Хатлов натижаларига кўра, туманда 1311 та оила «темир дафтар»га, 1393 нафар хотин-қиз «аёллар дафтари»га, 1689 нафар фуқаро «ёшлар дафтари» рўйхатларига киритилган. Бу ҳақда бугун АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида туман ҳокими Ҳаёт Иноғомов маълумот берди.

Матбуот анжуманида туман ҳокими томонидан туманда олиб борилаётган ва режалаштирилган ишлар тўғрисида ахборот берилди.

Янгиҳаёт туманида 2021-2023 йилларда умумий қиймати 8,1 трлн сўм бўлган жами 54 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар доирасида 14 077 та янги иш ўрни яратилади.

Шунингдек, «2021–2023 йилларда Янгиҳаёт туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастури» ва 993 млрд сўмлик лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, бунда Янгиҳаёт туманининг ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда замонавий 78 та объект қуриш чора-тадбирлари Вазирлар Маҳкамасига киритилган.

— 1689 нафар «ёшлар дафтари» га киритилган ёшлар сонининг қисқартириш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз, — дейди Янгиҳаёт туман ҳокими Ҳаёт Иноғомов. Бу борада «йўл харита»лари ишлаб чиқилган. Хусусан, 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида «ёшлар дафтар» рўйхатига киритилган 480 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. Жумладан: 119 нафар ёшлар иш билан таъминланди, 6 нафар ёшлар «1+1» доирасида ишга жойлаштирилди ҳамда 145 нафар ёшлар касб-ҳунарга ўқиш учун йўналтирилди.

Шунингдек, анжуманда шу йилнинг 1 сентябрь санасига қадар мавжуд 30 та маҳаллада аҳоли учун пиёдалар йўлаклари ва вело йўлаклар тўлиқ қуриб битказилиши айтилди. Яна 2021 йил якунига қадар 1600 та янги иш ўринлари яратилиши, 4 та МТТ ва 2 та 1580 ўринли мактаб ишга туширилиши таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, Янгиҳаёт метроси ёнида иш сўраб турувчи турли ёш тоифасидаги инсонларни кунлик иш билан таъминлаш ҳам режалаштирилган ва бу борада режалар тузилмоқда.