Баҳром Эгамбердиев “Ғалаба” МФЙ раиси бўлганига ҳали кўп бўлмабди. Лекин унинг ташаббуслари, айтган ишини қилиши, қатъияти аллақачон одамларда маҳалладаги ислоҳотларга ишонч уйғотган.

Бундан уч-тўрт йил олдин халқ тилида “барак” деб аталадиган икки қаватли уйлар олдидан ўтиб, маҳалла идораси томон борар эканмиз, раис бобо бизга олдинги манзарани таърифлаб беради:

– Бу уйларда яшаш азоб эди. Ҳожатхона ҳовлида, ҳамма учун умумий бўларди. Атрофни қўланса ҳид тутиб кетарди. Ичимлик сув йўқ эди. Одамларнинг эса касалдан боши чиқмасди. Бугун “барак” уйлар буткул ажиб қиёфа касб этган. Атроф ораста, гуллар, дарахтлар барқ уриб ўсяпти. Ҳар бир уйда ичимлик сув бор.

Майин кўклам шамоли далаларнинг сарин ифорини ёяди. Асфальт йўл ва маҳалла идораси девори ўртасидаги ташландиқ ерни ағдариб, ажриқ ўтларни тераётган бир опа ва икки йигит эътиборимизни тортди.

– Бу ер кимники?

– Одатда йўл четидаги ерлар қаровсиз ётарди. Яқинда раисимиз ташаббус кўрсатиб, шу ерлардан ҳам фойдаланинглар, барибир бўш ётибди, деб қолди. Бизга маъқул келди. Беда экмоқчимиз. Ҳам йўл бўйи чиройли кўриниб туради, ҳам сигирларимиз учун қишга захира йиғамиз.

Шуларни айтиб берган Пардагул Шайзоқова бизнинг мухбир эканимизни билгач, янада жўшиб гапира бошлади:

– Яқин йилларгача уйимизга меҳмон келса уялар эдик. Меҳмон маҳалламиздан ўтиб уйга етиб олгунча, сўнг уни то катта йўлга кузатиб қўйгунча бошимиз хам бўларди. Қиш келса қалтираб, ёз келса куйиниб яшардик. Энди бошимиз баланд, меҳмон келса асфальт йўлдан кузатамиз, томоша қиладиган боғларимиз ҳам бор.

– “Ғалаба” маҳалласидаги 2 300 та оилада 6 500 га яқин аҳоли яшайди. Ҳар куни эрта тонгдан кўчаларни айланамиз, одамлар ҳолидан хабар оламиз, муаммоларни ўрганамиз, – дейди Баҳром Эгамбердиев. – 2018 йили бошланган “Обод қишлоқ” дастури билан 18 га яқин ишлаб чиқариш корхонаси очилди, 2 та йирик тикув цехи ишга тушди. Бугунги кунда шифер ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, спирт, ёғ-мой заводлари иш бошлаш арафасида. 11 та кўп қаватли, 206 та ҳовли уй қурилди. Электр тармоқлари, газ тортилди. “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларимиз билан тизимли ишлаяпмиз. Дастлаб 80 аёлни дафтарга киритган эдик.

Уларга чорва, парранда кредитлари ажратдик, касбга ўқитиб, тикувчилик билан шуғулланиши учун шароит яратяпмиз. Қизларимиз гўзаллик салонлари очяпти. Яқинда бир гуруҳ ишсиз хотин-қизларимизга тикув машинаси совға қилинди. Бу ҳам даромад манбаи. Келиб раҳматини айтиб кетяпти. Кредит олишга ҳам тўсиқ йўқ. Айниқса, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”даги ёки тадбиркорлик билан шуғулланаман, деб борган одамларга ҳеч қийинчиликсиз кредит бериляпти. Маҳалламизда “Ёшлар дафтари”га кирган 131 йигит-қизнинг 15 нафарига 50 сотихдан ер бердик, 4 нафарига чорва кредити ажратдик, 17 нафарини касб-ҳунарга ўқитяпмиз, 28 нафари эса иш билан таъминланди.