Интервью бошида иштирокчилар Ўзбекистон ва Япониянинг тарихий боғлиқлиги, жумладан, яқин дўстлик ришталарига тўхталиб ўтди. Элчи Муҳсинхўжа Абдураҳмонов сўнгги 30 йил давомида икки давлат юқори даражадаги ишонч ўрнатишга, икки томонлама ҳамкорликнинг зарур механизмларини яратишга, халқаро майдонда яқиндан ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қуватлашни йўлга қўйишга эришганини таъкидлади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил декабрь ойида Японияга биринчи расмий ташрифи икки томонлама муносабатларда унутилмас тарихий воқеа бўлгани, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада жадал ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратганига алоҳида урғу берилди.

Япониянинг Тошкентдаги собиқ элчиси Фумихико Като юртимиздаги фаолияти ҳақида тўхталиб, Ўзбекистонда оилавий қадриятлар асраб авайланиши, ноёб маҳалла институти мавжудлиги ҳақида сўзлади. Жумладан, маҳалла институти жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлаш, оилалар жипслилигини таъминлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этиш каби масалалар билан шуғулланиши унда катта таассурот қолдирганини билдирди.

Шунингдек, ўзбекистонликларнинг меҳмондустлиги, меҳмонларга кўрсатиладиган юксак ҳурмат, мамлакат аҳолисининг 60 фоизга яқинини ёшлар ташкил қилиши, уларнинг аксарияти иқтидорли ва илмга чанқоқлиги ҳақидаги фикрларини изҳор қилди.

Суҳбат иштирокчилари, шунингдек, Ўзбекистондаги бугунги экологик ҳолат ва долзарб масалалар ҳақида сўзлаб, иқлим ўзгариши ва экологик масалалар мамлакатга ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатаётганлиги, хусусан бу жараёнлар Марказий Осиёда дунёнинг бошқа кўплаб минтақаларига қараганда анча жадал кечаётганлигини таъкидлади.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан қурғоқчилик ва сув танқислигига қарши курашиш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш борасида изчил ҳаракатлар амалга оширилаётганлиги маълум қилинди.

Япония кўп йиллардан буён Ўзбекистоннинг атроф муҳитни ҳимоя қилиш йўналишидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаётгани ва кўплаб экологик муаммоларга ечим топишда кўмак бераётгани қайд этилди.

Жумладан, жорий йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Япония ва Япония-Ўзбекистон қўмиталарининг 16-йиғилиши бўлиб ўтиб, унинг доирасида Ҳукуматлараро ики томонлама кредитлаш механизмини жорий қилиш бўйича Ҳамкорлик меморандуми имзоланганлиги ҳамда ушбу механизм орқали Ўзбекистон ҳукумати Япония ҳукумати билан иссиқхона газлари эмиссияларини камайтиришга қаратилган ҳамкорлик орқали Миллий миқёсда белгиланган ҳиссаларга (NDC - Nationally Determined Contributions) эришишга интилиши, шунингдек декарбонизацияга қаратилган саъй-ҳаракатларни амалга ошириши билдирилди.

Фумихико Като Ўзбекистонда дипломатик ваколатхона раҳбари бўлган пайти юртимизда атроф-муҳит муаммоларини ҳал этишга кўмаклашишга катта эътибор қаратгани, жумладан экологик жиҳатдан зарарсиз бўлган гидроэлектр станцияларни ва узоқ ҳудудларга сув етказиш учун юқори сифатли насос станцияларини барпо этиш учун Япония ҳкуматининг ёрдами жалб қилинганлигини таъкидлаб ўтди. 

OISCA президенти Эцуко Накано ташкилот томонидан кўп йиллардан буён ички Монголиянинг чўл зоналарини кўкаламзорлаштириш лойиҳасини амалга ошириш орқали саксовул ва цистанхе каби чўл ўсимликларини ўстириш бўйича бой тажриба ортирилганини таъкидлаб ўтиб, 2015 йилдан бошлаб бундай лойиҳани Орол денгизининг қуриган зоналарида ҳам тадбиқ қилиш лойиҳаси устида ишланилаётганлигини маълум қилди. 

Шу билан бирга, томонларнинг асосий суҳбат мавзуси Орол денгизидаги экологик муаммо ҳақида бўлди. Элчи Муҳсинхўжа Абдураҳмонов томонидан ушбу муаммонинг келиб чиқиш тарихи ҳақида батафсил маълумот берилди.

Жумладан, Орол денгизи экологик фожиаси ерларнинг деградацияси ва чўлланиши, ичимлик суви етишмаслиги, тўйиб овқатланмаслик, маҳаллий аҳоли саломатлиги ва турмуш шароитининг оғирлашиши каби салбий оқибатларга олиб келганлиги таъкидланди.

Шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда Орол ҳалокати оқибатларини минималлаштириш ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини камайтириш бўйича бир қатор узоқ муддатли комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги, жумладан, 2018 йилда Туркманистонда ўн йиллик танаффусдан сўнг Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг йиғилиши бўлиб ўтгани ва шу йили Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси ташкил қилингани таъкидланди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёв ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2021 йил 18 май куни «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги махсус резолюцияси қабул қилингани ва ушбу резолюцияга дунёнинг 60 га яқин давлати, жумладан, Япония ҳаммуаллифлик қилгани қайд этилди.

Фумихико Като Япония ҳукумати Оролбўйидаги экологик муаммоларни ҳал этишда кўмак бериб келаётгани, жумладан, Орол денгизи минтақасида маҳаллий ҳамжамиятнинг экологик ва иқтисодий заифликка чидамлилигини ошириш, шунингдек, аҳоли саломатлиги ва инсон салоҳиятини яхшилашга қаратилган халқаро ташкилотлар, хусусан Жаҳон банки орқали молиялаштираётганлигини билдирди.

OISCA президенти Эцуко Накано жорий йил ноябрь ойида OISCA ташкилоти томонидан 10 йил давомида Орол денгизининг қуриган ҳудудининг 40 минг гектар майдонини кўкаламзорлаштириш лойиҳасига старт берилиши режалаштирилганини мамнуният билан таъкидлаб ўтди ва мазкур лойиҳа Оролбўйидаги экологик вазият ва аҳоли фаровонлигини яхшилашга кўмаклашишига умид билдирди.

Томонлар хулоса ўрнида Орол муаммосининг ечими ҳукуматлар ва хусусий сектор вакилларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини талаб қилиши, минтақадаги экологик ҳалокат кўлами йилдан-йилга ортиб бораётганлигини инобатга олиб, Оролбўйидаги экологик вазиятни яхшилаш учун ҳар қандай ёрдам долзарб эканлигини таъкидлади.

Мазкур интервью OISCA журналининг декабрь ойи сонида чоп этилиши режалаштирилган.

Маълумот учун, OISCA (The Organization for Industrial, Spiritual and Cultural Advancement) нодавлат халқаро ташкилот бўлиб, у 1961 йилда Токио шаҳрида ташкил қилинган.

OISCAнинг асосий мақсади экологик, ижтимоий, маданий ва иқтисодий жиҳатдан инсоният ривожига хизмат қилишга қаратилган. Ушбу мақсадларда ташкилот томонидан ёшлар салоҳиятини ошириш, экологик таълим бериш, қишлоқларни ривожлантириш, ўрмонлар ва денгиз ресурсларини сақлаш ва тиклаш бўйича лойиҳа ва дастурлар амалга оширилади. Бугунги кунга қадар дунёнинг 41 дан ортиқ мамлакатларида 20 га яқин шундай дастурлар амалга оширилган.

Ҳозирда ташкилотга 1 минг 500 га яқин юридик шахс ва 3 мингга яқин жисмоний шахс аъзо бўлган, дунёнинг турли нуқталарида 200 га яқин бўлимлари мавжуд.