Жиноят процессида ҳимоя ҳуқуқини таъминлашга доир ислоҳотлар давом эттирилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28-январьдаги “2022— 2026- йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сон Фармонида мустаҳкамланган.

Мазкур ҳужжатга 1-илова сифатида 2022—2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тасдиқланиб, амалга оширилиши кутилаётган 19-мақсад адвокатура институтининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг малакали ҳуқуқий хизматларга бўлган талабини тўлиқ қондириш вазифасини бажариш белгиланган.

Мақсадни рўёбга чиқариш учун адвокатура институтини тўлақонли ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказиш, Адвокатлар палатаси бошқарув органларининг адвокатлар ҳамжамияти олдидаги ҳисобдорлигини кучайтириш, тизимга ёш малакали кадрларни жалб қилиш, адвокатлар малакасини ошириш тизимининг замонавий ва самарали механизмлари ва институционал асосларини шакллантириш вазифалари белгиланган.

Мақсадда адвокатлик фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали ортиқча бюрократия ва қоғозбозликка чек қўйиш, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари билан электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш ҳам назарда тутилади.

Янги таҳрирдаги Конституцияда адвокатларнинг ҳуқуқий мақоми алоҳида мустаҳкамланиб, адвокатура институти ҳақида алоҳида бобдаги 141 ва 142-моддаларда белгилаб қўйилди.

Бош қомусимизнинг 142-моддасига кўра, адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги, адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан монеликсиз ва холи учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланиши, адвокат, унинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлиши ва қонун билан муҳофаза қилиниши белгилаб қўйилди.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 142-моддаси талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-67-сон Фармонига асосан жиноят процессида ҳимоячининг мақомини кучайтириш мақсадида, унга қуйидаги қўшимча ҳуқуқ ва ваколатлар берилди:

суриштирув ва дастлабки терговда ҳимоячи томонидан исталган вақтда жиноят ишини қўзғатиш ва тугатиш ҳақидаги қарорлардан нусха олиш;

кўрсатмаларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш (депонирование) учун судга тўғридан-тўғри илтимоснома киритиш;

терговга қадар текширув ўтказилаётган шахсларга малакали юридик ёрдамдан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатлаш мақсадида терговга қадар текширув жараёнида ҳимоячи мақомида иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-67-сон Фармонига асосан Янги таҳрирдаги Конституция 142-моддаси талабларидан келиб чиқиб, жиноят процессида ҳимоячининг мақомини кучайтириш мақсадида, уларга қуйидаги қўшимча ҳуқуқ ва ваколатлар берилмоқда:

суриштирув ва дастлабки терговда ҳимоячи томонидан исталган вақтда жиноят ишини қўзғатиш ва тугатиш ҳақидаги қарорлардан нусха олиш;

кўрсатмаларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш (депонирование) учун судга тўғридан-тўғри илтимоснома киритиш;

терговга қадар текширув ўтказилаётган шахсларга малакали юридик ёрдамдан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатлаш мақсадида терговга қадар текширув жараёнида ҳимоячи мақомида иштирок этиш;

иш бўйича шартнома асосида суд экспертизалари ўтказилишини ва зарур билимга эга мутахассислар жалб қилинишини ташкиллаштириш;

жиноят иши бўйича маълумотларга эга шахсларни сўровдан ўтказишда уларнинг розилиги билан махсус техника воситаларидан фойдаланиш каби қатор қўшимча ҳуқуқлар берилиши назарда тутилмоқда.

Ушбу Фармонда Адлия вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ҳимоячининг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтиришни, адвокат ёрдамчиси сифатида иш фаолиятини олиб бориш тартибини такомиллаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини белгиланган тартибда киритиш вазифаси ҳам юклатилган.

Адвокатларга мазкур ҳуқуқларни берилиши жиноят процессида уларнинг ҳуқуқларини кенгайтирган ҳолда жиноят судларида ҳам тортишув институти тамойилининг тўлақонли амалга оширилиши ҳамда ҳимояси остидаги шахсларни тўлиқ ҳимоя қилишига қўшимча замин яратилиши орқали одил судловни таъминлашга асос бўлиб хизмат қилади.

Маълумот учун, 2022 йилнинг 3 август куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги ЎРҚ–786-сон Қонуни қабул қилинди.

Қонунга мувофиқ, адвокатлар касбий фаолиятини амалга ошириш давомида яна бир қанча ҳуқуқларга эга бўлди.

Жумладан, иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритилаётганда (жиноят иши юритилувидан бошқа ҳолатларда) ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида ёки суд муҳокамаси жараёнида давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан шартнома асосида ишонч билдирувчи шахс розилиги билан экспертиза ўтказилишини сўраш, шунингдек, экспертиза хулосаси иш материалларига қўшиб қўйилишини ва суд томонидан ушбу хулоса ишдаги мавжуд далиллар билан биргаликда баҳоланишини талаб қилиш ҳуқуқи шулар жумласидан.

Бугунги кунда мазкур ҳуқуқларни (жиноят ишидан бошқа ҳолатларда) адвокатларга берилганлигига бир йил муддат бўлмаган бўлсада, бу ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда.

Адвокат томонидан тайинланадиган суд экспертизанинг афзаллиги шундаки, бунда адвокат шахсан ҳал этилиши лозим деб топган саволларни экспертлар олдига қўйиш ва ушбу саволлар асосида хулоса олиш имкониятига эга бўлади. Бу эса, судда, айнан жиноят судларида ҳам тортишув институти тамойилининг тўлақонли амалга оширилиши ҳамда янада қўшимча далилларни ортиши орқали одил судловни таъминлашга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлашда адвокатнинг ролини кучайтиришга асос бўлиб хизмат қилади.

Мақсудали Бозоров, 

Тошкент Давлат юридик университети ўқитувчиси