Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 апрелдаги “2022-2024 йилларда Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 177-сон қарор дастурига кўра, туманда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Қайд этилишича, Янгиҳаёт туманида жорий йилнинг январ-май ойларида жами 217 та тадбиркорлик субъектлари ташкил этилган. Шундан, 186 таси МЧЖ, 12 таси хусусий корхона ва 19 таси оилавий корхона ҳисобланади. Натижада, туманда тадбиркорлик субъектлари сони 2481 тага етган.
2022-2024 йилларда эса 65 та лойиҳа, жумладан саноатни ривожлантириш бўйича 46 та (2,3 трлн. сўм), хизмат кўрсатишни ривожлантириш бўйича 11 та лойиҳа (1,3 трлн. сўм) ва замонавий уй-жойлар қуришни ривожлантириш бўйича 8 та лойиҳа (6,1 трлн. сўм) амалга оширилиши режалаштирилган. Уларнинг 61 таси жорий йилда ишга тушиши кутилмоқда. Ушбу ислоҳотлар самараси ўлароқ, туманда жами 3003 та янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 февралдаги “Тошкент шаҳрида “Янгиҳаёт” индустриал технопаркини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4979-сон қарорининг ижросига биноан, умумий қиймати 7.2 трлн. сўмга тенг 126 та таклиф лойиҳалар ишлаб чиқилган, – дейди тумани ҳокими ўринбосари – инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Отабек Фозилов. Унга кўра, 18 840 та бўш иш ўринлари яратилиши мўлжалланган. Бундан ташқари, “Янгиҳаёт” индустриал технопарк ҳудудида “ACCORD VISION” МЧЖ томонидан умумий қиймати 70 млрд. сўм бўлган “Сантехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш” лойиҳасини амалга татбиқ этиш кўзда тутилган. Лойиҳани ишга тушириш ишлари 31.12.2024 йилда якунланади ва 50 нафар иш ўринлари яратилиши режа қилинган.
Матбуот анжумани якунида журналистлар ва блогерлар тумандаги инвестиция лойиҳаларга доир ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Шунингдек, тадбир доирасида мутасадди вакиллар таклифига биноан ОАВ вакиллари тумандаги бир қанча корхона ва ташкилотлар фаолияти билан ҳам танишишди. Дастлаб полипропилен қоп маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонасига бориб, иш жараёинлари кўздан кечиришди. Қувонарлиси, 40 млн. дона полипропилен қоп маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ҳозирда 110 нафар фуқарони иш билан таъминлаган. Кейинги манзил эса “Сино профессионал медикал” клиникаси бўлди. 2022 йилдан ўз фаолиятини бошлаган ушбу клиниканинг асосий йўналишлари болалар ва катталар кардиохирургияси, кардиологияси ва травматологияси бўлиб, ҳозирги кунга келиб клиникада юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказиб келинмоқда.