Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон–2030 стратегиясини Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Лойиҳага кўра, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини “яшил тадбиркор” сифатида эътироф этишга қаратилган платформа ишга туширилиши кўзда тутилмоқда.

Жумладан:

  • кўкаламзорлаштириш, жумладан, корхонани “яшил белбоғ” билан ўраш, суғориш тизимларини ўрнатиш, томчилатиш, ёмғирлатиш ва контейнерли (қопли) суғориш тизимини жорий қилиш;
  • энергия тежамкорлиги, жумладан, энергия тежовчи ускуналар ва технологияларни жорий қилиш;
  • корхонанинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш, жумладан, экологик ҳуқуқбузарлик содир этмаслик, атмосферага ташламаларни онлайн мониторинг қилиш тизимини жорий этиш;
  • ишлаб чиқаришга циркуляр иқтисодиётни жорий қилиш (“7R”) тамойилини татбиқ этиш каби кўрсаткичларни бажарган тадбиркорлик субъектларига “яшил тадбиркор” мақомини берилади.

Шунингдек, “яшил тадбиркор” мақомини олган тадбиркорлик субъектларига:

  • “Шаффоф қурилиш” платформасида устуворлик берилади;
  • муайян муддат давомида экологик текширувлардан озод этилади;
  • халқаро бозорларга чиқиш учун қўллаб-қувватланади;
  • Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги доирасида қўшимча балл берилади.

Лойиҳада аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида 2025 йил 1 апрелдан бошлаб чиқиндилар утилизацияси ҳисобига ҳамда шамол ва қуёш манбаларидан ишлаб чиқарилган электр энергияси учун “яшил тариф”лар жорий этилиши ҳам кўзда тутилмоқда. Бунда:

  • тадбиркорлик субъектлари томонидан чиқинди ва биогаз утилизацияси орқали ишлаб чиқариладиган ҳамда ташкилотларнинг ўз ҳудудларида ўрнатган шамол ва қуёш электр қурилмаларидан ишлаб чиқариладиган электр энергияси;
  • аҳолининг қуёшдан олинган ва фойдаланишда ўз эҳтиёжидан орттириб, давлатга сотадиган электр энергияси учун имтиёзли тарифлар белгиланади.