Ишбилармонлик муҳитини яхшилашда солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш ва қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни либераллаштириш муҳим ўрин тутади. Шу боис мамлакатимизда кейинги пайтда бу борада адолатли, шаффоф ва узоққа мўлжалланган тизимни яратишга қаратилган ислоҳотлар амалга ошириб келиняпти. Бунинг натижасида бутунлай янги солик маъмурчилиги юзага келди. Тадбиркорлар бунинг амалий таъсири ва натижасини аввалгидай чиройли сўзларда эмас, балки ўзларининг кундалик фаолиятида ҳис этяпти.
Солиқлар тури қисқариши ва улар ставкасининг пасайиши
— Биринчи навбатда, солиқлар тури 16 тадан 9 тага, назорат шакллари 13 тадан 2 тага қисқартирилди, — дейди Давлат солиқ қўмитаси департаменти директори Йигитали Нарзиев. — Шу билан бирга, яқингача тадбиркорларга оғир юк бўлиб келган Пенсия, Мактаб ва Йўл жамгармаларига 3,2 фоизли йиғимлар бекор қилинди. Бюджетдан ташқари жамғармаларга мазкур йиғимларни бекор қилиш ҳисобидан 7 мингга яқин корхоналар ҳар йили ўртача 6 триллион сўм солиқ тўлашдан озод бўлди. Демакки, шунча маблағ ўзларида қолади.
Шунингдек, мол-мулк, даромад ва ижтимоий солиқлар ставкалари 2 баробар камайтирилди. Буни аниқ мисоллар орқали ифодалайдиган бўлсак, транспорт соҳасида солиқ юки – 3 баробар, озиқ-овқат саноатида – 2 баробар, тўқимачилик ва электр техникаси саноатида эса, 20 фоизгача камайди.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 26 сентябрда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбилари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, қўшилган қиймат солиғи ставкаси амалдаги 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилган эди. Бу – 100 минг тадбиркор ихтиёрида 10 триллион сўм маблағ қолганлигини кўрсатади.
Шу ўринда яна бир масалага аниқлик киритиш зарур бўлади. Яъни, ўтган йили янги Солиқ кодекси амалга киритилганидан кейин 23 та махсус иқтисодий зона иштирокчилари аввалги имтиёзларимиз сақланиб қоладими ёки йўқми, деган савол билан Президентимизга ҳам мурожаат қилишган эди.
Очиқ мулоқотда ушбу саволга берилган жавобга кўра, 2020 йил февраль ойида “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонун қабул қилингунга қадар иқтисодий зоналарда рўйхатдан ўтган тадбиркорларга берилган имтиёзлар сақлаб қолинишига кафолат берилди. Амалдаги қонунга биноан, ушбу тадбиркорлар инвестиция миқдоридан келиб чиқиб, мол-мулк, ер ва сув солиқларидан 10 йилгача озод қилинган. Эндиликда ушбу имтиёзларга фойда солиғи ҳам қўшилади ва корхоналар ихтиёрида йилига қарийб 300 миллиард сўм маблағ қоладиган бўлди.
— Қўшилган қиймат солиғининг узлуксиз занжирини яратишга қаратилган ишлар сабабли махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига қўшилган қиймат солиғининг ортиқча қисмини 7 кун ичида қайтариб бериш тартиби ҳам жорий қилинмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ботирбек Тўразода. — Бундай тартиб тадбиркорларга бир йилда ўртача 350 миллиард сўм қўшилган қиймат солиғини қисқа муддатда қайтариб олиш ва айланма маблағларини кўпайтириш имкониятини беради.
Четдан олиб келинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини 120 кун давомида бўлиб-бўлиб тўлашда тадбиркорларга фоиз ҳисобланмаслиги ва гаров талаб этилмаслиги минглаб тадбиркорларни илҳомлантириб юборди, ҳаракатга келтирди. Бугунги кунда 5 мингга яқин тадбиркорлик субъектларининг ташқи савдо операциялари бўйича дебитор қарздорлиги мавжуд бўлса, пандемия сабабли ушбу тадбиркорларга жарима солиш ва ҳозирги пайтгача қўлланган 6 триллион сўмлик жарималарни ундириш жорий йил якунига қадар тўхтатилади
Солиқ маъмурчилигига доир ушбу чоралар ҳам ҳали ёдимиздан кўтарилмаган бўлса керак. Пандемиядан кўпроқ зарар кўрган тармоқларга ижтимоий солиқ 12 фоиздан 1 фоизга пасайтирилиб, мол-мулк ва ер солиқлари тўловларидан буткул воз кечилди. Бу эса, тадбиркорларга ихтиёрида қолган 2 триллион сўм маблағни бизнес фаолиятига сарфлаш имконини яратди.
Камерал солиқ текшируви
Давр шиддат билан ўзгариб боряпти. Юқорида амалга оширилган кенг кўламли ишларга қарамай, иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш солиқ маъмурчилигини соддалаштиришни, солиқ идораларининг назорат функцияларини такомиллаштириш бўйича жиддий чоралар кўришни кун тартибига қўяяпти. Хусусан, камерал солиқ текшируви борасида ҳам.
Энг аввало, ҳаммамизга ойдин бўлиши учун ушбу назоратниинг мазмун-моҳияти хусусида мухтасар тушунчага эга бўлиш фойдадан холи бўлмаса керак.
— Камерал сўзи лотинча бўлиб, уйда маъносини англатади, — дейди Жиззах вилоят ДСБ камерал солиқ текшируви бўлими бошлиғи ўринбосари Ҳусниддин Муродов. — Шундан келиб чиққан ҳолда, камерал назорат ўрганилаётган объектда эмас, балки солиқ органи идорасида, ахборот технологиялари ёрдамида ўтказилади. У самарадорлиги ва аниқлиги билан ҳужжатли текширишлардан қолишмайди. Бунда давлат солиқ органлари мавжуд ва бошқа ташқи маълумотларни таҳлил қилади, тадбиркор фаолиятига баҳо берилади.
Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида камерал назорат солиқ назорат шакли сифатида эмас, балки солиқ текширув тури сифатида киритилган ва уни қандай ўтказиш тартиби ҳам аниқ белгилаб берилган. Текширув давомида тафовутлар ёки хатолар аниқланса, солиқ органи томонидан солиқ тўловчига уни мустақил равишда бартараф этилиши юзасидан талабнома юборилади. Унда аниқланган хатолик ва тафовутлар солиқ ва бухгалтерия ҳисоби қонун ҳужжатлари асосида аниқ ва тушунарли тарзда акс эттирилади.
— Таҳлилларга кўра, ҳозирги вақтда 228 мингта кичик тадбиркорларда бухгалтер йўқ, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ботирбек Тўразода. — Оқибатда солиқ ҳисоботларини камчиликлар билан топширган 32 мингга яқин тадбиркорга молиявий жарима солинган. Ҳисоботларни кечиктириб топшириш билан боғлиқ молиявий санкцияларни қўллаш тартиби тўлиқ бекор қилиняпти. Солиқ идоралари қўллаётган айрим жарималар сони ва миқдорининг ортгани ҳам тадбиркорларни хавотирга солмоқда. Ўтган йили камерал назорати натижасида 336 та корхонага 51 миллиард сўм молиявий жарима қўлланган бўлса, жорий йилнинг 6 ойида 3 мингдан зиёд тадбиркорларга 900 миллиард сўмдан ортиқ жарима белгиланган.
Президентимизнинг шу йил 7 сентябрдаги “Солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2022 йил 1 январдан бошлаб камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар қўлланилмайди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун молиявий санкциялар бекор қилинади.
Давлат солиқ қўмитасининг 2022 йил январь – июль ойларида эксперимент тариқасида Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармасида ҳисобда турган солиқ тўловчиларнинг қўшилган қиймат, акциз, айланмадан олинадиган ва юридик шахслардан олинадиган ер солиқлари бўйича ҳисоботларининг солиқ органлари томонидан ҳисоблаб чиқарилиши ва шакллантириб берилиши тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватланди.
Ҳужжатга мувофиқ, эксперимент доирасида солиқ органлари юридик шахслардан олинадиган ер солиғини – Кадастр агентлиги органлари маълумотлари асосида, қўшилган қиймат, акциз ва айланмадан олинадиган солиқларни – электрон ҳисобварақ-фактура ва онлайн назорат-касса техникаси маълумотлари ҳамда солиқ органларида мавжуд бошқа маълумотлар асосида ҳисоблаб чиқаради ва ҳисоботини шакллантиради
— Солиқ тўловчилар ушбу ҳисоботларни ўзларидаги маълумотлар асосида солиштирган ҳолда, тасдиқлашлари ёки эътирозлари мавжуд бўлса рад этиб, уларни ўзлари қайта шакллантирган ҳолда, идораларимизга тақдим этишлари мумкин бўлади, — дейди Давлат солиқ қўмитаси департаменти директори Йигитали Нарзиев.—Ушбу тартиб келгусида республикамизнинг барча ҳудудларидаги солиқ тўловчиларга татбиқ этилиши белгиланган.
Ҳужжатда Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 январга қадар солиқ тўловчиларга қўшилган қиймат, акциз ва айланмадан олинадиган солиқларни ҳисоблаш учун зарур бўлган солиқ солиш объектларини электрон ҳисобварақ-фактураларда акс эттириш имкониятларини яратиши ҳам назарда тутилмоқда.
Солиқлар аслида давлатнинг мустаҳкам бюджетини шакллантиришга қаратилган тушумлар манбаи ҳисобланиб, ҳудудларни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришга қайта йўналтирилади. Мазкур фармон эса, юқорида қайд этилганидек, солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликни либераллаштириш орқали ишбилармонлик муҳитини яхшилашда муҳим ўрин тутади.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири