Сўнгги бир неча йил давомида, тарих нуқтаи назаридан ўта қисқа вақт мобайнида дунё янги кўринишдаги Ўзбекистон вужудга келганини эътироф этмоқда. Аввал совет тоталитар тузумининг сақланиб қолган охирги оролчаларидан бири сифатида таърифланган, инсоният тараққиёти шоҳкўчаларидан четда қолиб, иложи борича ўзгаришлар, чинакам ислоҳотлардан воз кечиб, ривожланишнинг “ўзининг алоҳида модели” сифатида паллеатив ярим чораларни танлаган давлат бирданига дунёдаги ислоҳотларнинг етакчиларидан бирига айланди. Халқаро миқёсда батамом ўзга қиёфага эга бўлган Ўзбекистон пайдо бўлди. Мамлакатнинг жаҳондаги обрўси ва таъсири мисли кўрилмаган даражада кўтарилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган дадил ўзгаришлар жамиятимиз, давлатимиз ривожланишининг янги мафкураси, ўзгача парадигмасини белгилади.
Кўп йиллар мобайнида мамлакат ривожига хос бўлган сусткашлик, турғунлик, кўндаланг турган вазифаларни бажармасдан, уларни пайсалга солиш, муаммолар ва зиддиятларни беркитиш сиёсатига барҳам берилди. Меъдага теккан “босқичма-босқич, аста-секин” деган гаплар унутилиб, бугун жадаллик билан чуқур ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жамиятда янги муҳит яратилди. Илгари деярли бўлмаган ижтимоий, сиёсий ҳаёт пайдо бўлди, оммавий ахборот воситалари жонланди, фуқаролик жамияти фаоллашмоқда.
Энг муҳими, одамлар ўз эркинлиги ва ҳуқуқларини англамоқда, уларда дахлдорлик ҳисси ва жамият тақдири учун масъулият ошмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” даъваткор ғоясини илгари сурди. Бунда ниҳоятда чуқур маъно бор. Миллий тикланиш, ўзлигимизни англаш, миллий давлатчилигимизнинг асосларини қайтадан барпо этиш босқичи тугади. Энди Ўзбекистонни ўз тарихий, цивилизацион ўрнини янгидан тиклаш, ўзбек халқининг генетик инсоний салоҳиятига монанд тараққиёт даражасини таъминлаш, учинчи Ренессанс барқ уриш даври келди.
Бу фақатгина шиор ёки умумий даъват эмас. Унинг аниқ йўналишлари, муайян дастурлари мавжуд. Биринчи навбатда, биз тарихга назар ташлаб, илгариги Ренессанслар сабоқларидан хулоса чиқариб, ҳаракатларимизни замонамиз талаблари, давр императивлари билан уйғунлаштирмоғимиз лозим.
Аввалги иккита Ренессанс даврида ўлкамиз дунё мамлакатлари орасида ривожланишнинг энг юқори чўққисига чиқди. Сиёсий, ҳарбий, иқтисодий, илмий салоҳият бобида ўша йилларда ҳеч бир бошқа мамлакат ўлкамизга тенглаша олмас эди.
Манбаларга қараганда, биринчи Ренессанс даври, яъни 9-10 асрларда Самарқандда зарб этилган дирҳам тангаси бутун Европа ва Яқин Шарқ мамлакатларида муомалада бўлган пул маблағларининг учдан бирини ташкил этган. Ҳаттоки скандинавиялик викинглар ҳам ўз улушларини дирҳамларга алмаштиришга ҳаракат қилган. Яъни айнан Самарқанд дирҳами ўша пайтда кучли қийматга эга, умумэътироф этилган халқаро айирбошлов воситаси, халқаро валюта функциясини бажарган. Бунда ўша давлатнинг мавқеи, салоҳияти, унга бўлган ишонч, унинг иқтисодий салоҳияти ва қуввати намоён эди.
Табиийки, бугун биз учун муҳим савол — ўша даврдаги залворли ютуқлар заминида нима ётган? Қайси омиллар Марказий Осиё Ренессанслари вужудга келишини таъминлади? Уларнинг тугашига нима сабаб бўлди?
Биринчидан, инсоният кўрган барча Ренессансларга — Европа, Ислом, Марказий Осиёдаги уйғониш даврларининг барчасига бирдек хос бўлган хусусият антропоцентризмдир. Уларнинг барчасида фан, таълим ва маданият гуманистик ғояларга таяниб, авваламбор, дунёвий характерга, рационал мазмунга эга бўлган. Илмий изланиш, маданият ва санъат ижоди марказида ҳазрати инсон, унинг ҳаёти ва фаолияти, фикр ва ҳиссиётлар, умид ва истаклар, муаммо ва зиддиятлар гавдаланган. Бундан хулоса шуки, Ренессанс инсон эҳтиёжлари, эркинликлари ва ҳуқуқларини таъминлашдан бошланади.
Бежиз эмаски, сўнгги тўрт йил мобайнида бу соҳага мамлакатимизда алоҳида эътибор берилмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия изчил амалга оширилмоқда. Диний эркинликни таъминлашга қаратилган қатор ҳуқуқий ва институционал чоралар кўрилди. Суд-ҳуқуқ тизимида инсонпарварлик жараёни илдиз отмоқда. Энди у фақатгина жазолаш эмас, балки, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш муассасасига айланмоқда. Мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларини тугатиш бўйича амалий натижаларга эришилди.
Гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда. Янги парламентимизда аёл депутатлар сони икки баробар кўпайди. Коррупцияга қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилди. Октябрь ойида эса мамлакатимиз миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий органларидан бири бўлган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга аъзо бўлди.
Иккинчидан, Марказий Осиёдаги биринчи Ренессанс маърифатпарварлик, диний қадриятлар гуллаган даврга тўғри келади. Ўша пайтда фан ва санъатнинг мислсиз юксалиши бу юртда билим, маърифатга юксак эътибор муҳити қарор топгани билан боғлиқ.
“Алақ” сурасида ҳар бир мусулмонга илмга тинмай интилиш буюрилган. Унинг биринчи оятларидаёқ қуйидаги сўзлар нозил: “Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз инсониятга қаламни ўргатган ўта карамли зотдир!”.
Ислом динининг бундай эзгу ўгитларидан озиқланган илм-маърифатга интилиш қадриятлари бугун жамиятимизда янада янгича маъно-мазмун касб этмоқда. Китобга бўлган иштиёқ қайта тикланмоқда. “Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан бошланади” ғояси асосида таълим тизими тубдан ислоҳ қилинмоқда. Педагог ходимларнинг иш ҳақи сўнгги тўрт йил мобайнида бир-ярим баробар ортди, 15 минг эркак ўқитувчи мактабга қайтди. Жамиятда ўқитувчи мақоми ва обрўсини юксалтириш мақсадида аниқ чоралар кўрилмоқда.
Мактаблар замонавийлаштирилмоқда. Уларнинг қарийб 6 минги ўта тез интернетга уланди. Замон талабига монанд, табиий фанларга ихтисослашган мактаблар сони кўпаймоқда. Фақатгина шу йилнинг ўзида математик йўналишда 56 та ва кимё-биологик йўналишда 27 та мактаб барпо этилди. Келгуси йили 82 та информация-коммуникация мактаби очилади.
Таълим тизими диверсификациялашмоқда: уч йил мобайнида хусусий мактаблар сони 6 баробар ортди.
Учинчидан, Марказий Осиёда маърифат даври пайдо бўлиши жамиятда юқори иқтидорли, илмга интилган, эркин фикр юритувчи ва давлат томонидан эъзозланган ҳамда рағбатланган шахслар мужассамлангани билан боғлиқ.
Фан, инновация ҳар бир Ренессанснинг пойдеворидир.
Бугунги дунёда рақобат тобора кескин тус олмоқда. Тўртинчи саноат инқилоби даврида рақобатбардош бўлиш фақат замонавий илм-фан ва инновация ютуқларини кенг жорий этиш билан боғлиқ.
Инновация — бу бугун хоҳишга боғлиқ ихтиёрий қарор эмас. Бу — зарурият, давр талаби, мамлакат, жамиятнинг тақдирини ҳал қилувчи, ҳаёт-мамот масаласидир.
Сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда 43 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 125 тага етди. Бу йил олий ўқув юртларига кириш учун бир ярим миллионга яқин ёш ҳужжат топширди. Бу кўрсаткич ўтган йилдагига нисбатан 40 фоиз кўпдир.
Миллий давлатчилигимиз ва ўзлигимиз тимсоли бўлган она тилимизни ривожлантириш, уни тўлақонли замонавий фан ва олий таълим тилига айлантириш бу борада энг муҳим йўналиш бўлиб қолади.
Ўз даврида Марказий Осиёда фаннинг гуллаши шаҳар цивилизациясидан келиб чиққан. Юнон жуғрофи Страбон эрамизнинг биринчи асрида минтақани “1 минг шаҳар ўлкаси” деб таърифлагани маълум.
Бежиз эмаски, Ўзбекистонда урбанизация дастури ҳукумат фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан биридир.
Илмий изланишларнинг самарадорлиги фаннинг амалиётга яқинлиги билан боғлиқ. Минтақа кўпгина тадқиқотчилар томонидан “гидравлик цивилизация” сифатида таърифланган ва ҳаётий эҳтиёжларнинг ўзи, яъни мураккаб сув иншоотларини қуриш ва уларни ишлатиш билан боғлиқ муаммолар қатор табиий фанлар ривожини таъминлаган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон олимлари фундаментал фан ва унинг натижаларини амалиётга татбиқ этиш борасида бир қатор ютуқларни қўлга киритмоқдалар.
Тўртинчидан, биринчи ва иккинчи Ренессанслар жамиятда эркин фикр юритиш маҳсули бўлган. Яратилган бетакрор илмий ва маданий дурдона асарлар айнан жўшқин интеллектуал ҳаёт натижасидир.
Ибн Сино, Беруний ва бошқа мутазилитлар илмий ҳамжамият олдида энг қалтис саволлар беришдан ҳайиқмаган. Улар довюраклик билан ақидапараст, аксилрационал оқимлар вакиллари билан очиқ баҳс қила билган ва шунинг эвазига илм чўққиларини забт этган.
Уйғониш даври, Ренессанс — фикр монополиясига зид. У ғоялар хилма-хиллигини талаб қилади.
Бугун жамиятимизда тобора эркинлаштириш, сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик ва ошкоралик тамойиллари илдиз отмоқда. Бу ортга қайтмас тус олганини яна бир бор таъкидламоқчиман.
Оммавий ахборот воситалари ҳукумат фаолияти ҳақида аҳолини хабардор қилиш ва айни вақтда унга халқ фикри, орзу-умидлари, норозилигини етказиш, ҳокимият шаффофлигини таъминлашда тобора фаол роль ўйнамоқда. Бу ҳам давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, ҳам жамият барқарор ривожининг омилидир.
Бешинчидан, Ренессанс, уйғониш даври ҳақида гапирар эканмиз, унинг ҳал қилувчи омилларидан бири — бу дунёга очиқлик ва ташқи алоқаларнинг кенг қамровлигидир.
Аввалги Ренессанслар йирик макроминтақада муштарак маданий, гуманитар макон вужудга келгани билан изоҳланади. Минтақамизга азал-азалдан хос бўлган доимий халқаро мулоқот, маданий алмашинув халқимизда ўзига хос менталитет шаклланишига сабаб бўлди. Унинг белгилари сифатида бағрикенглик, ксенофобия ва диний фанатизм деярли йўқлиги, ўзга маданият, дунёқараш ва янгиликларга очиқликни кўрсатиш мумкин.
Бундан ташқари, узоқ масофали савдо Марказий Осиёнинг юксалишида ва гуллаб-яшнашида катта роль ўйнаган. Буюк ипак йўли нафақат товарлар, балки маданият, ғоя, илмий кашфиётлар айирбошлаш воситаси бўлган. Мана шундай халқаро савдо бўғини сифатидаги мавқенинг йўқотилиши кейинги ўрта асрларда Ўзбекистон ҳудудининг қолоқ бир юртга айланишига сабаб эди.
Бугун янгиланган Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати айнан очиқлик руҳида ва ташқи алоқаларни барча йўналишларда — Ғарбу Шарқ, Жанубу Шимол йўналишида бирдек ривожлантиришга қаратилгани бежиз эмас.
БМТнинг 75-Бош Ассамблеясида сўзга чиқиб, Ўзбекистон лидери минтақамизнинг кўҳна ва бой маданий мероси глобал аҳамиятга эга эканини қайд этиб, келаси йил ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзуида халқаро форум ўтказиш таклифини киритди.
Олтинчидан, тарих шуни исботлайдики, жамият тараққиёти, илм ва фан ривожи мамлакатдаги сиёсий муҳит, давлат раҳбарининг сиёсий иродаси, дунёқараши, ёндашуви ва шахсий позициясига боғлиқ.
Охирги йиллар мобайнида Ўзбекистон раҳбари дунёда энг нуфузли давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан янги формациядаги ва катта обрў қозонган арбоб сифатида тан олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатида асосий сиёсий платформаси ва бош мақсади Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантириш ва бунга жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эришишдир.
Бу эса Ўзбекистоннинг мавқеини кўтариш, миллий мақсадларимизни илгари суришнинг энг муҳим омилидир.
Хулоса шуки, Ўзбекистонда бугун жадаллик билан кечаётган ана шундай ислоҳотлар, жамиятдаги янгиланишлар мамлакатда кезаётган уйғониш руҳидан далолатдир. Учинчи Ренессанс узоқ истиқбол масаласи эмас. У бугун, ушбу онда жамиятимиз, унинг ҳар бир жабҳасида муттасил етилиб келаётган реал воқеликдир. Ишончимиз комилки, юртимизда бошланган бу янгиланишлар изчил давом этади ва халқимиз орзу қилган буюк давлат, фаровон келажак барпо этишда мустаҳкам пойдевор бўлади.
Содиқ САФОЕВ,
Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари