Мамлакатимизни модернизация қилиш, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантириш учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифати ва олий таълимга қамров даражасини ошириш, инсон капиталини меҳнат бозори талаблари асосида шакллантириш, узлуксиз ўқитишнинг жозибадор тизимини яратиш, халқаро стандартлар асосида юқори малакали, креатив ва изчил фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган, интеллектуал қобилиятини намоён этишга қодир бўлган маънавий баркамол авлодни вояга етказиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясининг асосий стратегик мақсадлари ҳисобланади.
Олий ўқув даргоҳлари, илмий-тадқиқот институтларига эга таълим муассасалари бутун дунёда жамиятнинг энг нуфузли устунларидан бири, глобал билимга асосланган иқтисодиёт учун ўсишнинг асосий таянчи бўлиб хизмат қилади. Олий ўқув юртлари янги ғоя ва кашфиётлар, жумладан, технологик ютуқлар манбаи, маданият ва санъат марказлари ҳамда минтақавий ривожланиш учун катализаторлар ўчоғи вазифасини ўтайди.
Бошланғич ва умумий ўрта таълимнинг шахс камолотига таъсири муҳимлигини эътироф этган ҳолда, ҳозир олий таълимнинг мамлакат салоҳиятини юксалтиришдаги аҳамияти қайта кўриб чиқилмоқда. Бу иқтисодий ўсишга ёрдам берадиган ва камбағалликни камайтирадиган янгича таълим сиёсатини юритишга ундайди. Олий таълим бошланғич ва ўрта таълимдан ташқари техник ва касбий салоҳиятни ошириш, шунингдек, барча даражадаги малакали ўқитувчиларни тайёрлаш учун муҳим аҳамиятга эга.
Олий таълимнинг умумжамият ривожига таъсири ва аҳамиятини давлат ва аҳоли даромади, иқтисодий-ижтимоий манфаатлар мажмуаси доирасида ўрганиш лозим. Ривожланаётган мамлакатлар олий таълим тизимининг билим яратиши ва уни капиталлаштириши, ўзгарувчан меҳнат бозори талабларига жавоб бериши рақобатбардош иқтисодиётни шакллантиради. Олий таълимнинг шахсий ва ижтимоий афзалликлари хусусий даромаднинг ортишидан ташқари юқори даражадаги қатор давлат хизматлари ўртасидаги ўлчовли муносабатларни белгилайди.
Ушбу ижтимоий имтиёзлар меҳнат унумдорлиги, фуқаролар фаоллиги ошиши, узоқ муддат давомида саломатлик яхшиланиши, жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик каби ижтимоий хавфли ҳолатлар камайишини ўз ичига олади. Олий маълумотли ҳамкасбларнинг меҳнат унумдорлигига ижобий таъсир кўрсатади.
Ривожланаётган мамлакатлар кучли иқтисодий ўсишга қарамай, камбағалликка қарши курашда давом этар экан, ижтимоий адолат ва инсон тараққиёти ўртасидаги ўзаро алоқани тушуниш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунга кўра, ижтимоий адолат муайян бир натижа, саломатлик, таълим ёки даромад ҳолати бўйича тенгликни назарда тутмайди.
Бу объектив идеал ҳолат бўлиб, унга кўра, инсонларнинг ютуқлари ирқи, жинси ва ижтимоий-иқтисодий келиб чиқиши каби олдиндан белгиланган хусусиятларга эмас, балки шахсий саъй-ҳаракатлар, танлов ва ташаббусга боғлиқ бўлади. Натижада тенглик одамларга тенг ҳуқуқли муносабатда бўлиш ва ҳаётий имкониятлардан баравар фойдаланиш керак, деган ишончга асосланган маънавий тенглик масаласига айланади.
Бу идеал давлат хизматларидан, инфратузилмадан ва барча фуқароларнинг ўз ҳуқуқларидан, жумладан, таълим олиш ҳуқуқидан тенг фойдаланишни кўзда тутади. Мамлакатнинг табиий ресурсларини унинг асосий бойлиги ва даромад манбаи деб ҳисоблаш технологик жиҳатдан рақобатбардош бўлмаган иқтисодиётга эга, энди ривожланаётган давлатлар учун хос тушунчадир. Замонавий ахборот жамиятида билим табиий ресурслар, капитал ёки технологиядан кўра кўпроқ иқтисодий ўсиш, ривожланиш омили сифатида доим барқарор инновацион тараққиётни рағбатлантиради.
Инсоннинг интеллектуал салоҳияти эса чекланмаган ресурс сифатида уни ривожлантиришни талаб қилади ва билимларни капиталлаштириш, инновацион ишланма, ноу-хауларни тижорийлаштириш, жорий қилишни иқтисодиётнинг барқарор ўсиш омили даражасига кўтаради. Шунинг учун ҳозир олий таълимнинг билим яратиши, иқтисодий ўсиш ва инновацион ривожланишнинг асосий манбаи сифатида инсон капиталини шакллантириши долзарб масалага айланди.
Инновацион ривожланиш шунчаки инновацион усуллар ёки воситаларни қўллаш орқали содир бўлмайди, балки ижодий фикрлайдиган, янги технологияларни яратадиган, жамият ҳаётида мавжуд муаммолар ечимини ҳал қила оладиган олий маълумотга эга инсон ресурсларини тайёрлашни тақозо этади. Агар кўпроқ аҳоли олий таълим олган бўлса, билимларни ўзлаштирса ва улардан фойдаланса, жамият ҳаёти ва тараққиётидаги фаол иштироки таъминланади.
Билим ва олий маълумотга эга бўлганлар сони ошиши жамиятдаги тенгсизлик ва камбағалликни камайтиришга, ижтимоий адолат ўрнатишга катта ҳисса қўшади. Ҳозир аввалгидек олий маълумот олишнинг ўзи кифоя қилмайди. Ҳатто магистр, фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) даражаси ҳам етарли эмас. Энди ҳар бир инсон узлуксиз таълим олиши ва малакасини ошириб бориши шарт. Чунки бу кўникмалар мазмуни доим ўзгариб туради.
Инсон ресурслари доим рақобатбардош бўлиши учун таълим сиёсатининг устувор йўналишларидан бўлган касбҳунар таълими ва касбга тайёрлаш ҳамда узлуксиз таълимни ривожлантиришнинг фуқаро ва корхона учун манфаатли ва жозибадор тизимини яратиш лозим. Бу шахснинг рақобатбардошлиги ва ишга жойлашиши учун муҳим.
Шунингдек, ижтимоий интеграция, фаол фуқаролик ва шахсий ривожланишни таъминлайди. Тўртинчи саноат инқилоби, технологик такомиллашув каби бошқа ўзгаришлар миқдорий ва сифат жиҳатидан инсон ресурсларини барқарор тайёрлаш учун касбий таълим ва ўқитишнинг янги парадигмасини талаб қилади.
Келажакда меҳнат бозоридаги ўзгаришлар, янги талаб қилинадиган малакалар туфайли касб-ҳунар таълими, ўқитиш соҳасидаги миллий сиёсатни режалаштириш ва амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Ҳозир ривожланган мамлакатлар ялпи ички маҳсулотининг 50 фоиздан ортиғини “билимга асосланган иқтисодиёт” ташкил қиляпти. У иқтисодий ўсишнинг драйвери сифатида юқори технологияли, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда ва хизматлар кўрсатмоқда.
Жаҳон тажрибаси олий маълумотлилар кўпроқ даромад топаётганини кўрсатмоқда.Жумладан, Янги Зеландия Таълим вазирлиги ўтказган тадқиқотга кўра, олий маълумотлилар умумтаълим мактаби битирувчиларига қараганда соатига 7 доллар кўп маош олади. АҚШ Иқтисодиёт ва статистика бюроси сўрови натижалари эса ўрта маълумотлилар билан солиштирганда олий таълим муассасалари битирувчилари 1,7 баробар, магистр даражасидагилар 2,1 баробар, фалсафа доктори даражасига эгалар эса 3,1 баробар кўп маош олишини исботлади.
Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида 2026 йилга қадар олий таълим билан қамров даражасини 50 фоизга етказиш, таълим сифатини ошириш мақсадида ўнта салоҳиятли олий таълим муассасасининг QS ва TНE халқаро рейтингларига киришини таъминлаш режалаштирилган.
Тарихга назар ташласак, 1950 йили Буюк Британиядаги ёшларнинг атиги 3-4 фоизи олий таълим олиш имкониятига эга бўлган, ҳозир бу кўрсаткич 50 фоизга етган. Бу рақам Корея Республикасида 94 фоиз, Японияда 81 фоиз, Россияда 79 фоиз, Қозоғистонда 46 фоиз, Хитойда 39 фоизни ташкил қилади.
Юртимизда олий таълимга талаб юқори бўлиб, биргина Россиядаги олий ўқув юртларида Ўзбекистоннинг 50 мингдан ортиқ фуқароси ўқиётгани, дунёнинг бошқа мамлакатларидаги ўзбек талабаларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, бу кўрсаткич 100 мингдан ошишини кўриш мумкин. Давлат тест маркази томонидан 2021/2022 ўқув йили учун рўйхатдан ўтказилган абитуриентлар сони 686,8 минг нафардан ортиқни ташкил қилган.
Хорижий олий таълим муассасаларининг юртимиздаги филиаллари ҳамда чет элга ўқишга кетган талабаларни қўшиб ҳисоблаганда, олий маълумотга талабгорлар сони анча юқори бўлишини кўриш мумкин. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида 2026 йилга қадар юртимизнинг асосий бойлиги бўлган инсон ресурсларини, инсон капиталини шакллантиришга масъул соҳа вакиллари меҳнатини муносиб қадрлаш мақсадида малакали ўқитувчи ва шифокорларнинг ойлик маошини босқичма-босқич минг АҚШ доллари эквивалентига етказиш юртимизнинг илғор давлатлар сафига кириши учун қўйилган ишончли қадамдир.
Мамлакатимизда олий маълумотлиларнинг меҳнат бозоридаги иштироки ва мобиллиги юқори бўлиб, уларнинг фаол ҳаёт даври одатда бошқаларникига қараганда кўпроқ давом этади. Шу боис, олий таълимни ва инновацион ривожланишни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Чунки мамлакат фаровон, адолатли ва барқарор бўлиши олий таълимнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва экологик, интеллектуал инфратузилмага айланишини талаб қилади. Бу келгуси ўн йилликда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун раҳбар, ўқитувчи, тиббиёт ходими, олим, тадқиқотчи ва бошқа кадрларнинг кейинги авлодини тарбиялаш учун масъул таълим масканларидир.
Юртимизда ҳар йили 600 мингдан ортиқ ёшнинг меҳнат бозорига кириб келиши унинг профицитини белгилайди ва аҳолининг иш билан бандлигига кўмаклашиш, янги иш жойлари очиш, халқаро стандартлар асосида касб-ҳунар ва олий маълумот билан таъминлаш масаласини тобора долзарб вазифага айлантиради.
Олий маълумотга эга бўлишнинг юқори даражаси меҳнат бозорида барқарорликни таъминлашга, ишсизлик, ташқи меҳнат миграцияси, норасмий меҳнат билан бандлик, қонунбузарлик ва камбағаллик кўламини (Ўзбекистоннинг камбағаллик кўрсаткичида олий маълумотга эга бўлганлар улуши 6,7 фоизни ташкил қилган) кескин камайтиришда муҳим роль ўйнайди.
Иқтисодиётда жами иш билан банд аҳолининг 18,2 фоизи олий маълумотга эга бўлса-да, иқтисодиётни рақамлаштириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида инновациялар ва АКТнинг кенг, жадал татбиқ этилиши интеллектуал иш ўринлари кенгайишига ва натижада олий маълумотга эга мутахассисларга талаб ошишига сабаб бўлмоқда. Олий таълимга қаратилган ҳар қандай тежамкорлик инсон ва жамият учун улкан салбий оқибатларга олиб келади.
Шунинг учун иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг асосий омили сифатида олий таълимнинг янада инклюзивлигини таъминлаш ҳамда узлуксиз таълимни яратиш ҳисобига барқарор янгиланишлар катализатори сифатидаги парадигмани ўзгартиришимиз лозим. Ўзбекистон Президентининг жорий йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизлар ни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чоратадбирлари тўғрисида”ги фармони хотин-қизларнинг янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёни ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши, гендер тенгликни таъминлаш, хусусан, олий таълим олишига кўмаклашишда жуда катта аҳамиятга эга.
Ушбу ҳужжатга кўра, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, шу жумладан, сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитлари ажратилади. Шунингдек, давлат олий таълим муассасалари магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари давлат бюджетидан қоплаб берилади.
Ҳар йили вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг 150 вакили, етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум талаба хотин-қизларнинг таълим контрактларини маҳаллий бюджет ҳисобидан тўлаб беради. Давлат илмий ташкилотлари ёки олий таълим муассасалари докторантурасига хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратиб бориш, уларнинг бандлиги, тадбиркорлигига кўмаклашиш, касбий кўникмаларини ошириш, уй-жой билан таъминлашга кредит ажратиш, бошқа кўплаб имтиёз ва чора-тадбирлар белгиланган.
Юртимиздаги давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизларга яратилган кенг имконият, имтиёзлар ҳамда уларга қаратилган эътибор аксарият ривожланган давлатлар учун ҳам намунадир. Чунки қайси давлатда аёлга эътибор, ҳурмат юқори бўлса, ўша жамиятнинг тараққиёти, барқарорлиги, фаровонлиги ва келажаги мустаҳкамдир.
Халқимизда фарзандни ўқитиш билан боғлиқ бир ҳикмат бор: ўғил болага берилган таълим бир одамни, қиз болага берилган таълим эса бутун халқни саводли қилади. Олий таълим билан қамраб олиш даражаси, таълим сифатини ошириш орқали инсон капиталини ривожлантириш Ўзбекистоннинг билимга асосланган иқтисодиётни барпо этишида асосий омилдир. Олий таълим муассасалари бутун дунёда нуфузли муассаса ҳисобланиб, билимга асосланган глобал иқтисодиёт учун ўсишнинг асосий двигатели бўлиб хизмат қилади.
Олийгоҳлар янги ғоя, кашфиётлар, жумладан, технологик тараққиёт манбаси сифатида тараққиёт катализатори вазифасини ўтайди. Инсон капитали ривожланиши аҳоли турмуш даражаси ўсишига катта таъсир этувчи, мамлакат тараққиётини белгилаб берувчи энг муҳим кўрсаткичлардандир. Халқаро таққослаш амалиётида ҳар йили инсон капиталининг миқдорий параметрларини ўз ичига олган Инсон тараққиёти индекси ҳисоблаб чиқилади.
АҚШлик олим, иқтисодиёт йўналиши бўйича Нобель мукофотини олган Р.Лукаснинг фикрича, миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигининг асосий кўрсаткичи сифатида меҳнат унумдорлигини ошириш, биринчи навбатда, жисмоний капиталга эмас, балки инсонга йўналтирилган инвестициялар билан боғлиқ.
Шахсга инвестиция киритиш билим, тажриба, ишлаб чиқариш ва бошқарув кўникмаларини алмашиш, шунингдек, синергик самара яратиб, олий таълим ва маданият стандартларини ишлаб чиқиш орқали ходимнинг ва бошқаларнинг ҳам иш самарадорлигини оширади. Олий таълим битирувчиларни нафақат карьера учун имконият излашда зарур билим ва кўникма билан таъминлайди, балки ҳозирги тез ва шиддатли ўзгараётган шароитда асосланган қарорлар қабул қилиш, уларнинг оқибатини тушуниб етишда ҳал қилувчи роль ўйнайди. Шунингдек, билимга асосланган иқтисодиётни қуриш орқали ривожланиш имконини беради.
Ҳозир бутун дунёда иқтисодиёт ва иш берувчилар ўрта таълимдан кейинги таълимда олинадиган кўникма ва компетенцияларга тобора кўпроқ эътибор қаратяпти. Бу мамлакатларга глобал даражада иқтисодий афзалликларни тақдим этиб, уларни янада рақобатбардош қилмоқда. Олий таълим инсон капитали компетенцияси билан боғлиқ равишда иқтисодиётга қўшимча тарзда тадқиқот ва ривожланиш деб номланувчи келажак учун зарур бўлган билимларни яратишда муҳим роль ўйнайди.
Олий таълим муассасалари мамлакатдаги илмий тадқиқот кўламини белгиловчи асосий омил бўлиб, илмий ишланмаларга йўналтирилган сармояларнинг рентабеллик даражаси 80 фоизни ташкил қилмоқда. Ўқитишни тадқиқот ва эмпирик билимлар билан уйғунлаштириш талабаларни фан бўйича зарур билимлар, шунингдек, таҳлилий, ижодий кўникмалар, танқидий фикрлаш билан қуроллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Шунга монанд таълим сифати ўзгаришлар суръатига мос ҳолда зарур билим, кўникмаларни беришга қодир бўлиши керак.
Шу билан бирга, олий таълим соҳасидаги муаммоларни тан олган ҳолда, уларни ҳал этиш ҳамда креатив, тизимли фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган, рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш, ўқитиш сифатини халқаро стандартларга мослаш, олий таълим муассасаларининг илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграциясини таъминлаш мақсадида қатор чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ.
Жумладан, инсон ва жамиятни трансформацияловчи, мамлакат фаровонлигини таъминловчи асосий институтлар сифатида олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, лабораториялар, зарур ускуналар билан таъминлаш ҳамда фаолиятига тегишли бўлмаган ишларга жалб қилмаслик зарур.
Иккинчидан, академик ва молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасалари фаолиятини, таълим сифати ва стандартини халқаро рейтингдаги нуфузини оширишга қаратилган аниқ натижаларга уйғунлаштириш ва шу мақсадда “йўл харитаси” ишлаб чиқиш зарурати мавжуд.
Учинчидан, олий таълим муассасаларининг рейтинги, биринчи навбатда, талабаларга замонавий билим берувчи, фанга қизиқтирувчи профессорўқитувчиларнинг касбий маҳорати, тажрибаси, малакасига боғлиқлигини ҳисобга олиб, фаолиятини самарадорлик кўрсаткичлари — KPI асосида баҳолаш ва моддий рағбатлантириш давр талабидир.
Тўртинчидан, фан дастурларини иқтисодиёт ва илм-фандаги ўзгаришлар асосида мунтазам янгилаб бориш, нуфузли олий таълим муассасаларида ихтисослашган илмий-тадқиқот институтлари очиш ва уларнинг йирик ишлаб чиқариш корхоналари билан манфаатли ҳамкорлигини ўрнатиш ҳамда университетларни инновациялар масканига айлантириш даркор.
Янги Ўзбекистонда олий таълим инсон капиталини ривожлантириш, меҳнат бозорида рақобатбардош инсон ресурсларини тайёрлаш, жамиятни демократлаштириш, ижтимоий тенгликни таъминлаш, илмий салоҳият ва аҳоли фаровонлигини ошириш, билимга асосланган иқтисодиётни шакллантириш омилига айланмоқда. Таълим, хусусан, олий таълим тизимини халқаро стандартларга мослаш ва ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар мамлакат тараққиётига қаратилган ислоҳотларнинг ажралмас қисми сифатида юрт фаровонлигига хизмат қилади.