Мақсад – Янги Ўзбекистоннинг 2022—2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасини муҳокама қилиш, ватандошлар, шу жумладан, ёшлар, экспертлар, академик доира вакиллари, тадбиркорлар, меҳнат мигрантларини Ўзбекистонни ривожлантиришга жалб этиш ва уларни рағбатлантириш чораларини кўриш.
Таъкидланганидек, бугунги кунда дунёнинг турли нуқталарида таълим олаётган, меҳнат фаолиятини юритаётган, хизмат сафарларида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари талайгина. Улар билан ўзаро алоқа ўрнатиш, бирлаштириш мақсадида «Ватандошлар» жамоат фонди, Ўзбекистон ёшлари ассоциацияси ташкил этилган. Давлат раҳбари ҳам хорижга расмий ташрифлари мобайнида имкон қадар ватандошларимиз билан учрашиб, улар билан суҳбатлашиб келяпти. Институциявий нуқтаи назардан, Ўзбекистонда қатор хорижий давлатлар билан, шунингдек, Қонунчилик палатаси ҳузурида ҳам 52 та давлат парламентлари билан дўстлик гуруҳлари тузилган.
Хабар қилинганидек, «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» тамойили асосида аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш, иқтисод тармоқларини трансформация қилиш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш борасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаб олиш мақсадида Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳани айни кунларда regulation.gov.uz, jamoatchilik.uz ва 2022-2026.strategy.uz электрон платформалари орқали кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш давом этмоқда.
Умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш мақсадида хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан доимий ва самарали алоқалар ўрнатиш кўзда тутилган. Мулоқотда хориждаги ватандошларни Ўзбекистон ҳудудида тадбиркорлик, инвестициявий, илмий, маърифий ва маданий фаолият билан шуғулланишга фаол жалб қилиш, ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмаларни қўллаб-қувватлаш жиҳатлари муҳокама қилинди. Хорижда яшовчи ватандошларнинг муаммоларини ўрганиш, тизимли асосда таҳлил қилиб бориш ва уларнинг ечими юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди. Жумладан, консуллик хизматларини кўрсатиш жараёнларини соддалаштириш, чет элларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларга ёрдам бериш, хорижда ўзбек тилини, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган фаолиятни қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистоннинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш борасида фикр алмашинди.
Айни пайтда меҳнат муҳожирлари бўлиб турган мамлакат ҳудудида дуч келаётган муаммолар ҳам мулоқот иштирокчилари эътиборидан четда қолмади. Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, элчихона билан яқин алоқа ўрнатиш масалаларида ижобий ўзгаришлар қилиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Тадбирда иштирокчилар давлат ва жамият қурилишини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиёт, суд-ҳуқуқ тизимини, ижтимоий соҳани либераллаштириш, прагматик ташқи сиёсат юритиш бўйича ҳам ўз фикр ва таклифларини билдирди.
Мазкур мулоқот «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳамда «Ватандошлар» жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил этилди, деб хабар беради «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.