Тадбирни очар экан, Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси М.Абдураҳмонов икки мамлакат ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 30 йиллиги билан барчани қутлади. У “Ўзбегим” ва “Гулистон” ўзбек миллий рақс ансамбллари кўп йиллардан бери икки халқ ўртасидаги ўзаро маданий алоқаларни ривожлантириш ва япон  жамоатчилиги вакилларини Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси ва миллий маданияти билан яқиндан таништиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётганини  таъкидлади.

Элчи мазкур рақс ансамбллари вакилларининг Япониядаги “маданият элчилари” сифатидаги фаолияти мамлакатимиз ҳукумати томонидан юқори баҳоланаётганини маълум қилди. Рақс ансамбллари аъзоларига Фарғона вилояти ҳокимлиги кўмагида ўзбек миллий рақс либослари тақдим қилинаётгани бунинг яққол далили эканлигини таъкидлади.  

Маросимда “Ўзбегим” рақс ансамбли бадиий раҳбари Такеучи Айко хоним сўзга чиқиб, Ўзбекистон ҳукумати томонидан жамоа фаолияти мунтазам қўллаб-қувватланаётгани учун миннатдорлик билдирди. У ҳозирги пайтда Японияда ўзбек халқи маданияти, жумладан, миллий рақсларига бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётгани, шу боис ансамбль қошидаги рақс мактаби тарбияланувчилари орасида ёшларнинг сони ортиб бораётганлигини маълум қилди.  

Ўз навбатида, “Гулистон” рақс ансамбли бадиий раҳбари Сато Акико ҳам тақдим қилинган миллий либослар учун миннатдорчилик билдирар экан, Ўзбекистон ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор ва кўмак маданий жамоа аъзоларини янада руҳлантирганини айтди.

Шундан сўнг Ўзбекистондан келтирилган 39 тўплам Самарқанд, Хоразм, Сурхондарё ва Фарғона рақс мактабларига хос бўлган либослар ўз эгаларига топширилди.

Кези келганда қайд этиш жоизки, “Ўзбегим” ва “Гулистон” рақс ансамбллари мамлакатимиз элчихонаси томонидан Японияда ташкил қилинадиган “Навруз” ва “Мустақиллик куни” каби миллий байрамлар ва бошқа турли маданий тадбирлар доирасида мунтазам  равишда ўзбек рақсларини намойиш қилиб келади.

Айни пайтда “Ўзбегим” рақс ансамбли қошида 20 нафардан ортиқ японларнинг жажжи фарзандлари ўзбек халқ рақсларини ўрганишмоқда.