Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ресурс кўп ишлатадиган иқтисодиётдан тараққиётнинг инновацион моделига ўтиш ҳисобга олинган ҳолда барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш кўп жиҳатдан XXI асрда ҳар қандай давлатни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб беради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) томонидан илгари сурилаётган “Барқарор ривожланиш” концепцияси дунё мамлакатларининг асосий мақсадига айланган. XXI асрда барча давлатларнинг юқори иқтисодий ўсишга эришиш мақсади барқарор ривожланиш мақсади билан алмашди. Бу, ўз навбатида, жаҳон иқтисодиётнинг барча йўналишлари: қишлоқ хўжалиги, саноат, транспорт, молия, энергетика, қурbлиш соҳалари барчаси “яшил” тус олиши муҳимлигини англатади.

Мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб Ўзбекистонда экологик муаммоларга катта эътибор қаратила бошланди. Жумладан, мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим вазифаларидан бири сифатида табиий муҳитни муҳофаза қилиш, экологик таълим ва барқарор ривожланиш мақсадида таълим соҳасида табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликни ва норматив-хуқуқий базани такомиллаштириш ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни  табиий муҳит шароитларини сақлаб қолиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини белгилаб беради. Унинг муҳим мақсади инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларни уйғунлашган, мувозанатли ривожлантиришни таъминлаш, экологик тизимлар, табиий комплексларни ва алоҳида объектларни муҳофаза қилиш, фуқароларнинг қулай атроф муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини кафолатлашдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг мазмун-моҳияти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан тўла ҳамоҳанг эканини таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси 2015 йилдан кейинги даврда БМТ томонидан 2030 йилгача мўлжалланган 17 та мақсад ва 169 та вазифалардан иборат “Барқарор тараққиёт — 2030” дастурини қўллаб-қувватлаб, барқарор ривожланишнинг учта соҳалари (иқтисодий, экологик ва ижтимоий) бўйича комплекс ишларни олиб боришини маълум қилди.

Кейинчалик, “Париж битими” (Париж, 2015 йил 12 декабрь) мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш, иқтисодиётнинг базавий тармоқлари энергия самарадорлигини ошириш, иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш ва уларни юмшатиш, “яшил” иқтисодиётни қўллаб-қувватлашнинг молиявий ва номолиявий механизмларини ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси тасдиқланди.

“Яшил” иқтисодиёт бўйича норматив-ҳуқуқий базани ва сиёсатни такомиллаштириш, давлат ва хусусий сектор ўртасидаги шериклик муносабатлари орқали инновацион “яшил” инвестицияларни қўллаб-қувватлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрда “2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Амалга оширалаётган тизимли чора-тадбирлар қаторида “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январда тасдиқланган фармонида, биринчидан,   “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йил камида 200 миллион туп дарахт экиш ва республиканинг 10 та ҳудудида аэробиологик мониторинг тизимини йўлга қўйиш белгиланган.

Иккинчидан, Орол денгизининг қуриган тубида қўшимча 500 минг гектар яшил майдонларни барпо этиб, 2026 йил якунига қадар уларнинг умумий ҳажмини 2,5 миллион гектарга ёки ҳудуднинг 78 фоизига етказиш назарда тутилган.

—“Яшил макон“ умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас. Унинг доирасида келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахт кўчатини экишни мақсад қилганмиз. Бу умуммиллий ҳаракатнинг натижаси ҳар бир маҳаллада кўриниши керак, бу савобли ишни ҳавас билан қилиш керак”, деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, давлатимиз раҳбари юртимиздаги барча шаҳарлар, туман марказлари ҳамда аҳоли пунктларида экологик вазият ва ҳаво тозалигини яхшилаш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишга бағишланган видеоселекторда 2021 йил 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.

Бундай кенг кўламли ташаббуснинг амалга оширилиши натижасида шаҳарларимиздаги яшил майдонлар ҳудуди ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга оширилади.

Фуқароларда ХХI асрнинг асосий талабларидан бири – “яшил” фикрлашни ривожлантириш зарур. Бу одамларнинг табиатнинг мўртлиги ва заифлигини, ернинг табиий ресурсларининг чекланганлигини англашига асосланади.

“Яшил” фикрлашни шакллантириш жамият ва бизнеснинг инсон муҳитини яхшилаш учун масъулиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, ёш авлодни табиат қонунларига мувофиқ равишда тарбиялаш ва ўргатиш зарур. “Яшил” фикрлашни ривожлантиришда 3R тамойилидан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этмоқда: Reduce (истеъмолни камайтириш), Reuse (қайта фойдаланиш), Recycle (қайта ишлаш).

Ўзбекистон 2030 йилгача Барқарор ривожланиш бўйича кун тартибининг аъзоси бўлиб, шу муносабат билан республика иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш доирасида “Яшил макон” дастурини амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишдан асосий мақсад республикада барқарор ривожланишга эришишдан иборат. Шундай қилиб, бугунги ва келажак авлодларга мусаффо Ўзбекистонни, тоза атроф-муҳитни, экологик таҳдидлардан ҳоли бўлган тоғу водийлар, дарё ва кўлларни қолдириш мумкин. Бу эса Ўзбекистоннинг глобал барқарор ривожланиш ва Ер табиатини асрашга қўшган ҳиссаси бўлади.

Абдували Исажонов,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчиси