Фильм қаҳрамони Шоҳруҳ шахматни тушунмайдиган, табиатан бўшанг бола. Бироқ ўтмишдан келган бобоси уни қўллаб-қувватлайди. Унга қадимий шатранж ўйинини ўргатади. Айнан мана шу ўйинлар асносида ўтмишдаги воқеалар гавдаланади.

Ўтмиш ва замонамизни туташтирувчи бу воқеаларда эрк ва адолат йўлидаги курашлар ҳам акс этиб, унда инсон заковати ҳар қандай қўшиндан устунлиги намоён бўлади. Яъни, шатранж ўйинидаги баҳсда мағлуб бўлган золим шоҳ Қоражон ғолиб чолнинг юртини ишғол қилмасликка ваъда беради.

“Чемпион” фильмида инсон астойдил хоҳласа, ҳар қандай ишни уддалай олиши, ютуқларни қўлга киритиши мумкинлиги акс этади. Зеро, “Ёшликда олган билим тошга ўйилган нақшдир”, деб бежизга айтишмаган. Фильмда ҳар бир бола билимли, ғайратли ва шижоатли бўлиши, бунинг учун синов ва машаққатлардан чўчимаслиги каби ғоялар илгари сурилган.

Фильм сценарий муаллифи Баҳриддин Қўшмонов. Режиссёр Фарҳод Худойбердиев. Тасвирчи Аваз Искандаров. Фильмда бош ролларни Озодбек Ҳайитбоев,  Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадсоли Юсупов, маҳоратли актёрлар Маъруф Отажонов, Фарҳод Худойбердиев, Нурмуҳаммад Абдумаликов, Мирсолиҳ Азизов ва бошқалар ижро этишган.   

Қизиқарли ва қувноқ саргузаштларга бой “Чемпион” фильми премьераси 30 декабрь соат 19.10 да “Болажон” телеканалида  намойиш этилади.

Носир Боймирзаев,

журналист