7 март куни Саудия Арабистонидан 9 та рейс амалга оширилиб, 1 680 нафар, Бирлашган Араб Амирликларидан эса 2 та рейс орқали 394 нафар фуқаро Ватанга олиб келинди.

Шунингдек, 7 март куни Эрондан 5 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам юртимизга қайтарилди.

Маълум қилинишича, 7 март куни Қатар ва Саудия Арабистонидаги Ўзбекистон элчихоналари Ўзбекистон Транспорт вазирлиги билан ҳамкорликда Доха шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг биринчи гуруҳини (208 нафар) эвакуация қилди.

Фуқаролар “Centrum Air” авиакомпанияси рейси билан Ар-Риёд халқаро аэропортидан учиб, жорий йил 8 март куни соат 05:40 да Тошкентга соғ-саломат етиб келди.

Шу билан бирга, Қатардаги дипломатик ваколатхона томонидан кейинги эвакуацияни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг иккинчи гуруҳи (126 нафар) ҳам шакллантирилди. Улар дипломатлар ҳамроҳлигида элчихона томонидан ижарага олинган учта автобусда Доха шаҳридан олиб чиқилиб, “Риёд – Тошкент” йўналиши бўйича 8 март куни амалга ошириладиган чартер рейси орқали эвакуация қилиниши режалаштирилган.

Қайд этилишича, ватандошларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича чора-тадбирлар тизимли ва босқичма-босқич тарзда амалга оширилмоқда.