Барча соҳа бўйича жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлашга интилаётган янги Ўзбекистон бугун инсон капиталини ривожлантириш, ҳаммага сифатли таълим олиш учун тенг шароит яратиш, илм ва инновацияга асосланган иқтисодий тараққиёт моделини қуришда ҳам илдам одимламоқда.

Рақобатбардош ва инновацион иқтисодиётни қуриш учун эса аҳоли ёш қатламининг меҳнат бозори учун зарур бўлган кўникма ва компетенцияларини шакллантириш зарур. Шу билан бирга, бугунги глобаллашув шароитида ўзбек ёшларининг халқаро меҳнат ва таълим бозоридаги эркин мобиллигини ҳамда олий таълим ташкилотларининг халқаро рақобатбардошлигини таъминлаш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Бу эса бир томондан таълим сифатини ошириш ва тан олиш тизимини такомиллаштиришни талаб қилса, иккинчи тарафдан талабалар, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчиларнинг академик мобиллик имкониятини кенгайтириш ва хорижий таълимни тан олиш бўйича халқаро ҳуқуқий-норматив доираларга қўшилишини тақозо этмоқда.

Шу йил Испаниянинг Барселона шаҳрида 130 дан ортиқ давлатдан юқори даражадаги вакиллар, хусусан, 30 дан зиёд вазир, 800 дан ортиқ олий таълим муассасаси раҳбарлари ва халқаро ташкилотлардан меҳмонлар иштирокида ўтказилган ЮНEСКОнинг III Жаҳон олий таълим анжуманида соҳанинг келгуси ўн йилликдаги истиқболига доир долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Конференциянинг асосий мақсади олий таълимда илғор хорижий тажрибаларни оммалаштириш, амалий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасидаги “Таълим — 2030” кун тартибига киритилган “Йўл харитаси”ни амалга оширишдан иборат бўлди.

Тадбирлар кун тартибидан олий таълимда мобилликни ривожлантириш, соҳада глобал ҳамкорликни жадаллаштириш ва халқаро кўп томонлама конвенцияларга қўшилиш орқали мобилликка халал берувчи турли тўсиқларни олиб ташлаш, COVID-19 пандемиясининг ўқитиш тизимига таъсири, Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда олий таълимнинг ўрни, инклюзивлиги, ўқув дастурларининг сифати ва долзарблиги, таълимнинг мазкур босқичида академик мобиллик каби масалалар ўрин олди.

Хусусан, сайёрамиз ва инсониятнинг барқарор ривожланиши учун олий таълим ғоялари ва амалиётини ўзгартириш ҳамда олий таълим бўйича 2030 йилгача умумий йўл харитасини яратиш  бўйича глобал суҳбат бўлиб ўтди. Олий таълимни барқарор ривожлантириш каби глобал ва маҳаллий чақириқларга қандай мослаштириш мумкинлиги кун тартибидаги асосий масалалардан бўлди. Жумладан, халқаро мобилликни қўллаб-қувватлаш ва олий таълим муассасаларини ҳаёт давомида таълим бериш ҳамда ушбу жараёнларни мувофиқлаштирадиган муассасаларга айлантириш муҳим масалалар қаторидан ўрин олди.

Анжуман доирасида мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, академик алмашинув дастурлари, тадқиқотларни ривожлантириш, илмий ҳамкорлик лойиҳаларини йўлга қўйиш, минтақавий муаммоларни ҳал қилишда университетлар фаоллигини ошириш, олий таълим ҳужжатларининг халқаро миқёсда тан олинишидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича ЮНEСКО, Жаҳон банки ва Барселона университети вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди.

2018 йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг Францияга ташрифи мобайнида ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле билан учрашувидан сўнг мамлакатимиз билан мазкур ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик ҳар томонлама кенгайди ва мустаҳкамланди. Барселонага сафар давомида юртимиз делегацияси аъзолари ЮНEСКОнинг таълим бўйича бош директори ўринбосари Стефания Жанини билан музокаралар ўтказди.

Стефания Жанини хоним Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва қаратилаётган юксак эътиборни юқори баҳолади. Бу янгиланишларни қўллаб-қувватлашини ва мазкур йўналишда юртимизга кўмакка тайёрлигини маълум қилди. Хусусан, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда мамлакатимиз Марказий Осиё минтақасида етакчилик қилаётганини ва ушбу тажрибани оммалаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида мактабгача таълимдаги қамровни ҳозирги 67 фоиздан камида 80 фоизга, шу жумладан, 2026 йилгача 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлов тизимига қамраб олиш кўрсаткичини 100 фоизга етказиш каби стратегик мақсадлар белгилангани ЮНЕСКО томонидан алоҳида эътироф этилди. Мамлакатимизда мактабгача таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар юқори баҳоланиб, Ўзбекистон ташаббуси билан 2022 йилнинг ноябрь ойида Тошкентда ЮНЕСКО кўмагида илк ёшдаги болаларга таълим-тарбия бериш бўйича II Жаҳон конференцияси ўтказишга келишилди.

Шунингдек, мартабали хоним сўнгги йилларда Ўзбекистонда олий таълим тизимининг халқаро тажриба асосида трансформация қилиниши натижасида мамлакатимизнинг Токио ва Умумжаҳон конвенцияларига қўшилиши бўйича зарур шарт-шароитлар яратилганини эътироф этди. Ушбу конвенцияларга қўшилиш олий таълим соҳасида халқаро ҳамжамият билан интеграцияни янада кучайтиришини ва таълим сифатини янада оширишга хизмат қилишини қайд этди. Бу борада ЮНEСКО техник ва молиявий кўмак кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди.

Тез ўзгарувчан иқтисодиёт

Бугун ривожланган мамлакатлар ўз иқтисодиётида турли инновацияларни қўллаб-қувватлаш, муҳим соҳаларга инвестицияларни жалб қилиш ҳамда инсон капиталини ривожлантириш учун тадқиқот ва ривожланиш йўналишига алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳозир Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 2000 йилга нисбатан 50 фоиз ўсиб, 14 миллиондан 22 миллионга етди.

Бу жараёнда ёшларнинг улуши йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Ушбу демографик ўзгаришлар, бир томондан, ёшлар учун муносиб иш ўринлари яратишни талаб қилаётган бўлса, бошқа томондан, таълим тизимидан меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган, керакли кўникма ва компетенцияларга эга кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни талаб қилмоқда. Шу боис, таълим тизими олдида иккита муҳим вазифа турибди.

Биринчидан, энг катта бойлигимиз — инсон капиталини шакллантириш ва меҳнат бозоридаги мобиллигини таъминлаш. Айнан меҳнатга лаёқатли аҳолига ҳаёт давомида таълим олиш имкониятини яратиб, меҳнат бозорига мослашувчанлигини ошириб бориш керак.

Иккинчидан, формал таълим тизими орқали ёшларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллаши ва муваффақиятга эришиши учун зарур кўникма ва компетенцияларни шакллантириш. ЮНEСКО маълумотларига кўра, бугун дунё ялпи ички маҳсулотининг тадқиқот ва ишланмаларга йўналтирилган ҳажми 2010 йилдаги 1,61 фоиздан 2018 йилда 1,73 фоизга ўсган. Бироқ мазкур рақамлар Марказий Осиё мисолида 0,15 фоиздан 0,125 фоизга камайганини кўришимиз мумкин.

Анжуманда ҳозирги глобал чақириқларнинг олий таълим тизимига таъсири ва уларга олий таълимнинг жавоби муҳокама қилинди. Хусусан, тез ўзгариб бораётган иқтисодиёт контексти, янги иш усуллари, технологик ўзгаришлар, демографик тенденциялар, оммавий истеъмол, ортиб бораётган ҳаракатчанлик ва миграция, ижтимоий ва экологик таҳдидлар ҳамда низоларнинг турли шаклларининг олий таълимга таъсири бўйича фикр алмашилди.

Шунингдек, рақамли инқилобга, жумладан, сунъий интеллектнинг пайдо бўлиши, интернет орқали ўқитиш ва таълим олиш тараққиётига, ҳаёт ва ишнинг барча жабҳаларини ўзгартираётган катта маълумотлар соҳасидаги ишланмаларга алоҳида эътибор қаратилди. Сафар давомида ЮНEСКОнинг ҳаёт давомида таълим тизимлари департаменти директори Б.Чакрун билан Ўзбекистонда меҳнат бозори учун иқтисодиётнинг долзарб соҳаларида зарур кўникмаларга эга бўлган ишчи ва ўрта бўғин касблар бўйича мутахассислар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди.

Европа Иттифоқи молиявий кўмагида ЮНEСКО томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида иш билан таъминлаш учун кўникмаларни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида 8,5 миллион евро миқдоридаги маблағни айнан  Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиш эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда мақсадли йўналтириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Шунингдек, профессионал таълимга доир ўқув дастурлари ва дарсликлар яратиш, уларни рақамлаштириш, соҳа учун педагоглар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини оширишда ЮНEСКОнинг таълим ресурсларидан бепул фойдаланиш юзасидан биргаликда бажариладиган ишлар белгилаб олинди.

Масофавий таълим истиқболи

Сўнгги йилларда дунёда олий таълимга қамров кўрсаткичи тобора ошиб бораётир. ЮНEСКО маълумотларига таянсак, олий таълим муассасаларига қабул қилинганлар дунё бўйича 2000 йилдаги 18 фоиздан 2020 йилда 40 фоизга етган бўлса, Марказий Осиё минтақасида ушбу рақам ўтган 20 йилликда 22 фоиздан 35 фоизга ўсган. Айниқса, мамлакатимизда салмоқли ўсиш кузатилди. Хусусан, сўнгги беш йилда ўзбек ёшларининг олий таълимга қамрови даражаси 3 баробар ошди.

Таълим хизматлари бозорида хорижий ва нодавлат таълим хизматлари вакилларининг иштироки кенгайди: олий таълим муассасалари сони 2,4 баробар, нодавлат ОТМлар сони 8,5 баробар кўпайди. Олий таълимга қамров ошар экан, кун тартибида турган долзарб масала ўқитиш сифатини таъминлаш бўлиб қолади. Анжуманда COVID-19 пандемиясининг олий таълимга кўрсатган таъсирига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Онлайн ўқитишга мажбурий ўтиш олий таълим тизимида катта ўзгаришларни келтириб чиқарди. Ўз навбатида, янги ўқитиш ва таълим олиш усулларини ишлаб чиқишни талаб қилди. Шунингдек, айрим жойларда кенг полосали алоқа ёки WI-FI, компьютер ёки ҳатто электр энергиясидан фойдаланиш имкони бўлмагани туфайли тенгсизлик кучайди. Юртимизда ҳам пандемия даврида илк маротаба олий таълим масофавий кўринишда ташкил қилинди.

Ўқитишни ушбу кўринишда ташкил қилиш бўйича улкан тажриба тўпланди. Бу борадаги ютуқ ва камчиликларимиз маълум бўлди. Жорий йилда илк маротаба давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган қабул режасида баъзи йўналишлар бўйича масофавий таълим учун квоталар ажратилмоқда. Олдимизда турган устувор вазифа мамлакатимизда олий таълим тизимида масофавий ўқитиш шаклини жорий этишни тартибга солувчи ҳуқуқий-меъёрий ҳужжат тайёрлаш ва тасдиқлаш учун ҳукуматга киритишдир.

Бу борада масофавий таълим бўйича узоқ йиллик илғор тажрибага эга мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш жуда муҳим. Олий таълим муассасаларимиз юртимиздаги IT марказлар ва соҳанинг етакчи мутахассисларини жалб қилган ҳолда мустақил таълим беришга мўлжалланган таълим платформаларини видеодарслар, виртуал лабораториялар ва интерактив дарслар билан бойитиш чораларини кўриши лозим.

Бу ишларни йўлга қўймай туриб масофавий таълим орқали амалий кўникмага эга малакали кадр тайёрлаш имконсиз. Анжуман давомида юртимиз делегацияси томонидан Жаҳон банки маслаҳатчиси М.Гарциа ва олий таълимни рақамлаштириш бўйича йирик компаниялар Moodle, Blackboard, Huawei вакиллари билан Ўзбекистонда олий таълимни рақамли трансформация қилиш бўйича музокаралар ўтказилди. Хусусан, М.Гарциа ЮНEСКО билан ҳамкорликда Coursera, Edx, Udacity очиқ онлайн курс платформалари ва Массачусетс технология институти тажрибасидан кенг фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда масофавий ўқитиш технологиялари асосида сифатли олий таълимга қамровни кенгайтириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини маълум қилди.

Талабалар мобиллигини ошириш — зарурат

Дунёда олий таълим муассасаларининг вазифаси тубдан ўзгармоқда. Энди улар тўрт йил ўқитиб, диплом берадиган ёпиқ экотизимдан индивиднинг жамиятда социализацияни амалга оширадиган, меҳнат бозорида зарур кўникмаларни шакллантириш билан бир қаторда уни фаол фуқарога, давлатнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшадиган шахсга айлантирадиган, ҳамкорликка асосланган очиқ экотизимга айланмоқда.

ЮНEСКО маълумотларига кўра, бугун дунё бўйлаб олий таълимда 235 миллион талаба бор. Сўнгги йигирма йилда улар сони икки баробардан кўпроққа ошган. Келгуси ўн йилда эса яна икки баробар кўпаяди. Шу боис, энди олий таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва унинг сифатини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга бўлади. Дунё бўйлаб олти миллион талаба чет элда таҳсил олади ва бу рақам 2025 йилга бориб саккиз миллионга етиши кутилмоқда.

2015 йилда ўзбекистонлик 28 минг ёш хорижда таълим олган бўлса, бугун улар сони 53 минг нафарга етди. Сўнгги йилларда юртимизда таълим олаётган хорижлик талабалар сони бир неча баробар ошган, бироқ миллионлаб туристларни жалб қилаётган, ажойиб табиати ва меҳмондўст халқига эга мамлакатимиз учун бу кўрсаткич жуда кам. Мисол учун, 2016-2017 ўқув йилида юртимизда 603 нафар хорижлик талаба олий маълумот олган бўлса, жорий ўқув йилида улар сони 5140 нафарга етди.

Юртимиз олий таълим муассасаларини киритиш мақсад қилинаётган нуфузли халқаро рейтингларда ҳам хорижий талабалар улушига алоҳида эътибор қаратилади. Олий таълим муассасаларимизда ушбу йўналишда қилиниши лозим бўлган ишлар кўп. Хусусан, маҳаллий олийгоҳларнинг веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида чет тиллардаги, хусусан, инглиз тилидаги маълумот ва янгиликлар етарли эмас. Университетларимизда хорижий талабалар сони камлиги сабабини чуқур таҳлил қилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этишимиз зарур. Хусусан, миллий олий таълим ташкилотларимизда таълим сифати ошиши, халқаро ҳамжамият билан интеграция кучайтирилиши, хорижий тилларда дарс бера оладиган профессор-ўқитувчилар кўпайиши ва мамлакатимизда олинган дипломларнинг хорижда тан олиниши учун зарур чоралар кўрилиши лозим.

Шунингдек, мобилликни қўллаб-қувватлаш учун халқаро асос керак. Бу нафақат талабалар учун академик бойлик, балки билим алмашиш ва ўзаро тушуниш учун рағбатдир. Сафар давомида Барселона ва Пампео Фабра университетлари, Массачусетс технология институти раҳбарияти билан қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим дастурларини такомиллаштириш ва академик мобилликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди ҳамда ҳамкорлик механизмлари келишилди.

Диплом ва малакани тан олиш тизими: янгича ёндашув ва дадил одимлар

Сўнгги йилларда халқаро тажриба асосида хорижий таълимни тан олиш жараёни соддалаштирилди. Нострификация амалиётидан воз кечилиб, тан олиш амалиёти жорий этилди. Хорижий олий таълим квалификацияларини тан олиш муддати 30 кундан 10 кунга қисқартирилди. Жараён рақамлаштирилиб, давлат хизматлари орқали амалга ошириш йўлга қўйилди.

Таълим сифати халқаро даражада эътироф этилган 8000 дан зиёд хорижий олий таълим муассасасининг дипломларини тўғридан-тўғри тан олиш амалиёти жорий этилди. Болонья жараёнига қўшилиш бўйича ҳам муҳим қадамлар ташланди. Жумладан, олий таълимда кредит-модуль тизими жорий этилди. Таълим сифатини таъминлаш жараёни Европа таълим сифатини таъминлаш стандартлари ва йўриқномалари асосида такомиллаштирилмоқда.

Шу билан бирга, академик мобиллик имкониятини янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистонда хорижий квалификацияларни тан олиш бўйича халқаро ҳуқуқий майдонга қўшилиш борасида ҳам қатор ишлар бажарилмоқда. Хусусан, ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Олий таълим соҳасида малакаларни тан олиш Осиё-Тинч океани минтақавий конвенцияси (Токио конвенцияси) ва Умумжаҳон конвенциясига қўшилиш чоралари кўрилмоқда. “Йўл харитаси” асосида Токио конвенциясига қўшилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ҳозир охирги инстанцияда келишилмоқда.

Ўзбекистонда Токио ва Умумжаҳон конвенцияларига қўшилиш бўйича сўнгги икки йилда барча зарур шарт-шароит яратилди. Биринчидан, норматив-ҳуқуқий база энг илғор халқаро тажрибалар асосида такомиллаштирилди. Хусусан, 2020 йилда “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди. У ҳаёт давомида таълим, катталар таълими, инклюзив таълим, “формал, ноформал ва информал” таълим каби масалалар билан бойитилди. Хорижий таълимни тан олиш бўйича 2019 йилда Президентимиз ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди.

Иккинчидан, ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳузурида Миллий ахборот маркази фаолияти йўлга қўйилди. Ўзбек таълим тизими тўғрисида етарли ва тушунарли маълумот бериш имконияти яратилди. Миллий ахборот марказининг nic.tdi.uz веб платформаси ишга туширилиб, ҳозир ушбу платформа Осиё-Тинч океани минтақаси миллий ахборот марказлари тармоғига уланмоқда. Бу ўқитиш сифати ва олий таълимга доир малакаларни тан олиш бўйича ахборот алмашинувини кенгайтириш орқали аъзо давлатлар фуқароларининг мобиллигини янада осонлаштиради.

Учинчидан, чет эл дипломини тан олиш амалиётига Токио конвенциясининг асосий тамойиллари жорий этилди. Хусусан, адолатли тан олиш, кескин фарқлар бўлмаганда тан олиш, таълим натижалари асосида тан олиш, тан олишда шаффофлик ва адолат таъминланди. Тўртинчидан, таълим тизими халқ аро стандартларга уйғунлаштирилмоқда. Европа кредит-модуль тизими, хорижий таълим дастурлари, икки босқичли олий таълим, Европа намунасидаги диплом ва унинг иловалари, таълим сифатини таъминлаш тизимининг Европа таълим сифатини таъминлаш йўриқномалари асосида такомиллаштирилиши шулар жумласидан.

Хулоса ўрнида

Мамлакатимиз олий таълим тизими ҳозир муҳим босқичда. Ислоҳотлардан куч олиб, ривожланишнинг янги даврига қадам қўймоқда. Бироқ бу биздан тарихий воқеликнинг томошабини эмас, фаол иштирокчиси бўлишни, эртамиз эгаларининг келажаги учун зарур ҳаётий вазифани бажаришни талаб этмоқда. Зотан, бугун қўядиган қадамимиз, қиладиган ишимиз инсон капиталини ривожлантириш, янги давр кадрларини тайёрловчи кучли ўқитиш ва касбга сифатли тайёрлаш тизимини барпо этишга қаратилмоғи шарт.

Бу йўл биздан юксак масъулият ва вазифамизга изчил ёндашувни талаб этаётир. Олдимизда турган вазифа аниқ-равшан: сифатли олий таълим орқали Янги Ренессанс пойдеворини бунёд этишга ҳисса қўшиш. Шундай экан, куч ва имкониятларимизни бирлаштириб, мақсад муштараклигига эришсак, халқимиз ҳам, фарзандларимиз ҳам биздан рози бўлади.