Унда «Яшил технологиялар водийси»нинг мақсади, вазифалари, ундан кутилаётган натижалар ҳақида маълумот берилди. Бу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, «Ўзкимёсаноат» АЖ ҳамда Дрезден техника университети (Германия) ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Консорциумнинг мақсади водород энергетикаси технологиялари, карбон (углерод) толасини ишлаб чиқариш технологияси, техноген чиқиндилардан қора ва рангли металлар ажратиб олиш технологиялари, хусусиятлари олдиндан белгиланган материаллар яратиш, янги тур енгил ва мустаҳкам материалларни ишлаб чиқиш, синаш ва тажриба-саноат даражасида жорий этиш бўйича мега-лойиҳаларни амалга оширишдан иборат.

Ўз ФА Материалшунослик институтининг ноёб илмий объекти «Катта қуёш қурилмаси» базасида, шу қаторда, чет эллик илмий марказларни ҳам жалб қилган ҳолда бир қатор инновацион ва амалий изланишлар олиб борилмоқда. Масалан, Қурилмада мужассамлашган Қуёш нурлари ёрдамида қизитиш ҳисобига фото каталитик усул билан бевосита сувдан водород олиш жараёнлари бўйича изланишлар олиб борилган. Мужассамлашган Қуёш нурларидан фойдаланиш, юқори қийматга эга энергия сарфисиз, сувни парчалашга керак бўладиган юқори ҳароратларга (1500 С дан юқори) эришиш имконини беради.

Водородни Қуёш нурлари ёрдамида ишлаб чиқариш ёруғлик ютувчилар ва катализаторларнинг турли хил бирикмаларидан фойдаланиш туфайли анча самарали жараён бўлиши мумкин, кимёвий бирикманинг самарадорлигини икки баравар оширган ҳолда нурни ютиб ва сув молекулаларини парчалаб водород ёқилғисини ишлаб чиқаришни таъминлайди.

Ҳозирги вақтда, мужассамлашган Қуёш нури ҳисобига водород ишлаб чиқариш бўйича мега-лойиҳани амалга ошириш масаласи Дармштадт университети (Германия), Кюши университети (Япония), Корея саноат технологиялари институти (KITECH), РФА Силикатлар кимёси институтлари (Россия) билан муҳокама қилинмоқда.

Матбуот анжуманида лойиҳа доирасида амалга оширилиши режалаштирилаётган илмий изланишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.