Бугун Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев ҳамда Чирчиқ шаҳар ҳокими Даврон Хидоятов мазкур массивда бўлиб, бунёд этилаётган кўп қаватли уйларнинг қурилишини тизимли ташкил этиш ишлари билан танишдилар.
Бу ердаги ичимлик суви таъминоти, электр энергияси, коммунал хизматлардаги камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Шунингдек, раҳбарлар қурилиш ишларини амалга ошираётган мутасаддилар билан суҳбатлашишди. Улар мазкур массив Президентимиз топшириғи билан комплекс ривожланиш тамойили асосида бунёд этилишини, бундай ислоҳотлардан кўзда тутилган мақсад аҳолига муносиб турмуш шароити яратиб бериш эканлигига эътиборни қаратдилар.
Шу сабабли ҳам қурилиш сифати, иқтисодий, ижтимоий инфратузилма тармоқлари ҳар томонлама аҳоли истакларига мос ва хос бўлиши кераклиги, замонавий инновация ва инвестицияларни жалб этган ҳолда массивда бунёдкорлик ишлари кўламини янада кенгайтириш шу кун талаби эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Суҳбат давомида уй-жой қурилишида юзага келиши мумкин бўлган камчиликларни бартараф этиб, объектларни режага асосан фойдаланишга топшириш зарурлиги ҳам таъкидланди.
Шунингдек, Зойир Мирзаев шаҳарда бунёд этилаётган янги кўприк қурилишини ҳам кўздан кечирди.
Мазкур ноёб лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, "Ўзбекистон Темир йўллари" АЖ ва Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у Чирчиқ шаҳрига олиб кирувчи 4Р12 магистрал йўли орқали Чирчиқ дарёси устидан ўтувчи муҳташам кўприк иншоотини ўз ичига олади.
Етук муҳандис ва лойиҳачилар томонидан кўплаб муҳокамалар орқали янада такомиллаштирилган лойиҳа ўзининг қулай йўл ўтказгич ечимига эгалиги, унда тўхташ ҳудудлари, суғориш ва ирригация тизимлари, ташқи ёритиш қурилмалари эътиборга олиниб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига ҳам катта аҳамият берилгани эътиборлидир.