Бу ерда маҳаллий ҳокимлик ва бошқарув органлари, Давлат хизматлари агентлиги, тижорат банклари, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш муассасалари, истироҳат боғи, хотира майдони, кинотеатр, бозор, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, кўп қаватли 30 та уй қурилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси “Журналист ва ҳаёт” лойиҳаси доирасида Ховос шаҳри ва Мирзаобод туманига ташкил этган медиа-турда журналистлар ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, янги ҳаёт бошлаган одамлар билан дилдан суҳбатлашди.
— Кейинги 50 йилда шаҳарчада бирорта ҳам кўп қаватли уй қурилмаган эди. Мана, яқинда 305 та эски хонадон бузилиб, улар янги уйларга кўчирилди, — дейди Ховос тумани ҳокими ўринбосари Санжар Пўлатов. — Аслида бу уйлар мамлакатимиздаги энг арзон кўп қаватли турар жой мажмуаси ҳисобланади. Уларнинг 3 хоналиси 160 миллион сўм, 2 хоналиси 140 миллион сўм бўлиб, 20 йил муддатга кредитга олиш ҳам мумкин.
Янги шаҳарчада Меҳнат ва бандликка кўмаклашиш маркази, Халқ банки, кадастр хизмати, туман электр тармоқлари корхонаси, туман ҳокимлиги бинолари, аҳоли дам олиш маскани, хотира майдони мажмуаси каби қатор объектлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Кўп қаватли уйлар атрофига 29 та тандирхона, 8 та болалар майдончаси қуриб берилди. 2020-2021 ўқув йили арафасида математика фанини чуқур ўргатишга ихтисослашган 350 ўринли замонавий мактабнинг фойдаланишга топширилгани ховосликларнинг дилидаги иш бўлди.
— Илгари Эски Ховосдаги “Дўстлик” маҳалласида яшардик. Уйимиз бузилгач, “Ховос сити”дан 3 хонали хонадон беришди. Шароитлар яхши, иссиқ ва совуқ сув бор, газ, электр таъминотида узилиш йўқ. Рафиқам шаҳарчамиздаги 4-МТТда ишлаяпти, ўзим Ёшлар ишлари агентлиги Ховос тумани бўлими ходимиман, — дейди Сулаймонбек Пўлатов миннатдорлик руҳида.
Кўп қаватли уйлар атрофи кўркам, яшаш учун қулай. Аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туманда 100 мингга яқин аҳоли бўлса, уларнинг 36 мингга яқини Ховос шаҳарчасида яшайди. Аксарияти иш билан таъминланган. Кўп қаватли уйларга кўчиб келган аҳоли янги иш бошлаган қандолатчилик цехи, тикув фабрикасига ишга жойлашган. Жумладан, “Теxtile fashion” корхонаси 200 хотин-қизни иш билан таъминлабди. Бу ерда яна 100 та иш ўрни яратиш режалаштирилган. Асосан, болалар кийимлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхона маҳсулотлари экспортга ҳам чиқарилади.
— Иш бошлаганимга 2 ой бўлди. Ҳали шогирдман. Келиб-кетиш учун йўлкира сарфламаймиз, текин тушлик берилади. Ойига икки миллион сўм маош оламан. Турмуш ўртоғим ҳам ишлайди. Даромадимиз 3 фарзандимизни боқишга, яхши яшашимизга бемалол етиб турибди, — дейди мазкур корхона ишчиси Дилдора Норқулова.
“Ховос сити”да кам таъминланган оилалар учун арзон уй-жойлар лойиҳаси асосида қурилган 2 сотихли 50 та уй ҳам ўз эгаларига топширилган. Бу уйлар вилоятнинг ҳар бир туманидан шароити ўта оғир ва ногиронлиги бўлган оилалардан биттасига берилган. Ховос туманидан эса 21 та эҳтиёжманд оилага тақдим этилган.
— Уч фарзандим билан 5 йил дала шийпонида, 10 йил ижара уйларда яшадик, — дейди Сафаргул Исмоилова. — Турмуш ўртоғим ногирон бўлишига қарамай, Қозоғистонга ишлаш учун кетган эди. Афсуски, ўша ерда вафот этди. Ҳукумат ёрдами билан дафн этдик. Ўтган йили Президентимиз Ховосга келганида шароитларимизни ўрганиб, уй, иш билан таъминлаш ҳақида топшириқ берган эди. Худога шукур, кўп ўтмай ҳеч қандай тўловсиз 3 хонали уй ажратилди. Тикув машинаси совға қилишди. Ҳозир касаначилик билан шуғулланяпман. Бу йил шартнома асосида пахта териб, салкам олти миллион сўм даромад қилдик. Шу пулга помидор ва бодринг етиштириш учун ҳовлимизда иссиқхона қурдик. Иссиқхонамиздан фойдаланишни бошласак, турмушимиз янада яхшиланади.
— Янги кўчиб келган оилаларга кириб, шароитлари, қизиқишларини ўрганяпмиз. Куни кеча 3 та оилага тикув машинаси бердик. Улар уйда ногирон фарзанди, турмуш ўртоғи борлиги сабабли бирор корхонага бориб ишлай олмайди. Шунинг учун уйдаги ҳаракати билан оила харажатларини қоплаб туради, — дейди “Бунёдкор” маҳалласи раиси Баҳодир Толипов.
Шу маҳаллада кўчма асфальт-бетон заводи қурилиши ҳам якунланибди. Замонавий завод 1 соатда 120 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга, 12 киши иш билан таъминланган.
Маълум бўлишича, бугунги кунда Эски Ховос шаҳарчасида 78 та икки қаватли уй таъмирланиб, атрофида ободонлаштириш ишлари бажарилган. Туман маркази кўчалари, янги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг кириш ва ички йўлакларига асфалт ётқизилган. Болалар майдончаси барпо этишга, ичимлик сув таъминотини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Умуман олганда, карантин шароитида ҳам туманда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни камайтириш, кам таъминланган оилалани қўллаб-қувватлаш ва бошқа ижтимоий-маиший соҳалардаги масалалар ҳам доимий назорат.
Бу каби бунёдкорлик ишлари Мирзаобод туманида янгидан қад ростлаган “Янги Ўзбекистон” маҳалласида ҳам авжида. Ўзгаришлар кўзни қувнатади.
Сардоба тошқини натижасида Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 4 минг 710 хонадонга зарар етган ва 2 минг 499 таси таъмирталаб бўлиб қолган эди. Жумладан, Мирзаобод туманининг “Навбаҳор”, “Барлос”, “Ҳақиқат” маҳаллалари ҳудуди ҳам тошқиндан жиддий зарар кўрди. Бугун бу маҳаллалар талафот кўрганига биров ишонмайди. Сабаби, 5 ой давомида муҳташам уйлар қурилди. Зарар кўрган жойлар таъмирдан чиқди.
“Янги Ўзбекистон” маҳалласидаги 12 гектар майдонда беш қаватли, 800 хонадондан иборат 40 та уй қурилди. Сув тошқинидан зарар кўрган хонадонлар ерлари, ҳовлилар сақлаб қолинди. Ҳар бир хонадонга 40 миллион сўм товон пули, уй-жиҳозлари учун 10 миллион сўмдан маблағ ажратилди.
— Тошқин бўлгач, ҳеч нарса олмасдан уйни тарк этдик. 3 фарзандим билан “Ҳақиқат” маҳалласидаги чайлада яшаб турдик. Биздан ташқари яна 12 оила ҳам чайлада кун кечирди. Ҳукуматимиз, юртдошларимиз ёрдамини аямади, озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон бериб турди. Турмуш ўртоғим ногирон, 78 ёшли қайнонам бор. Сув босган уйимизга қайтиб келганимизда вайрон ҳолатда эди. Эски уйимиз ҳам ўзимизга қолди. Насиб қилса у ерда чорвачилик билан шуғулланмоқчимиз. Янги уйимиздаги шароитларни кўриб, жуда хурсанд бўлдик, — дейди Нигора Мамасолиева.
“Янги Ўзбекистон” маҳалласида янги корхоналар ҳам ташкил этилмоқда, аҳоли иш билан таъминланмоқда. Ҳозирча 184 километр йўл, 19 та кўприк, 66 километр узунликда газ қувурлари тортилди. 89 километрлик ичимлик сув, 7,9 километрлик оқова сув тармоғи, 11 та сув тақсимлаш иншооти бунёд этилди.
Гулчирой ИСОҚОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири