тўғрисида батафсил маълумотлар тарқатилади. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистонни хорижий мамлакатлар жамоатчилигига яқиндан таништиради. Қолаверса, давлатимизнинг халқаро медиамакондаги нуфузини оширади.
Халқаро алоқалар доирасидаги муносабатларни ёритиш баробарида мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш, ҳаётнинг иқтисодий, гуманитар омилларига катта эътибор қаратилиши туфайли Ўзбекистон Республикасининг жаҳон медиамаконидаги имижи ижобий томон ўзгариб бориши тўлиқ таъминланиши керак.
Ахборот соҳасидаги ислоҳотлар қандай давом этади?
Президентимиз фармонида юртимизда кейинги 5-6 йилда демократлашув жараёнини чуқурлаштириш, қонунчилик базасини янги даражага олиб чиқиш, хусусан, ахборот очиқлигини кенгайтиришга хизмат қилувчи ягона ахборот кодескини ишлаб чиқиш баробарида аҳолининг ахборот истеъмоли маданиятини ошириш, умуман, юртимизда замонавий медиамуҳитни такомиллаштириш борасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, “таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш” масаласи 12-мақсадда кўрсатилган. Уни сифатли бажариш учун мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтириш кераклиги таъкидланади.
Бу жараёнда, биринчидан, фуқароларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотларнинг самарадорлигини ўрганишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш тартибини жорий қилиш;
иккинчидан, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига ноқонуний аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, шу жумладан, мансабдор шахслар томонидан цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарликни янада кучайтириш кўзда тутилади.
Жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш ҳақидаги 74-мақсадда эса хорижий тилларда фаолият юритаётган ва миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсатини ёритаётган оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш лозимлиги белгиланган.
Фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш учун қандай ишлар амалга оширилиши кераклиги 89-мақсадда атрофлича очиб берилган. Нафақат ахборот реципиентлари, яъни қабул қилувчилар, балки уни яратувчи журналистлар ҳамда блогерлар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлган ахборот соҳасини тартибга солувчи ягона тизимлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш, албатта, кўпчилигимиз учун соҳага доир муҳим тарихий янгилик бўлиши керак.
Унда, хусусан, замон талаблари асосида ахборот соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, аниқроқ айтганда, ахборот соҳасини тартибга солишга қаратилган мавжуд қонунларни Ўзбекистон Республикаси Ахборот кодекси шаклида унификация қилиш назарда тутилмоқда. Бу ҳужжат, табиийки, миллий медиа қонунчилигини жаҳон стандартларига яқинлаштириш баробарида, мавжуд айрим ҳужжатларнинг ноўрин талқин қилинишига чек қўяди.
Дунё мамлакатларидаги каби Ўзбекистонда ҳам том маънодаги ахборот эркинлигига эришилаётгани исбот талаб қилинмайдиган ҳолат. Бироқ ана шу эркинликка барча баробар тайёрми? Йўқ, албатта. Бундан 10-15 йил олдин медиа ва ахборот саводхонлиги ҳақида гап кетганда, кўпчилик “ҳа, бу журналистиканинг муаммоси эканда”, деган эди. Аммо ахборот маданияти нафақат ОАВнинг, балки бутун бир жамиятнинг муаммоси эканлигини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Яъни жамиятдаги каттаю-кичик соҳада яратилаётган эркинликдан оқилона фойдалана олмаяпти. Очиқчасига айтганда, ахборот маконидаги оқни қорадан, яъни рост хабарни фейкдан ажратишга қийналаётгани рост.
Шу сабаб ушбу фармонда фуқароларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш маданиятини ошириш масаласи қўйилгани айни муддао бўлди. Унда, жумладан, турли ёш тоифаси учун мўлжалланган ўқув курслари ҳамда онлайн дастурларни оммалаштириш, халқ таълими ва профессионал таълим тизимининг тегишли дарсликларига медиасаводхонлик бўйича мавзуларни жорий қилиш кераклиги таъкидланган.
Ахборотни эркинлаштириш жараёнида юзага келаётган яна бир масала борки, у ҳам бўлса фуқаролар ҳақидаги шахсий маълумотлар уларнинг ихтиёрисиз тарқалиб кетиши хавфига оиддир. Шу сабабдан давлат дастурида шахсий ва сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни интернет тармоғида ошкор қилиш билан боғлиқ дахлсизлик ҳуқуқи бузилишининг олдини олиш масаласи кўндаланг қўйилган. Бунда, жиноят ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларнинг дахлсизлик ҳуқуқлари билан боғлиқ моддаларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлаш назарда тутилмоқда.
Мамлакат имижи янада мустаҳкамланиши керак
Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлар экан, “Биз аждодларимизнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, теран англаган ҳолда, қатъий ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз, мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлидан бормоқдамиз”, деди.
Мазкур ғоянинг мантиқий давоми сифатида йиллар давомида ўз ечимини кутаётган ишлар бўйича конструктив режалар ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 98-мақсади айнан ушбу йўналишга қаратилган бўлиб, унда жаҳон ҳамжамиятида юртимиз имижини оширишга қаратилган ахборот етказиш самарадорлигини ошириш масаласи муҳим топшириқ сифатида илгари сурилган.
Бу жараёнда республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, унинг бой тарихи ва маданиятидан сўзловчи сифатли медиа контентларни тайёрлаш, уларни мавжуд барча коммуникация каналлари орқали жаҳон аудиториясига мунтазам тарқатиш яхши самара беради. Ана шу мақсадда Ўзбекистон имижини жаҳон майдонида илгари суришни назарда тутувчи чора-тадбирлар мажмуини тайёрлаш ва амалга ошириш, мамлакатимиздаги ислоҳотлар ҳақида холис ахборот тарқатишни самарали давом эттириш масаласига алоҳида урғу берилган.
Дарвоқе, ҳар қандай мамлакат имижининг ўлчов мезонлари қаторида туризм соҳаси алоҳида ўрин тутади. Бунда хусусан, хорижликларнинг мамлакатни бориб кўришга бўлган қизиқишлари, маҳаллий шарт-шароитлар, табиатнинг гўзаллиги ва инсон қўли билан яратилган диққатга сазовор жойларнинг мавжудлиги эътиборга олинади.
Шу маънода, давлат дастурида Ўзбекистон тарихи, маданияти, санъати ва сайёҳлик салоҳиятининг хорижда ўтказилаётган кўргазма ва экспозициялари сонини ошириш масаласи кўтарилган. Айни мақсадда хорижий оммавий ахборот воситалари ва туристик нашрлар вакиллари учун мунтазам медиатурлар ташкил этиш ҳам кутилган самарани беришига урғу қаратилган. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг сайёҳлик брендини хорижда тарғиб қилиш бўйича кенг реклама кампаниясини ўтказиш бўйича ҳам топшириқлар берилган.
Хорижий давлатларда ўзбек тили, маданияти ва миллий анъаналаримизни кенг оммалаштириш, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат бўлган Алишер Навоий халқаро институтини ташкил этишни тезлаштириш масаласи ўртага қўйилгани айни муддао. Хусусан, хорижий давлатларда ўзбек тили, маданияти ва миллий анъаналаримизни кенг оммалаштиришга қаратилган, шу жумладан, Алишер Навоий халқаро институтини ташкил этиш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш бўйича топшириқ берилгани эътиборга молик.
Чет элларда Алишер Навоий ижодига бағишлаб ижодий кечалар ташкил этиш баробарида хорижлик ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва Алишер Навоий ижодига бағишлаб ташкил этиладиган учрашув ва анжуманларга уларни фаол жалб этиш мақсадга мувофиқ эканлиги айтилмоқда.
Жумладан, хорижий мамлакатларда ахборот кампаниялари ўтказиш, хусусан, жаҳоннинг нуфузли оммавий ахборот воситаларида ва медиамаконида Ўзбекистон ҳақидаги материалларни эълон қилишни ташкил этиш учун дипломатик ваколатхоналаримизга молиявий ресурслар ажратилиши режалаштирилмоқда.
Ҳақиқатан ҳам экспертлар доирасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантириш, турли соҳа вакилларига тегишлилигича маълумотларни тўғридан-тўғри етказиш зарурати мавжуд. Жумладан, Европа мамлакатларининг сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, ишбилармон, маданий-гуманитар ва таҳлилий доиралари вакиллари билан доимий музокаралар олиб бориш, уларга Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида холис ахборот етказиш ҳам кутилган самарани бериши муқаррар.
Бунинг учун давлат дастурида турли форматлардаги давра суҳбатлари, брифинглар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш, янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган жадал ва кўламдор ислоҳотлар тўғрисида туркум мақолалар тайёрлаш, кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш лозимлиги қайд этилган.
Хорижда мақсадли тарғибот тадбирларини ташкил этиш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Хусусан, “Ўзбекистон маданият кунлари”, давра суҳбатлари, кўргазмалар ва фестиваллар ўтказиш билан боғлиқ ташкилий ишларга алоҳида этибор қаратилган. Ўзбекистоннинг барча соҳалардаги ютуқлари ҳақида хорижий оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда видеофильмлар намойишларини ташкиллаштириш зарурати қайд этилган.
Давлат дастурида чет элларда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш ва ислоҳотларни рағбатлантириш учун ватандошлар ресурсларини жалб қилиш масаласига ҳам алоҳида ўрин берилган бўлиб, унда хорижий давлатларда ватандошлар иштирокида Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги имижини оширишга қаратилган тадбирлар ташкил этиш режалаштирилган.
Айни пайтда ҳанузгача ишлатилмаган захиралар ва қатор долзарб масалалар борки, улардан фойдаланиш ёки ҳал этиш орқали мамлакат имижини шакллантириш кўпчиликнинг ягона мақсад йўлида бирлашувига боғлиқ. Чунки аёвсиз рақобат даврида мамлакатнинг ижобий имижи ва брендини кучайтиришга йўналтирилган навбатдаги сифат босқичига чиқиш учун давлат, фуқаролар, ишбилармон доиралар бир ёқадан бош чиқаришлари шарт.
Авваламбор, ижобий имижни шакллантиришга тизимли ва комплекс ёндашув талаб этилмоқда. Бу соҳада тушунчаларни умумлаштириш, устувор йўналишлар, мақсад ва вазифаларни белгилаб олиш, амалга ошириш услублари ва шаклларини ишлаб чиқиш ва уларни сўзсиз бажаришимиз керак.
Ана шу ишларни амалиётга татбиқ этиш учун нафақат давлат маблағлари, балки мамлакатдаги етакчи экспертлар ҳамда бизнес доиралар имкониятларидан ҳам кенг фойдаланиш мумкин. Бундан ташқари, фуқаролик жамиятининг барча қатлами “имиж сиёсати”ни амалга оширишда фаол иштирок этиши мақсадга мувофиқ.