Режага мувофиқ, жорий йилнинг 23 февраль куни Янгийўл туманида Фаластиндан келган оилалар учун ифторлик дастурхони ташкил этилди.

Дастлаб, тумандаги 3 та оила учун ифторлик ўтказилди. Унда мутасадди ташкилотлар вакиллари, туман ҳокимлиги, ижтимоий ходимлар, қўни-қўшнилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Ташриф давомида меҳмонлар билан яқиндан суҳбатлашилди.

Маълумот учун, мамлакатимизга соғломлаштириш мақсадида 100 нафар фаластинлик меҳмон олиб келинган. Уларнинг 4 нафари Туркияга қайтган бўлса, айни пайтда 96 нафари (33 та оила) юртимизда истиқомат қилмоқда:

47 нафари болалар, 40 нафари аёллар ва 9 нафари эркаклардир.

Ҳозирга қадар Республика комиссияси баёни қабул қилиниб, фаластинлик бемор болалар ва аёллар ҳамда уларга ҳамроҳлик қилувчиларнинг ижтимоийлашувини таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси тасдиқланган.

Болалар мактабгача ва мактаб таълими билан қамраб олинган. Шунингдек, 27 нафар меҳмон спорт мактаблари ва клублардаги тўгаракларга жалб этилди, 41 нафари спорт формаси билан таъминланди, 16 нафари мунтазам машғулотларда иштирок этмоқда.

— Маданий-маърифий йўналишда 11 та ҳудуд кесимида театр, концерт, кўргазма ва тарихий масканларга ташрифларни ўз ичига олган дастурлар амалга оширилмоқда. Меҳмонларнинг маҳаллага мослашувини тезлаштириш мақсадида улар тўйлар, оилавий маросимлар ва бошқа анъаналарга жалб этилмоқда, — деди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бош мутахассиси Бекзод Жумабоев. — Ҳар бир оила билан индивидуал ишлаяпмиз. Асосий мақсад — уларнинг соғлиғини тиклаш, болаларини таълимга қамраб олиш, бандлигини таъминлаш ва жамиятга мослашувига кўмаклашишдир. Рамазон ойидаги ифторлик тадбирлари ҳам ана шу эътибор ва ғамхўрликнинг бир қисми. Меҳмонлар ўзларини юртимизда ёлғиз ҳис қилмаслиги керак.

Рамазон ойидаги тадбирлар нафақат моддий, балки маънавий қўллаб-қувватлашни ҳам таъминлаб, меҳмонларнинг руҳий ва ижтимоий аҳволини мустаҳкамлайди.

Шунингдек, фаластинлик меҳмонлар ўз фикрларини билдирди:

— Биз учун энг муҳими — болаларимиз тақдири. Ҳозир фарзандларимиз мактабларда ўқияпти, айримлари ўзбек тилини ўрганмоқда. Кичиклари боғчага қатнашмоқда. Биз, катталар ҳам иш билан таъминландик. Ўзбекистон фақат бошпана бермади, балки ҳаётимизни қайта бошлаш имкониятини берди. Рамазон ойида ифторлик дастурхонларига таклиф қилинганимиз, маҳаллалардаги самимий муҳит бизга катта далда бўлди. Биз Ўзбекистон Президенти ва халқингизга миннатдорчилик билдирамиз, — деди меҳмонлардан бири.

Меҳмонлар ўз ҳаёти ва болалари тақдири учун яратилган имкониятларни юқори баҳолаб, Ўзбекистонда ўзларини хавфсиз ва қўллаб-қувватланган ҳис қилмоқда.

Яна бир фаластинлик меҳмон қўшимча қилди:

— Биз бу ерга келганимизда жуда оғир ҳолатда эдик. Ватанимизда дори-дармон, хавфсизлик, ҳатто оддий яшаш шароити етишмас эди. Ўзбекистон бизга эшикларини очди. Болаларимиз мактабга жойлаштирилди, боғчаларга қабул қилинди. Айримларимиз иш билан таъминланди. Биз ўзимизни бегона эмас, худди шу юртнинг бир қисмидай ҳис қиляпмиз. Бу меҳрни ҳеч қачон унутмаймиз. Қизим келган пайтда соғлиғи яхши эмас эди. Бу ерда операция қилинди ва барча зарур ёрдамлар кўрсатилди. Шифокорлар ва масъулларга чексиз раҳмат айтаман.

Тошкент вилояти Янгийўл тумани бош имом хатиби Баҳодир Мадумаров ҳам фикр билдирди:

— Рамазон — саховат ва бағрикенглик ойи. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) марҳамат қилганларки, бир рўзадорга ифторлик қилдирган инсонга ҳам катта савоб ёзилади. Бугун маҳаллаларимизда фаластинлик биродарларимиз билан бир дастурхонда ўтирибмиз. Бу — инсонпарварлик ва биродарлик намунаси.

Бош имом хатибининг таъкидлашича, маҳаллаларда эҳтиёжманд оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ишлари мунтазам давом этмоқда.

Меҳмонлар ўзларини ўзбек фуқароларидан кам ҳис қилмаётганини алоҳида таъкидлашди.

Айни пайтда Республика комиссияси аъзолари ҳар ҳафта меҳмонлар ҳолидан хабар олиб, уларнинг ижтимоий, тиббий ва маънавий қўллаб-қувватланишини таъминлаб келмоқда.

Барча саъй-ҳаракатлар меҳмонларнинг ҳаётини осонлаштириш, уларни жамиятга интеграция қилиш ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган. 

Зулхумор Акбарова