“Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Қонуни шулар жумласидандир. Президентимиз ушбу Қонунни имзолади.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 22 апрелдаги “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгилаб берилган вазифалар мазкур Қонунда ўз аксини топган.
Қонун билан шу вақтга қадар амалда бўлган “прописка” сўзи олиб ташланди. Сабаби, у маънавий эскирган атама бўлиб, “тўсқинлик қилувчи”, “бир жойга боғланиш”, “эркинликни чекловчи” каби тушунчаларни келтириб чиқараётган эди. Эндиликда “доимий прописка” деган сўзлар “яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” сўзларига алмаштирилди.
Яна бир жиҳат, фуқаролар биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини нафақат ўзи яшаб турган, балки эгалигида бўлган бошқа уй-жой майдонига доимий рўйхатга қўйиш имконияти яратилди.
Бундан ташқари, эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда, “прописка”ни йўқотиш бўйича қоида бекор қилинган. Эндиликда эр-хотинга никоҳдан ўтган куннинг ўзида яшаш жойи бўйича доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқини беради. Бу эса оила деган муқаддас қўрғоннинг мустаҳкамланишига яна бир ҳуқуқий асос бўлди.
Шу билан бирга, лавозим бўйича республиканинг бошқа ҳудудларига ишлаш учун кетиб, доимий рўйхатдан чиққанларга қайтадан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий рўйхатга олиш имконияти берилди. Бу эса, ўз навбатида, барча ҳудудларнинг бирдек ривожланишига яхши самара беради, десак муболаға эмас.
Яна бир жиҳат, Олий Мажлис палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси томонидан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқаролар ҳамда давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар, тор ихтисосликдаги мутахассислар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари белгиланган тартибда доимий прописка қилингандан сўнг, улар бошқа ишга ўтиши ёки лавозимдан озод этилиши яшаш жойи бўйича доимий рўйхатдан чиқарилишга олиб келишига оид қоида чиқариб ташланган.
Шу билан бирга, мазкур Қонунга янги банд ҳам киритилди. Унга кўра, давлат ҳокимияти органларида, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ҳамда бошқа давлат ташкилотларида узлуксиз беш йил ва ундан ортиқ бўлган давр мобайнида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ходимлар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг маълумотномасига кўра, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига доимий рўйхатга туриш имкони берилди.
Мухтасар қилиб айтганда, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши йиллар давомида қийналиб келаётган кўплаб юртдошларимиз оилаларига хурсандчилик олиб кириши билан бир қаторда уларнинг эркин кўчиб юриш соҳасидаги ҳуқуқларини яна бир бор мустаҳкамлайди.
Фарҳод БОҚИЕВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси