Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров япониялик ишбилармонлар билан учрашди.
Учрашувда “Mikado develop and investment” компанияси томонидан Фарғонада қад ростлаётган Экошаҳар ҳудудида амалга оширилаётган меҳмонхона-резиденция, савдо-туризм мажмуаси ва Япон боғидан иборат МИКАДО СИТИ мажмуаси лойиҳасининг бориши муҳокама қилинди.
Компания раҳбари Окудa Тaкефуми МИКАДО СИТИ мажмуаси қурилиши учун ер майдони аукцион орқали расмийлаштириш якунлангани, ҳозирда архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқилаётганини маълум қилди. Яқин муддатда лойиҳанинг тамал тоши қўйилиши билдирилди.
Японияликларга Экошаҳар ҳудудида ташқи муҳандислик коммуникациялари тармоқларини қуриш учун 40 миллион доллар маблағ ажратилганлиги, 3-4 ой муддатда газ, сув, электр ва канализация тармоқлари мажмуа чегарасига қадар тортилиши маълум қилинди.
Муҳокамалар натижасида МИКАДО СИТИ мажмуаси қурилиши лойиҳасини белгиланган муддатда амалга оширилишини таъминлаш учун икки томонлама йўл харитаси ишлаб чиқишга келишиб олинди.