Шу кунларда халқимиз миллий тараққиётимиз асоси бўладиган янги таҳрирдаги Конституциямизни референдум орқали қабул қилиш арафасида турибди. Конституция лойиҳаси элимиз тинч-осойишта яшаши, эзгу ниятлари рўёбга чиқиши кафолатларини ўз ичига қамраб олган муҳим дастуруламал ҳужжатдир.

Унинг ҳаётийлиги эса кўп жиҳатдан юртимизда ҳамда чет элда кенг тарқалган институтлар ҳамда институционал-ҳуқуқий норма ва қоидалар ишлашига боғлиқ. Ўзбекистонда тарихан қисқа давр мобайнида жамият ва давлат ривожланишини тартибга солувчи институтлар ва шунга мос институционал муҳит шакллантирилди. Уларнинг асосини халқимиз турмуш тарзини, урф-одатларини, диний эътиқодларини ҳисобга олувчи Конституциямиз, қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ташкил қилади.

Бу жамиятда давлат ва бизнесни бошқаришга, мулкчилик, ишлаб чиқариш ва тақсимот муносабатларида бозор иқтисодиёти чуқурлашувига, табиий ва меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланишга кучли таъсир кўрсатмоқда. Шу билан бирга, ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида янги Ўзбекистоннинг тараққий этишини таъминловчи институтлар ва уларнинг нормаларини ривожлантириш йўналишида ҳал этилиши лозим бўлган устувор вазифалар ҳам мавжуд.

Институтлар ҳаётнинг янги йўлларини очиб беради

Институтлар ва институционал муҳит давлат ва жамият ҳаётида асосий ўрин тутади. Шу боис, тараққиётга интилаётган ҳар бир давлат ва жамият институтлар фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Бизда ҳам бу борадаги вазифалар ижросига устувор аҳамият берилмоқда. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида институционал нормалар ҳамда механизмларни такомиллаштириш ва янги институтларни жорий қилишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Сўнгги беш йилликдаги ислоҳотлар натижасида янги Ўзбекистонни барпо этиш ва ривожлантиришнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилди. Улар ҳозирги даврда иқтисодий барқарор ривожланишга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолиси 2023 йилда 2000 йилдагига солиштирганда 11,5 миллион кишига кўпайди. Мамлакатда ЯИМ ишлаб чиқариш ҳажми эса шу даврда қарийб 270 баравар ошди.

Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ эса 190 карра ортди. Хорижда ва мамлакатимизда олиб борилган тадқиқотларга кўра, давлат, жамият ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ институтлар ва институционал нормаларнинг ЯИМга таъсири ҳар 10 йил муддатга 4,5-9 фоизга тенг. Шуларни ҳисобга олганда, юртимизда 2022 йилда яратилган 888,3 триллион сўм ЯИМ ҳажмининг қарийб 80 триллион сўми, яъни 9 фоизи институтлар ва институционал нормалар улушига тўғри келади.

Шу билан бир вақтда Тараққиёт стратегиясини амалга оширишнинг 7 устувор йўналишидан иборат бўлган 100 мақсадни бирлаштирувчи расмий қоидалар ва нормаларни ўз ичига олувчи янги институционал муҳитни шакллантирувчи дастур тасдиқланди.

Дастур янги институционал муҳитда Ўзбекистон иқтисодиётининг таркибий ўзгаришларини белгиловчи умумий институционал модел сифатида янгича бошқариш тизими барпо этилишига, ер-сув, меҳнат ва бошқа ресурслардан самарали фойдаланиш билан бирга, иқтисодий муносабатларни тезлаштиришга, тараққиётни янги босқичга олиб чиқиш, иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминланишига шарт-шароитлар яратмоқда. Бу ҳам миллий ЯИМ ҳажми ўсиши ва аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Конституциявий нормалар барқарор инклюзив ўсишни рағбатлантиради

Янги таҳрирдаги Конституциямизга халқимиз эътироф этган ўзаро мутаносиб институционал нормалар ва механизмлар киритилиши тараққиётга ижобий таъсир этувчи омиллар самарадорлигини оширишга, корхона ва ташкилотлар ўртасидаги муносабатлар жадаллашувига олиб келади. Бу инклюзив иқтисодий ўсишга янада кенг шароит яратади, институционал муҳит жозибадорлигини ошириш билан боғлиқ муаммоларни, институционал чекловлар юзага келиши ёки институционал нормалар эскириши жараёнининг олдини олиш имкониятларини кенгайтиради.

Таҳлиллар кўрсатмоқдаки, яқин, ўрта ва узоқ истиқболда барқарор иқтисодий ривожланиш суръатларини сақлаб қолиш ҳамда аҳоли турмуш сифати юксалиб боришига ижобий таъсир этувчи иқтисодий тараққиётнинг янги жиҳатлари намоён бўлишини кўра билиш муҳимдир.

Шуларни ҳисобга олганда, янги таҳрирдаги Конституция институционал муҳит сифатини иқтисодий ривожланишга ҳамда институционал ўзгаришларнинг иқтисодий ўсишга таъсирини баҳолаш ҳамда барқарор иқтисодий тараққиётни рағбатлантирувчи нормаларни такомиллаштириш ва Тараққиёт стратегиясида иқтисодиётнинг ривожланиш нуқталарини топиш ва модернизациялашни кенгайтириш учун имконият яратади.

Шу нуқтаи назардан, янги таҳрирдаги Конституция мавжуд институционал нормалар ва механизмларнинг бир-бири билан ўзаро боғлиқлиги, улар ўртасида юзага келган номутаносибликлар, узилишларни аниқлаш, янги ёки таркибий жиҳатдан такомиллашган институтлар, институционал қоидалар ва механизмларни амалга киритишни таъминлайди.

Янги институт ёки институционал нормалар, қоидаларни тезда амалга киритиш бирдан юз бермайди. Айрим институтлар қанчалик жозибали бўлмасин, уларни амалиётга киритиш ҳамиша ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Чунки бундай ҳаракат ривожланишга тўсиқ бўлиб, мавжуд институционал мутаносибликни бузиши мумкин.

Шу нуқтаи назардан, ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш тамойилига эътибор қилган ҳолда ўзини оқлаган самара келтирувчи институтлар, норма ва механизмлар ривожланишнинг стратегик мақсадларига мувофиқ такомиллаштирилган, янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишни белгилаб берувчи янги институтлар ва нормалар яратилган ва улар янги таҳрирдаги Конституцияда акс этмоқда.

Институционал муҳит жозибадорлигини ошириш йўллари

Янги таҳрирдаги Конституциядан 155 та модда ҳамда 434 та норма ўрин олгани, ушбу ҳужжат доирасида бир-бирига мутаносиб ва жозибали институционал муҳит шакллангани Конституция ишлашига ижобий баҳо бериш мумкинлигини кўрсатади.

Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирдаги Конституциямиз Ҳаракатлар стратегиясидан Тараққиёт стратегиясига ўтишда янги институтлар пайдо бўлиши ва ривожланишини ҳар томонлама рағбатлантириш, иқтисодиёт тармоқлари нуфузини ошириш, ижтимоий соҳани, аҳолини қўллаб-қувватлашни фаоллаштириш ҳамда ҳимоя қилишнинг институционал-ҳуқуқий нормаларининг ҳаётга кенг кириб келишини таъминлайди.

 

 

Бозорбой Беркинов, 

Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори,

Институционал ва иқтисодий тадқиқотлар маркази директори,

иқтисодиёт фанлари доктори