Бу Япония ташқи ишлар вазирининг сўнгги 12 йил ичида Ўзбекистонга илк ташрифидир.

Япония ташқи ишлар вазири билан Ташқи ишлар вазирлигида ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида мулоқотлар бўлиб ўтади. Меҳмон Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ташриф буюради, шунингдек, Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойларини кўздан кечириши режалаштирилган.

Япония ташқи ишлар вазирининг ташрифи Ўзбекистон Республикаси билан Япония ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига тўғри келгани, айниқса, аҳамиятлидир.

Ушбу муҳим сана муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ва Япония давлатлари ўртасида ўзаро табриклар алмашилди.

Бундан ўттиз йил олдин Ўзбекистон Япония билан ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик, қўллаб-қувватлаш ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш каби ўзгармас тамойиллар асосида муносабатларни ривожлантириш бўйича мустаҳкам пойдевор қўйилди.

2002 йилдан буён икки давлат ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик характерига эга бўлди.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 30 йил ичида 230 баробардан ортиқ ўсди. Яъни 1992-йилда 730 минг АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2021 йилда 169 миллион АҚШ долларидан ошди.

Япония ҳукуматининг имтиёзли кредитлари ва грантлари ёрдами ҳисобидан энергетика, кимё, нефт-кимё, инфратузилма, қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида қиймати 7 миллиард АҚШ долларидан зиёд бўлган қатор лойиҳалар амалга оширилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил декабрь ойида Японияга расмий ташрифи муносабатларимизда янги саҳифа очди ва стратегик шериклик муносабатларига кучли туртки берди.

Япония билан сиёсат, иқтисодиёт, энергетика, инфратузилма, инновациялар, соғлиқни сақлаш, фан, таълим ва маданият соҳаларида узоқ муддатли муносабатларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратиб келинмоқда.

Мамлакатларимиз халқаро ташкилотлар, биринчи навбатда, БМТ доирасида яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. 2004 йилда ташкил этилган “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти кўп томонлама ҳамкорликнинг муҳим платформасига айланди.

Япония ташқи ишлар вазирининг бўлажак ташрифи Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги сиёсий мулоқот ва ҳамкорликка яна бир янги суръат бағишлайди, бу шубҳасиз муносабатларимизда яна бир янги саҳифа очади.