Ушбу регламентга мувофиқ, талабгорлар томонидан тақдим этилган дастлабки 100 та сузиш ҳавзасини қуриш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар қоплаб берилади.

Бунда маблағлар 2026 йил 1 февралдан 2028 йил 1 январгача сузиш ҳавзаларини ташкил этиш харажатларининг 50 фоизигача, лекин 100 млн сўмдан ошмаган қисми учун ажратилади.

Талабгор қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

  • солиқ ва йиғимлар бўйича қарздорлиги бўлмаслиги;
  • қайта ташкил этиш ёки тугатиш жараёнида бўлмаслиги;
  • фаолияти қонунчиликда белгиланган тартибда вақтинча тўхтатилган бўлмаслиги;
  • суд қарори асосида тўловга қобилиятсиз деб эълон қилинган бўлмаслиги.

Талабгор харажатларни қоплаш учун Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали Туризм қўмитасига ариза билан мурожаат қилади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

  • сузиш ҳавзасининг лойиҳа ҳужжатлари нусхаси;
  • сузиш ҳавзасини қуриш ва ишга тушириш учун тузилган пудрат шартномаси нусхаси;
  • шартномага асосан тўлов амалга оширилганини тасдиқловчи электрон ҳужжат нусхалари.

Қўмита харажатларни қоплаш тўғрисида қарор қабул қилган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида маблағлар талабгорнинг ҳисобварағига ўтказиб берилади.