Демократик давлатнинг асосий хусусиятларидан бири, шубҳасиз, унда қонун устуворлигининг таъминланганидир. Бу эса мамлакатнинг асосий қонунлар тўплами — Конституциясида акс этади. Шу кунларда юртдошларимиз тарихий жараён — Ўзбекистон Республикаси Конституциясини янгилаш, яъни, уни инсон манфаатларига чин маънода хизмат қиладиган қўшимча ва ўзгартиришлар билан бойитиш арафасида турибди. Эълон қилинган конституциявий қонун лойиҳаси айни дам кенг муҳокамалар марказида. 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда эса фуқаролар Янги Конституцияни қабул қилиш бўйича овоз бериш жараёнларида иштирок этадилар.
Лойиҳа ишлаб чиқилишидан тортиб, эълон қилингунига қадар бўлган барча жараёнларда, аввало, халқнинг хоҳиш-иродаси, таклифлари инобатга олингани бежиз эмас. Чунки янгиланаётган Конституция ҳар жиҳатдан инсон манфаатларига хизмат қилиши белгиланмоқда. Ушбу сиёсий жараёнда юртимиз аҳолисининг фаол иштирок этаётгани эса уларнинг жамиятимизда вужудга келаётган муаммоларга бефарқ эмаслигининг яққол намунаси десак, янглишмаган бўламиз. Турли соҳа вакиллари, мутахассислар эса ўзгаришларни таҳлилий шарҳлаш асносида кенг жамоатчиликка тушунтириб бормоқда.
Хўш, бугунги давримиздаги долзарб масалалардан бири бўлган сўз эркинлиги, ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқлари ҳамда оммавий ахборот воситалари фаолиятига аралашмаслик, журналистларга қонунга зид муомала қилмаслик, уларнинг ҳуқуқларини тўлиқ кафолатлаш бўйича Конституциямизга қандай қўшимчалар киритилмоқда? Бу борада мутахассислар фикри билан қизиқдик.
Беруний AЛИМОВ,
Филология фанлари доктори:
— Юртимизда кечаётган фаол демократик ислоҳотлар жараёнида Конституцион ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилаётгани қувонарли ҳол. Бош Қомусимизнинг 65 фоизи тубдан янгиланмоқда. Ва бу янгиланишда халқимизнинг таклифларига жиддий эътибор қаратилган. Муҳим жиҳати, юртдошларимизнинг ўзи шу демократик йўлдан бориш тарафдори. Улар демократик давлатимизни тубдан ислоҳ қилиш бўйича керак бўлса, сиёсий майдонга чиқди ва ўзининг фикрларини дадил билдирди.
Таҳлил қиладиган бўлсак, амалдаги Конституцияда кўп масалалар, хусусан, ахборот олиш ва тарқатиш, ахборотдан фойдаланиш ёки журналистик фаолият билан боғлиқ бўладими, айрим саволларга тўлиқ маълумотлар берилмаган эди. Яъни, бу борада эркинлик кафолатланиши айтилганига қарамай, унинг ҳуқуқий асослари, кафолатлари очиб берилмаган. Шу боис, журналистлар ўз фаолиятида кўплаб тўсиқлар, қарама-қаршиликларга дуч келган.
Қолаверса, ҳозирги оммавий ахборот воситалари фаолияти ва бундан 30 йил олдингисининг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Ахборот технологияларининг кескин ривожланиши соҳада янги йўналишлар, ўзига хос ёндашувлар, челленжларни юзага келтирди. Шу билан бирга, олдимизга янги муаммоларни ҳам қўйдики, бу ўзгаришлар янгиланаётган Конституциямизда ўз аксини топмоқда.
Масалан, 15-боб 81-моддада ОАВ фаолиятининг эркинлиги кафолатланмоқда. Унда ОAВ ўз фаолияти давомида барча фаолият турларини эркин амалга оширади, ахборотни эркин излайди, уни ўз йўналишига қараб таҳлил қилади, кейин ўз аудиториясига қараб эркин тарқатади, дейилади. Медиа тадқиқотчи сифатида эътиборимни тортгани, журналистиканинг эркин фаолият олиб боришида давлат гарант, яъни кафолат бериши айтиляпти. Яъни, кафолат берадиган инструмент сифатида давлат ўртага чиқади. Бунда сиёсий маънода ёки образли қилиб айтадиган бўлсак, давлатнинг ричаги жуда кучли ва у журналистикани қўллаб-қувватлайдиган бўлса, соҳамиз бундан ҳам ривожланишига шубҳа йўқ.
82-моддада эса “Цензурага йўл қўйилмайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”, деб белгиланган. Амалдаги Конституцияда ҳам цензурага йўл қўйилмаслиги бўйича модда бор. Аммо амалда ҳар доим ҳам бунинг исботини кўрмадик. Қонуний асослар, ҳуқуқий кафолатлар етарли бўлмаган ёки амал қилмаган жойда сўз керакли кучга эга бўлмайди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, соҳа вакиллари учун бу сўзнинг қонуний асослари муҳимроқ. Янгиланаётган Конституцияда ана шу ҳолат билан боғлиқ вазиятларда жавобгарликнинг қатъий белгиланаётгани боиси ҳам шунда. Яъни, цензурага йўл қўйилмаслик талаби қонуний назоратга олинсагина, соҳа вакиллари чин маънода эмин-эркин ишлай олади.
Умуман, Янги Конституциямиз Янги Ўзбекистоннинг кейинги қадамларини дадил босиб ўтишига асосий замин бўлади, деб ҳисоблайман. Ва ОAВга яратиб берилаётган янги имкониятлар, албатта, ўз мевасини беради.
Даврон МУИТОВ,
Сиёсий фанлар номзоди, доцент:
— Бугун ривожланган давлатларнинг ҳар қандай фуқароси теле-радио каналлар, интернет тармоғи ва бошқа ахборот манбаларидан турли хил ахборотни олиш ҳуқуқи ва имкониятига эга. Ҳаттоки, оммавий ахборот воситалари орқали у ёки бу мамлакатда олиб борилаётган сиёсатга тўғридан-тўғри таъсир қилиш имкониятидан фойдаланиш ҳолатларига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Aлбатта, шундай пайтда у сиёсатнинг муҳим бир элементи сифатида намоён бўлади.
Истиқболда, ОAВ узоқ вақт турли сиёсий мақсадларни илгари суришда муҳим иштирокчи бўлиши кутилмоқда. Бу замонавий сиёсатшунослик олдида маърифатли жамиятга мос келувчи сиёсий маданиятнинг янги мезонларини ишлаб чиқиш вазифасини ҳам долзарблаштиради. Бундай ҳолатда, оммавий ахборот воситалари, айниқса, телевидениенинг сиёсий жараёнларга тўғридан-тўғри таъсир ўтказишини эътиборга олиш муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Aхборотлашган жамиятда хавфсиз интернет муаммоси алоҳида тадқиқ этилиши керак. Зеро, интернет улкан ахборот макони сифатида ахборий жамиятнинг энг замонавий шакли сифатида тан олинмоқда. Бир томондан, интернет замонавий демократлаштиришнинг инновацион омили бўлса, бошқа жиҳатдан, жамият интернет орқали ахборот олиш вақтининг тежалиши билан боғлиқ ўзгаришларни мамнуният билан қабул қила бошлади. Aйниқса, ахборий жамият қуриш бўйича давлат дастурларининг зудлик билан жорий этилиши ахборот олиш даражасини, унга бўлган муносабатни ўзгартирди. Чунки яқин ўтмишимизда аҳолига ахборот узатишни фақат расмий ташкилотлар, ижтимоий-сиёсий институтлар, маҳаллий ва марказий ҳукуматлар ташкиллаштириб, бошқариб келган.
Интернет эса мазкур анъанани ўзгартириб юборди. Бугун интернетда ҳар қандай инсон ахборотни яратиб-бошқариш имкониятига эга. Интерфаол электрон медиалар туркумида порталлар, сайтлар, блоглар ва ижтимоий тармоқлар фаолияти тезлашиб кетди. Aйниқса, ёшларнинг ижтимоий тармоқларга қизиқиш даражаси кундан кунга ошиб бормоқда.
Бу маконда ҳар ким исталган ахборотни тарқата олади ва бунга тўсқинлик қилишнинг имкони йўқ. Янгиланаётган Конституциямизда ҳам ахборот тарқатиш эркинлиги кафолатланган. Хусусан, 33-моддада “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга”, дейилади. Қолаверса, шу модда билан давлат интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиши белгиланмоқда. Демак, мақсад ахборот олиш эркинлигини чеклаш эмас, аксинча, унга шароитлар яратиб бериш, имкониятларни оширишдан иборат.
Умуман, янгиланаётган Бош Қомусимизда ахборотга оид ўзгартириш ва қўшимчалар моҳиятини тўлиқ англаш ахборий саводхонлигимизни ошириш ҳамда ундан ўринли фойдаланишга йўл очади. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, юртимиздаги ҳар бир ислоҳот, аввало, инсон ва унинг манфаатлари учундир.
Равшанбек ХУДОЙБЕРГАНОВ,
Талаба ва ўқувчиларнинг маънавий юксалишига кўмаклашиш маркази директори
(Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 04.04.23 й, 64-сонида эълон қилинди.)