Тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, вилоят ва туман сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев кириш сўзи билан очиб берди.


Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев барчани янги мактабгача таълим ташкилоти ишга тушгани муносабати билан қутлар экан, тарбиянинг негизи бўлган мактабгача таълим ташкилотларини замон талаблари даражасида юқори савияда ташкил этиш, зарур анжомлар, малакали кадрлар билан таъминлаш етук, баркамол келажак авлодни тарбиялашда муҳим омил эканлигини таъкидлаб ўтди.


Янги қурилган мактабгача таълим ташкилотида гуруҳ ва санитария-гигиена хоналари, тиббиёт хонаси, мусиқа зали, алоҳида ошхона, умумий овқатланиш зали, ўйин майдончалари, ёзги айвончалар, мини футбол майдончаси ҳамда сузиш ҳавзаси барпо этилган.


Шу билан бир қаторда, Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ҳомийлик ёрдамида болалар ёшига мос бўлган ўйинлар ва ўйинчоқлар тўпламлари, машғулотлар ўтказиш учун зарур кўргазма, тарқатма ва дидактик материаллар, замонавий мебель жиҳозлари, маиший техника, ошхона жиҳозлари билан таъминланди.


Мактабгача ёшдаги болаларнинг жисмоний, ақлий, когнитив ва шахсий ривожланиши учун барча шароитлар мавжуд бўлган ушбу ташкилотга 100 нафар болалар қабул қилиниб, белгиланган давлат талаблари ва дастур асосида, малакали мутахассислар томонидан таълим-тарбия берилади.

Мактабгача таълим ташкилотининг ташкил этилиши "Янги Ўзбекистон" маҳалласига кўчиб келган мирзаободликлар қувончига сабаб бўлди.
– Давлатимиз томонидан ёшлар тарбиясига катта эътибор берилаётганидан мамнунмиз, – дейди меҳнат фахрийси Махфират Жўрақулова. – Сардоба сув тошқини юз бергунига қадар маҳалламизда боғчалар йўқ эди. Мавжудлари эса узоқлиги туфайли набираларимни боғчага беролмаганим армон эди, энди набираларим замонавий муассасада тарбияланадиган бўлди. Бу ердаги жажжиларимиз учун яратилган шароитларни кўриб ҳавас қилдим. Шундай кунларга етганимизга шукр қиламан.

Замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган ушбу мактабгача таълим ташкилотида яратилган шароитлардан кенг фойдаланган ҳолда болаларнинг ёши, қизиқиши ҳамда қобилиятидан келиб чиқиб, спорт, мусиқа, тил ўргатиш, расм тўгараклари йўлга қўйилиб, болажонларнинг иқтидорини янада ривожлантиришга эришилади.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати