Шундан келиб чиқиб, келгусида мамлакатимизда кимё саноати бўйича олиб бориладиган ишлар хусусида «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси Жўрабек МИРЗАМАҲМУДОВ yuz.uz сайти мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.
— Танқидий руҳда ўтган йиғилишда кичик, лекин самараси юқори лойиҳалар ҳам муҳокама этилди. Масалан, Тошкент шаҳрида кўпикли полипропилен ишлаб чиқариш лойиҳасининг қиймати 5 миллион доллар бўлиб, 40 та иш ўрни яратилади. Ушбу корхонани 2021 йил августда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида ишга тушириш режалаштирилган.Бунинг натижасида импорт ўрнини босувчи бир қатор маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
«Навоиязот» АЖда қиймати 18 миллион доллардан зиёд бўлган яна бир лойиҳа – карбамид формалдегид концентрати ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Жорий йил март ойида мазкур корхона қурилиши бошланган, уни келгуси йил мартда фойдаланишга топшириш мўлжалланган. Бу ерда йилига импорт ўрнини босувчи 9 миллион долларлик товарлар ишлаб чиқарилиб, 1 миллион долларлиги экспорт қилинади, 50 та иш жойи очилади.
Ўтган йили декабрда «Навоиязот» акциядорлик жамиятида поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси ишга туширилган эди. Бугунги кунда унинг иккинчи босқичи лойиҳалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳа қиймати 440 миллион доллар атрофида бўлиши мўлжалланяпти. 650 киши иш билан таъминланиши, йилига 132 миллион долларлик маҳсулот тайёрланиши режалаштирилган. Йиғилишда чет эллик ҳамкорлар билан биргаликда ушбу йўналишдаги лойиҳалаш ишларини йил якунига тугатиб, қурилишни бошлаш вазифаси топширилди.
Албатта, бу борада зиммамизга юкланган вазифаларни ўз вақтида бажариш учун имкониятлар етарли. Режалаштирилган барча ишларни ўз вақтида бажариб, мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришга муносиб улуш қўшиш асосий мақсадимиз.