Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси (ЎзEОАВМА), «MY5» телеканали, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси, ЮНEСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси, Журналистика ва оммавий ахборот воситалари университети, Ўзбекистон кинематография агентлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида жорий йилнинг 3-7 май кунлари 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни муносабати билан «Янги Ўзбекистон – янги нигоҳ» шиори остида медиа-ҳафталик бўлиб ўтади.

Мазкур тадбирнинг иккинчи кунида «Ёшлар Media студиялари» лойиҳасининг истеъдодли ёшлар учун мўлжалланган семинарлари давом этади. Унда «Янги Ўзбекистон – янги медиа. Муваффақият сирлари» мавзусида мамлакатнинг таниқли журналистлари ва оммавий ахборот воситалари мутахассислари иштирокида очиқ мулоқотлар, россиялик таниқли телебошловчи ва ҳужжатли кино устаси Валдес Пелш томонидан бир гуруҳ ёш журналистлар учун тренинг ўтказилади.

Кечки дастурда Ўзбекистон кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган режиссёр Ҳилол Насимовнинг «Мерос» бадиий фильми премьераси бўлиб ўтади. Премьерада фильм ижодкорлари ҳам иштирок этиши режалаштирилган.

«Мерос» кинокартинаси ўзбек ва қозоқ халқларининг қадимий дўстлиги, анъана ва эътиқодларининг бирлиги ҳақида ҳикоя қилади. Бош қаҳрамонлар Бахшулла ва Айгул персонажларининг тақдири ва армонли муҳаббати орқали икки халқнинг анъанавий либослари, қадимий урф-одатлари, одамлардаги содда ва ёрқин характерларни кўриш мумкин.

Сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр Ҳилол Насимов, иккинчи режиссёр Машраб Алиқулов, постановкачи оператор Ҳусан Алиев, композитор Дмитрий Янов-Яновский, постановкачи рассом Фазлиддин Турдиев. Фильмда Рустам Каримов, Мунаввара Абдуллаева, Ғайрат Ҳусайнов, Бобур Айтбагамбетов, Фотиҳ Насимов, Ойсанам Юсуповалар роль ижро этишган.