Мазкур тадбирда маданият ва санъат соҳаси вакиллари, таниқли ижодкорлар, давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари, хорижий меҳмонлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар иштирок этди.
Жорий йилги мукофот бир қатор янгиликлари билан ажралиб турди. Хусусан, илк бор хорижий давлатларда ўзбек маданияти ва санъатини фаол тарғиб этиб келаётган ҳамдўстлик мамлакатлари вакиллари учун “Йилнинг энг яхши хориждаги ўзбек маданияти тарғиботчиси” номинацияси жорий этилди. Ушбу янгилик миллий мукофотнинг халқаро нуфузи ортиб бораётганидан далолат беради.
Таъкидлаш жоизки, тантанали маросимда қатор нуфузли хорижий санъат намояндалари меҳмон сифатида қатнашди. Улар орасида 2025 йилда жаҳон миқёсида машҳурликка эришган “Homay” қўшиғи ижрочилари — Бошқирдистоннинг “Ay Yola” гуруҳи ҳам бор эди. Тадбир давомида гуруҳ аъзолари билан суҳбатлашиб, қўшиқ орқали эришилган муваффақият ва унинг ижодий таъсири ҳақида фикрларини сўрадик.
— Ушбу қўшиқдан кейин жуда катта машҳурликка эришдингиз. Бу ҳолатга қандай муносабат билдирдингиз?
— Бу қўшиқ чиққач, машҳурлик биз учун кутилмаган ҳол бўлди. Илк кунларданоқ турли мамлакатлардан тингловчилар жуда тез қизиқиш билдириб, қўшиқни илиқ қабул қилаётганини кўриб, буни дарҳол англаш қийин эди. Албатта, бундан жуда хурсанд бўлдик ва барча мухлисларимизга миннатдормиз. Шу билан бирга, бу муваффақият бизга катта масъулият ҳам юклашини ҳис қилдик.
Бундан ташқари тадбирда Тожикистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон халқ артисти Нигина Амонқулова, Озарбайжон халқ артисти Менсум Иброҳимов, шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон халқ артисти Гулянақ Мамедова тадбир иштирокчилари бўлди.
Янги жорий этилган “Йилнинг энг яхши хориждаги ўзбек маданияти тарғиботчиси” номинацияси бўйича япониялик Машу Комазаки, озарбайжонлик Соҳиб Пашшазаде ва қозоғистонлик Арман Нурмахаматули номзод сифатида кўрсатилди. Ушбу номинация ғолиби сифатида Арман Нурмахаматули эътироф этилди.
20 та номинация бўйича ғолиблар тақдирланди
Жорий йилда Milliytanlov.uz платформаси орқали ўтказилган очиқ овоз бериш натижаларига кўра, маданият ва санъат соҳасида 2025 йил давомида юқори натижаларга эришган 20 нафар ижодкор ва жамоа турли номинациялар бўйича ғолиб деб топилди.
Жумладан:
- “Йилнинг энг яхши эркак ва аёл мақом хонандаси”,
- “Йилнинг энг яхши опера ижрочиси”,
- “Йилнинг энг яхши спектакли”,
- “Йилнинг энг яхши театр актёри ва актрисаси”,
- “Йилнинг энг яхши театр режиссёри”,
- “Йилнинг энг яхши драматурги”,
- “Йилнинг энг яхши бадиий фильми”,
- “Йилнинг энг яхши сирк артисти”,
- “Йилнинг энг яхши асқийачиси”,
- “Йилнинг энг яхши қизиқчиси”,
- “Йилнинг энг яхши ёш бахшиси”,
- “Йилнинг энг яхши фольклор жамоаси”,
- “Йилнинг энг яхши рақссоси”,
- “Йилнинг энг яхши эстрада хонандалари”,
- “Йилнинг энг яхши маданият маркази” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди.
Шунингдек, халқаро майдонда ўзбек миллий маданияти ва санъати нуфузига ўзининг самарали меҳнати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшаётган қуйидаги хорижий санъаткорларнинг бир гуруҳига Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони тақдим этилди:
- Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти — Нигина Амонқулова;
- Озарбайжон халқ артисти — Мансум Ибраҳимов;
- Ўзбекистон ва Озарбайжон халқ артисти — Гулянақ Маммадова;
- Бошқирдистон Республикасининг «Ай-Ёла» гуруҳи продюсери — Руслан Шайхитдинов;
- Бошқирдистон Республикасининг «Ай-Ёла» гуруҳи хонандаси — Адел Шайхитдинова;
- Бошқирдистон Республикасининг «Ай-Ёла» гуруҳи хонандаси — Ринат Рамазанов.
Ғолибларга махсус статуэтка, сертификат ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида пул мукофоти топширилди.
Тантанали маросим давомида томошабинларга мазмунли маданий дастур тақдим этилди.
Тақдирлаш маросими мамлакат маданияти ва санъатини янада ривожлантириш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзбек санъатини халқаро миқёсда тарғиб этишга хизмат қилаётган муҳим тадбир сифатида юксак савияда бўлиб ўтди.
Зулхумор АКБАРОВА