2021 йил том маънода ёшларни қўллаб-қувватлаш йили бўлди. Йил давомида уйма-уй юриб, “Ёшлар дафтари” тизими орқали 700 мингга яқин ёшга хонадонбай ёрдам берилди. Ёзда ўғил-қизларнинг вақтини унумли ўтказиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳаётга, эртанги кунга ишончини ошириш, дунёқарашини янада кенгайтириш мақсадида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” фестивали ўтказилди. Тадбирга 6 миллионга яқин йигит-қиз қамраб олинди.
Ўтган йили ёшларни қўллаб-қувватлаш жараёнида фақат маданий, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш билангина чекланиб қолганимиз йўқ. Йигит-қизларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун ҳар жиҳатдан кўмаклашдик. Шу мақсадда уларга 3 триллион сўмга яқин кредит ажратилди. Бундан ташқари, мамлакатимиз тарихида биринчи марта чекка ҳудудлар, жумладан, қишлоқ жойларда яшовчи ёшларга ер ажратиб берилди. Улар деҳқончилигини йўлга қўйиб, баъзилари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Бу юртимизда нафақат олд сафдаги, яъни иқтидорли, билимли ёшларни, балки орқа сафда деб билганимиз — шаҳар марказидан узоқ, чекка ҳудудлар, қишлоқлардаги йигит-қизларни ҳам қўллаб-қувватловчи яхлит тизим яратилганидан дарак беради.
Ҳозир мамлакатимизда 7 миллиондан ортиқ 18-30 ёшлилар истиқомат қилиб, аҳолининг 60 фоизини ўттиз ёшгача бўлганлар ташкил қилади. Бу — ёшлар мамлакатимизни ривожлантирадиган куч, янги Ўзбекистоннинг тараққиёт драйвери, дегани. Давлатимиз раҳбарининг куни кеча эълон қилинган “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ўтган йили бошланган хайрли ишларнинг мантиқий давоми, десак янглишмаймиз. Чунки, ҳақиқатан ҳам, хонадонбай юриб, ёшларнинг муаммоларини ўрганиб, ҳал этишга кўмаклашиш, давлатимиз уларнинг ортида таянч бўлиб турганини, фикр-мулоҳазаларини эшитишга тайёр эканини билдириш учун, албатта, маҳаллаларда ёшларнинг вакили бўлиши шарт эди.
Мазкур қарорга биноан, ёшлар муаммоларини маҳалланинг ўзида ўрганиб, уни тўрт босқичда: маҳалла — туман — вилоят — республика даражасида ҳал этадиган яхлит вертикал бошқарув тизими яратилади. У орқали биз ҳар бир хонадонга кириб борамиз. Ўғил-қизларни илм-фанга қизиқтириш, интеллектини ривожлантириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, китобхонлик, маданият, мушоира кечалари, тадбиркорлик лойиҳаларини ташкил қилиш, умуман, ҳар бир ёшнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш имконига эга бўламиз. Дейлик, битта маҳаллада “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказиб, ҳеч бўлмаганда, 10 нафар билимдон ёшни кашф этсак, тасаввур қилинг, ўн мингга яқин маҳалладан интеллектуал салоҳиятли қарийб юз минг ўғил-қизнинг юзага чиқишига эришамиз. Бу тизим орқали юз минглаб ёшларни билим олиш ва тадбиркорликка қизиқтиришимиз, бандлигини таъминлашимиз мумкин. Умуман олганда, бу ишлар Ёшлар ишлари агентлигининг вакили — ҳар бир маҳалла етакчисининг кундалик иш режасидан ўрин олади.
Бундан ташқари, маҳалладаги етакчилар “Ёшлар дафтари”га киритилганларга моддий кўмаклашиш, имконияти чекланган оилалар фарзандларининг тўлов-шартнома суммасини тўлаб бериш, йигит-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ёки ер олиши учун ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси билан ҳамкорлик қилиш, болаларнинг спорт, илм-фан, маданият йўналишидаги тўгаракка қатнашиш харажатини қоплаб бериш каби ўндан зиёд имтиёзни тўғридан-тўғри тақдим этиши мумкин. Президентимиз қарорида ёшлар етакчисининг олтита йўналишдаги асосий вазифалари белгилаб берилган. Булар — маданият ва санъатни тарғиб қилиш, соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш, ахборот технологияларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш, маънавият ва китобхонликни тарғиб қилиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш, тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш.
Шубҳасиз, уларнинг фидойи хизматини муносиб рағбатлантириш ҳам қарорда кўрсатилган. Жумладан, маҳалласида ёшларнинг муаммосини ҳал этиш, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, жиноятчиликни камайтириш, ўғил-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишда ўрнак бўлган, ёшлар бандлигини таъминлашда ҳоким ёрдамчиси билан намунали ҳамкорликни йўлга қўйган етакчилар “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишони билан тақдирланади. Яна бир муҳим жиҳат: мана шундай намунали етакчилар иш фаолияти натижасига қараб Миллий кадрлар захирасига киритилади. Бу уларнинг келгусида ўз йўналиши бўйича масъул лавозимга тайинланиши, сектор раҳбари, ҳоким, вазир даражасига етишишида ўзига хос пиллапоя вазифасини ўтайди.
Қарорда етакчилар зиммасига “Ёшлар баланси”ни шакллантириш, ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформаларига киритиб бориш вазифаси юкланган. Шу ўринда бу вазифа қандай амалга оширилади, деган савол пайдо бўлиши табиий. Бу тизимлар тўлиқ рақамлаштирилган кўринишда бўлади. Етакчилар ҳозирги давр талабларига мос планшет билан таъминланади, улар учун замонавий иш шароити яратилиши кўзда тутилмоқда. Мана шу имкониятдан фойдаланиб, бу етакчилар маҳалладаги ёшлар муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал этиш бўйича тўғридан-тўғри рақамлаштирилган тизим орқали ишлайди.