Ушбу регламентга мувофиқ, талабгорлар томонидан тақдим этилган дастлабки 100 та сузиш ҳавзасини қуриш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар қоплаб берилади.
Бунда маблағлар 2026 йил 1 февралдан 2028 йил 1 январгача сузиш ҳавзаларини ташкил этиш харажатларининг 50 фоизигача, лекин 100 млн сўмдан ошмаган қисми учун ажратилади.
Талабгор қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
- солиқ ва йиғимлар бўйича қарздорлиги бўлмаслиги;
- қайта ташкил этиш ёки тугатиш жараёнида бўлмаслиги;
- фаолияти қонунчиликда белгиланган тартибда вақтинча тўхтатилган бўлмаслиги;
- суд қарори асосида тўловга қобилиятсиз деб эълон қилинган бўлмаслиги.
Талабгор харажатларни қоплаш учун Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали Туризм қўмитасига ариза билан мурожаат қилади.
Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
- сузиш ҳавзасининг лойиҳа ҳужжатлари нусхаси;
- сузиш ҳавзасини қуриш ва ишга тушириш учун тузилган пудрат шартномаси нусхаси;
- шартномага асосан тўлов амалга оширилганини тасдиқловчи электрон ҳужжат нусхалари.
Қўмита харажатларни қоплаш тўғрисида қарор қабул қилган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида маблағлар талабгорнинг ҳисобварағига ўтказиб берилади.