Бекобод шаҳридаги “Жомий”, “Бунёдкор” ва “Қардошлик 2” маҳаллалари қўшни Тожикистон Республикаси ҳудудида жойлашган анклав ҳудуд ҳисобланади. 3 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилувчи ушбу маҳалла аҳли олиб борилаётган бугунги ислоҳотлардан мамнун. Хусусан, маҳаллий аҳолини кўпдан буён қийнаб келаётган муаммолари бартараф этилмоқда.
Мазкур ҳудуд фуқаролари турли давлат хизматларидан фойдаланиш учун қишнинг совуғи, ёзнинг жазирамасида 15 чақирим йўл босиб чегарадан ўтиб, шаҳар марказига боришларига тўғри келарди.
Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси мутахассислар томонидан ҳудуд “маҳаллабай” тизими орқали ўрганилиб, мавжуд муаммони бартараф этиш чораси кўрилди.
Янги йил байрами арафасида “Жомий” маҳалла фуқаролар йиғини биносида Бекобод шаҳар Давлат хизматлари марказининг “Жомий” филиали аҳолига хизмат кўрсатиш учун ўз эшикларини очди. Энди давлат хизматларига эҳтиёж сезганда овора бўлиб, чегарадан ўтиб шаҳар марказига боришга ҳожат қолмади. 160 дан ортиқ хизматлар шу ернинг ўзида кўрсатилади.
Филиал очилиши маросимида Халқ депутатлари Бекобод шаҳар кенгаши котибияти мудири Улуғбек Абдуназаров барчани байрам билан қутлаб, аҳоли эндиликда шу ернинг ўзида давлат хизматларидан фойдаланиш имконига эга бўлганини алоҳида таъкидлади.
Янги очилган филиал шу куннинг ўзидаёқ 10 га яқин фуқаронинг мушкулини осон, узоғини яқин бўлишига хизмат қилди. Хусусан, Нафиса Отабоева фарзандларини боғчага жойлаштириш, Манзура Ҳолматова турмуш ўртоғининг пенсияси билан боғлиқ масалада мутахассисга мурожаат қилиб, биринчилардан бўлиб филиал хизматидан фойдаланди.
Эндиликда ҳафтанинг пайшанба кунида марказ ходимининг кўмагида “Жомий” ва унга ёндош маҳаллалар аҳолиси давлат хизматларини яшаш ҳудудларидан чиқмаган ҳолда олиш имконига эга бўлди.
Тошкент вилоятида Давлат хизматлари маркази филиаллари сони 9 тага етди. Жорий йил давомида филиаллар томонидан 9 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди.
ДХА Тошкент вилояти бошқармаси
матбуот хизмати