Бир неча йил аввал Нидерландиянинг Эйндховен, Велдховен ва Меерховен аҳоли пунктларининг туташ қисмида ҳалқасимон шаклда қурилган “Hovenring” кўприги ҳақида мақола ёзгандим. Кўприкнинг расмини кўриб, лойиҳанинг ўзига хослиги ҳақида ўқиб, роса ҳайратланганман.
Дунё меъморчилигининг юксак намуналаридан бўлган бу иншоот автомобиль ҳамда велосипедлар билан юзага келадиган тирбандликларни бартараф этишга хизмат қилиш баробарида, ноодатий кўриниши билан қисқа муддатда мамлакатнинг “ташриф қоғози”дан бирига айланишга ҳам улгурди. Шу ҳақда ёзар эканман, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти тимсолига айланадиган, ана шундай ноёб меъморий ечимга эга бир неча қаватли кўприклар мамлакатимизда ҳам қурилармикин, деган ҳавас ва ширин хаёлларга беихтиёр берилгандим ўшанда.
Хаёлларимнинг ҳаётдаги рўёби кўп ҳам куттирмади. Ўтган йили Президентимиз ташаббуси асосида ҳамда аҳоли талаб ва эҳтиёжи, пойтахтимизнинг келгуси ривожи инобатга олинган ҳолда, Тошкент шаҳрида Оҳангарон шоссеси ва Махтумқули кўчаси кесишмасида уч поғонали йўл ўтказгич барпо этилди. Ўзбекистон тарихидаги илк уч қаватли кўприкни қуриш ишлари 2018 йилда бошланган эди. Оҳангарон шоссеси Тошкент ҳалқа йўлининг бир қисми бўлиб, Махтумқули кўчасининг янги қисми битказилгач, ушбу йўлларда транспорт қатнови жадаллиги янада ортганди. Лойиҳа рўёбга чиққач, ҳайдовчиларга жуда катта қулайлик яратилди. Илгари бу чорраҳа соатига 7 минг автомашинани ўтказиш қувватига эга эди. Энди соатига 20 мингта транспорт воситасини узлуксиз ўтказиш имконияти пайдо бўлди.
Туннель узунлиги 593, ҳалқа шаклидаги ўрта поғона 329, эстакада қисми 502 метрли, туннель ва эстакадада қатнов олти, ўрта поғонада эса, беш қаторли бўлган мазкур уч поғонали кўприк жаҳон меъморчилигининг энг яхши ютуқларини уйғунлаштирган ноёб иншоотлардандир.
Яқинда шу кўприкнинг устидан ўзгача ҳис-ҳаяжон билан ўтар эканман, Нидерландиядаги кўприк эсимга тушди. Мамлакатимизда ҳам ундан асло қолишмайдиган кўприк қурилганидан қалбим ғурур-ифтихор туйди, ана шундай йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун билимимиз ҳам, имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етарли эканига яна бир карра амин бўлдим.
Тажриба, сифат, самара
Халқимиз азалдан йўл, кўприк қуришни энг савобли амаллардан, деб билади. Йўл, кўприк қурганларнинг меҳнати улуғланади. Чунки бундай қурилишлар орқали одамларнинг мушкули осон бўлади. Улар воситасида кўзланган манзилга осон ва хавфсиз етиб олиш имконияти яратилади.
Шу боис, мамлакатимизда халқаро стандартларга мувофиқ йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш, замонавий автомобиль йўллари, кўприклар қуриш, йўлда ҳаракатланиш қулайлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Янги темир йўл ва автомобиль кўприкларининг аксарияти “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси томонидан бунёд этилмоқда. Мазкур корхона қурган ноёб
иншоот лар мамлакатимиз темир йўлининг яхлит ва ягона транспорт тизимига айланишига, барча ҳудудлардаги пўлат изларни бир-бирига туташтиришга муносиб ҳисса қўшди.
— 1968 йилда ташкил қилинган “Кўприкқурилиш” трести 2004 йилдан бошлаб “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тасарруфида фаолият юритмоқда, — дейди корхона бўлим бошлиғи Иброҳим Саминов. — Мазкур трест Амударё узра ҳам темир йўл, ҳам автомобиль ҳаракати учун мўлжалланган кўприк қурилиши, Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон, Ангрен — Поп темир йўл линияларидаги ноёб кўприклар, йўл ўтказгичлар бунёд этилишига муносиб ҳисса қўшди. Уларнинг қурилиши билан вилоятларга бориладиган масофа қисқарди, вақт сарфи камайди, йўловчиларга қулайлик яратилди. Бундан 30 йил олдин Ўзбекистонда маҳаллий қурувчилар томонидан ана шундай ноёб иншоотлар қурилади, деса ҳеч ким ишонмасди. Узоқ йиллар давомида орттирилган улкан тажриба ва замонавий технологиялар ушбу корхона жамоаси томонидан ҳар бир йўл ўтказгич ва кўприкнинг халқаро талабларга мос тарзда бунёд этилишига имкон яратди.
Айтиш жоизки, истиқлол йилларида мазкур кўприк қурувчи корхона томонидан умумий узунлиги 67,3 километр ва ўртача баландлиги 6,2 метр бўлган 413 та кўприк ва йўл ўтказгич барпо этилди. Улар орасида энг баланди қарийб 60 метрни ташкил қилади. Бундан ташқари, узунлиги 12,5 километр бўлган 214 та турли сунъий иншоот ҳам қурилди.
Сўнгги беш йилда корхона мутахассислари умумий узунлиги 35,7 километр бўлган 102 та йирик транспорт иншооти бунёд этди. Уларнинг баландлиги ўртача 6,1 метрни, энг баланди эса 31 метрни ташкил қилади. Шунингдек, жами узунлиги 1,9 километр бўлган 75 та кичик сунъий (сув ўтказгич қувурлар, тирама деворлар, туннелсимон йўл ўтказгичлар) қурилди.
Бунёдкорлик тимсолига айланаётган муҳташам иншоотлар
Мамлакатимизда дунё стандартларига тўлиқ жавоб берадиган, ҳар жиҳатдан мукаммал лойиҳалар асосида кўприклар, йўл айиргичлар қурилаётгани аҳолига янада қулайлик яратиб, турмуш фаровонлиги ошишида муҳим аҳамият касб этяпти.
Жумладан, Тошкент шаҳар йўл инфратузилмасини яхшилаш масаласи Президентимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Чунки пойтахтда аҳоли ҳам, шунга мос равишда транспорт воситалари ҳам кўпаймоқда. Охирги 10 йилда Тошкент шаҳрида автомобиллар сони 250 мингтадан 510 мингтага, яъни 2 баробар ошган. Шу боис, йўлларда босим ва тирбандлик кўп, йўл ҳаракатини тартибга солишда муайян камчиликлар мавжуд.
Шундай муаммоларни бартараф этиш мақсадида сўнгги йилларда пойтахтимизда замонавий кўприклар, ер усти метроси, янги йўллар бунёд этилди. Бу эса, ўз навбатида, вақт ва ёнилғини тежаб, йўлларда тирбандликлар камайишига хизмат қилмоқда. Демак, ҳам вақт, ҳам нақд иқтисод қилинмоқда.
Хусусан, 2017 йилда Чилонзор туманида Бунёдкор ва Муқимий кўчалари чорраҳасида қурилган кўприк аҳолига жуда катта қулайлик яратди. Икки ойда қуриб битказилган бу кўприкнинг умумий узунлиги 900, баландлиги 6, кенглиги 24 метр. У автомобиллар ҳаракати узлуксизлиги ва хавфсизлигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади. Кўприкнинг икки томонида пиёдалар учун иккита ер усти ўтиш йўлаги барпо этилган.
Шу йили Тошкентнинг Кичик ҳалқа йўли ва Фарғона йўли кўчалари туташган ҳудудда йўл ўтказгич қурилгани нафақат ҳайдовчиларга, шунингдек, пиёдаларга ҳам қулайлик яратди ва ҳаракатланиш хавфсизлиги даражасини оширди. Авваллари ярим соат сарфланган масофани энди ҳайдовчилар бир неча дақиқада босиб ўта олиш имкониятига эга бўлди. Кўприкнинг узунлиги 346 метр, эни 30 метр бўлган қисми реконструкция қилинди, унга узунлиги 281 метр, эни 22 метр бўлган янги қисм бириктирилди.
2018 йилда қурилган Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари чорраҳасидаги кўприкнинг узунлиги 667,5 метрга тенг. Шундан эстакада қисми 488,5 метр бўлиб, баландлиги 8 метр, кенглиги 24,5 метр, 21 устундан иборат. Кўприкда автомобиллар олти қатор бўлиб ҳаракатланади. Шунингдек, пиёдалар учун 124 метрли иккита ўтиш кўприги барпо этилди. Ногирон ва кексаларга қулайлик яратиш мақсадида уларда махсус эскалатор ўрнатилди.
Бугунги кунда мегаполис шаҳарларни метрополитенсиз тасаввур қилиш қийин. Чунки метро техник ва экологик хавфсиз транспорт воситаларидан саналади. Шу боис, аҳолининг талаб ва эҳтиёжлари, пойтахтимизнинг келгуси ривожланиши инобатга олиниб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линияси қурилиши давом этмоқда. Лойиҳа беш босқичда амалга ошириляпти. Унинг умумий узунлиги 54,8 километр бўлиб, 35 та метро бекати, 2 та депо ва 1 та техник кўрик пункти қурилади.
2020 йил Тошкент ер усти ҳалқа метро линиясининг биринчи босқичи бўлган Дўстлик-2 — Қўйлиқ йўналиши фойдаланишга топширилди. Метронинг ушбу участкасида 7 та бекат барпо этилган. Янги йўналишнинг узунлиги 11,5 километр.
Шунингдек, ўтган йили Тошкент метрополитенининг Сергели йўналиши ҳам қурилиб, фойдаланишга топширилди. 7 километрли ушбу йўналиш бешта бекатдан иборат. У кунига 35 минг нафаргача йўловчи ташиш имкониятига эга.
Сўнгги беш йилда “Кўприкқурилиш” трести томонидан Тошкент шаҳрида умумий узунлиги 28,1 километр бўлган 14 та йирик транспорт иншооти (кўприклар, йўл ўтказгичлар, туннеллар, метро) бунёд этилди.
Йўллар обод, кўнгиллар шод
Бугун ким билан суҳбатлашманг, юртимизда, хусусан, пойтахтимизда кўприксозлик бўйича бажарилаётган ишлардан тўлқинланиб сўзлайди, яратилаётган шундай имкониятлар учун шукрона келтиради.
— Ўттиз олти йилдан буён рулдаман, — дейди тошкентлик Самад Ҳошимов. — Пойтахтимизда кўприклар, ер усти метроси, йўл айиргичларнинг қурилаётгани, йўллар кенгайтирилаётгани айни муддао бўлмоқда. Манзилимизга қисқа ва қулай йўл орқали етиб оляпмиз. Мисол учун, собиқ Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси олдидаги ёки Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари чорраҳаларининг аввалги ҳолати биз, ҳайдовчиларга кўп ноқулайликлар туғдирарди. Сабаби, қатнов жуда кўп, юклама катта эди. Янги қурилаётган кўприклар эвазига автомобилларнинг тўхтовсиз ҳаракати таъминланяпти.
Атроф-муҳит мусаффолиги ҳам эътиборга олинган
Бугунги шиддатли замонда йўллардаги тирбандликлар сабаб кўп вақт йўқотилмоқда, кўрилаётган молиявий зарар ҳам кам эмас. Мисол учун, АҚШнинг автомобиль энг кўп ҳаракатланадиган 10 та шаҳрида ҳайдовчилар бир йилда тирбандлик сабаб тахминан 42 соат вақт йўқотади. Бунинг оқибатида ёнилғи сарфи ва экологик муаммолар туфайли қарийб 121 миллиард доллар молиявий зарар кўрилади.
Шунга қарамай, мегаполис шаҳарларда автомашиналар тирбандлиги билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича ўзига хос тажриба тўпланган. Баъзи мамлакатларда шаҳарнинг турли туманларини бир-бирига боғлаш учун айланма йўллар барпо этилмоқда. Бунга Токио шаҳрида бунёд этилган халқа йўллар мисол бўла олади. Мазкур шаҳарда бундай йўллар саккизта бўлиб, тўрттаси пуллик, яна тўрттаси бепул. Қизиғи, бу халқа йўллар 20-30 метр баландликда қурилган бўлиб, улар остида автомобиллар бемалол ҳаракатлана олади.
Тирбандликнинг олдини олишга қаратилган бундай ўзига хос ечимга келинганининг сабаблари бор, албатта. Маълумки, Токио аҳолиси кўп, бинолари жуда зич жойлашган шаҳарлардан саналади. Японлар шуни ҳисобга олиб, баланд йўллар, кўприклар қуриш йўлини танлаган. Бу ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш, шаҳар марказидаги автомобиллар билан юзага келадиган юкламалар, ортиқча ёнилғи, вақт сарфининг олдини олиш, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш имконини беради.
Хитойнинг Шарқий қисмида жойлашган Даньян-Куньшань дунёдаги энг узун кўприк саналади. Узунлиги 164,8 киломерни ташкил этадиган мазкур кўприк Цзянсу провинциясида жойлашган. Бир кеча-кундузда йўл ўтказгичдан қарийб 30 мингта транспорт воситаси ўтиб-қайтади. Ушбу кўприк йилига ўртача 1200 тоннага яқин зарарли тутун ҳавога кўтарилишининг олдини олади.
Лос-Анжелесдаги дунёга машҳур Гарри Прежерсон номидаги беш поғонали йўл ўтказгич жуда мураккаб меъморий ечимга эга бўлиб, унда ҳам автомобиль, ҳам метро йўли ўтган. Мазкур йўл ўтказгич орқали кунига 600 мингдан зиёд транспорт воситаси ўтиб-қайтади. Бу орқали транспорт воситалари билан боғлиқ тирбандликлар бартараф этилди, шаҳар магистралларига юкламалар камайтирилди. Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур йўл ўтказгич ҳавога йилига ўртача 25 минг тонна зарарли газ чиқишининг олдини олмоқда.
Маълумотларга кўра, пойтахтимизда автомобилларнинг 75 фоизи бензин ва дизель, 25 фоизи газ ёнилғисида ҳаракатланади. Метан газли автомобиллар бензинлисига қараганда уч баробар кам зарарли модда ажратади.
— Автотранспорт воситалари тирбандлиги экологик муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатадиган омиллардандир, — дейди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Азизжон Қалимбетов. — Автомобиллардан чиқаётган зарарли газлар атроф-муҳит мусаффолигига, инсон саломатлигига зарар етказади. Қолаверса, ҳайвонот ва наботот оламига, хусусан, ўсимликларнинг фотосинтез жараёнларига ҳам таъсир ўтказади. Кўприк ва йўл ўтказгичларнинг эса, атроф-муҳит мусаффолигини сақлашдаги ўрни катта. Масалан, Тошкент шаҳрининг Оҳангарон шоссеси ва Махтумқули кўчаси кесишмасидаги уч поғонали йўл ўтказгич атмосферага йилига ўртача 850 тоннадан ортиқ зарарли газ чиқишининг олдини олади. Қандай қилиб? Чунки тирбандлик йўқ, автомобиллар бир маромда ҳаракатланади. Пойтахтимизда қурилган бошқа кўприклар ҳисобига яна қанча зарарли газ чиқишининг олди олинаётганини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Кўриниб турибдики, шаҳарларда кўприклар, йўл ўтказгичлар қанча кўп бўлса, тирбандлик шунча камаяди. Демак, нафас олаётган ҳавомиз шунча тоза бўлади.
Аҳолига қўшимча қулайлик яратиш йўлида
Келгусида пойтахтимизда қурилиши режалаштирилаётган кўприклар, йўл ўтказгичлар шаҳар инфратузилмасини янада яхшилайди. Ана шулардан бири Тошкент халқаро аэропортидан шаҳар марказига ўтишдаги кўприкни кенгайтириш лойиҳаси. Президентимиз шу йил 31 май куни туризм, шаҳар инфратузилмаси ва саноат соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишиш чоғида мазкур масалага ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Ҳозирги йўл ўтказгич 1967 йилда қурилган бўлиб, пойтахт ривожланиши ва транспортлар сони ошиши билан уни реконструкция қилиш эҳтиёжи пайдо бўлди. Шу боис, ушбу кўприкнинг Кичик ҳалқа йўли билан кесишган жойида айланма шаклдаги йўл ўтказгич қуриш режалаштирилган. Унинг узунлиги 650, эни 30 метр бўлади.
Ушбу муҳандислик ечими автотранспортларнинг кўприкка чиқиши ва тушишини осонлаштиради, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлайди ҳамда яқин атрофдаги кўчаларда ҳам тирбандлик камайишига хизмат қилади. Объектни 22 ой ичида фойдаланишга топшириш кўзда тутилмоқда.
Бундан бир йил олдин давлатимиз раҳбари Сергели туманини пойтахтимиз маркази билан боғловчи йўл ва кўприк лойиҳаси билан танишган эди. Ўтган йил 26 декабрь куни ушбу йўлнинг муҳим қисми бўлган Қипчоқ кўчасидаги кўприк очилди. Бугунги кунда ушбу кўприкдан Чўпон ота кўчасигача янги йўл ва йўл ўтказгичлар барпо этилмоқда.
Кичик ҳалқа йўли ва Салар канали устида қурилаётган кўприкнинг узунлиги 788 метр, чиқиш-тушиш қисми билан ҳисоблаганда 950 метр бўлади.
Шу йилнинг 25 июнь куни давлатимиз раҳбари ушбу кўприкни бориб кўрди. Ўзига хос муҳандислик ечимига эга бу иншоот монолит услубида, бетон аралашмаси ичидаги темир тўқималарни таранг тортиш технологияси асосида бунёд этилмоқда. Бу хавфсиз бўлиши билан бирга, қуриш учун жуда қулай. Хусусан, бу ердаги ишлар ҳам Кичик ҳалқа йўли ва темир йўлдаги қатновни тўхтатмаган ҳолда давом эттирилмоқда.
Ушбу кўприкдан Қипчоқ кўчасигача 6 километр йўл қурилмоқда. Тошкент автомобиль ҳалқа йўли билан кесишган жойда туннель бўлади. Шу тариқа пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги Чўпонота кўчаси ва Сергели туманидаги Қипчоқ кўчаси боғланади.
Ҳозирги кунда Сергели туманидан шаҳар марказига келиб-кетадиган автомобиллар асосан битта йўл — Янги Сергели кўчаси орқали ҳаракатланмоқда. Шу боис, унда қатнов жуда кўп, тирбандлик юқори. 6 қаторли янги кўприк ва йўл соатига 12 мингтагача автотранспортни ўтказиш қувватига эга бўлади. Натижада Сергели туманига транспорт қатнови тирбандлиги 50 фоиз, ҳаракат вақти 20-25 дақиқага камаяди.
Мухтасар айтганда, сўнгги беш йилда пойтахтимизда кўприксозлик, йўл қурилиши йўналишида улкан бунёдкорлик ишлари бажарилди. Бундай йирик лойиҳалар йўл инфратузилмасини яхшилаш, аҳолининг ўз манзилига осон ва қулай етиб олишини таъминлаш ҳамда Тошкент шаҳрини янада кўркам ва обод масканга айлантиришга хизмат қилмоқда.
Шаҳзод ҒАФФОРОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири