Матбуот анжуманида Адлия вазирлигининг 2025 йилда амалга оширган фаолияти юзасидан батафсил ҳисобот тақдим этилиб, жорий йилда бажариладиган вазифа ва режалар тўғрисида маълумот берилди.

Ҳисобот даврида адлия тизимида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, норматив-ҳуқуқий базани изчил ривожлантириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, вазирлик ташаббуси билан 258 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилди ҳамда аҳолидан талаб этиладиган 30 турдаги ҳужжатларни тақдим этиш амалиёти бекор қилинди. “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишда бир вақтнинг ўзида 7 та хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Шу билан бирга, “проактив қонунчилик” тамойили жорий этилиб, тадбиркорлик субъектларини янги ҳужжатлар ҳақида автоматик хабардор қилиш тизими ишга туширилди ҳамда 1600 та мажбурий талаб бекор қилинди. Тартибга солиш таъсирини баҳолаш доирасида 2385 та ҳисобот кўриб чиқилиб, “тартибга солиш гилётина” усули орқали 738 та ўз аҳамиятини йўқотган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бекор қилинди.

Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида йил давомида 1 миллиондан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, унда инсон ҳуқуқлари, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ҳуқуқлари ҳамда коррупцияга қарши курашиш масалалари кенг қамраб олинди. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали юз минглаб материаллар эълон қилиниб, “Ҳуқуқий тарғибот куни” ҳамда “Ҳуқуқий маслаҳат билан ҳар бир уйга” лойиҳалари доирасида аҳолининг долзарб муаммоларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, “Lex Al” сунъий интеллект платформаси жорий этилди.

“Ҳуқуқий маҳалла” лойиҳаси доирасида 1,8 миллионга яқин хонадон ўрганилиб, аниқланган 1,1 миллион ҳуқуқий муаммонинг 97 фоизи ижобий ҳал этилди.

Натижада 23 мингдан ортиқ фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, судларга киритилган 6 224 та даъво аризалари асосида фуқаролар фойдасига 229 миллиард сўм маблағ ундирилди.

Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 2025 йилда 61 миллиондан ортиқ хизматлар кўрсатилиб, аҳолининг чекка ҳудудлари учун 1,1 миллиондан ортиқ сайёр хизматлар ташкил этилди. Проактив ва композит хизматлар сони кенгайтирилиб, мос равишда 22 та ва 88 тага етказилди. Хизмат кўрсатиш муддати сезиларли даражада қисқартирилиб, давлат хизматлари марказларида 10 дақиқадан 4 дақиқагача, ФҲДЁ органларида эса 7 дақиқадан 5 дақиқагача камайтирилди. 

Нотариат соҳасида талаб этиладиган ҳужжатлар ҳажми 95 фоизга қисқартирилиб, 16 турдаги хизматларни онлайн расмийлаштириш йўлга қўйилди. Натижада йил давомида 299 мингдан ортиқ онлайн нотариал ҳаракатлар амалга оширилиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 4 бараварга ошди.

Юридик кадрларни тайёрлаш тизимида рақамлаштириш ишлари изчил давом эттирилиб, “E-universitet” платформаси орқали барча жараёнлар автоматлаштирилди. Шу билан бирга, “Рақамли ҳуқуқ” ҳамда “Корпоратив ҳуқуқ ва бошқарув” каби янги таълим йўналишлари жорий этилиб, 227 та умумтаълим мактабларида “Ҳуқуқ синфлари” ташкил этилди. “Ҳуқуқ мактаби” мобил иловаси орқали эса 90 мингга яқин фойдаланувчиларнинг ҳуқуқий билимлари оширилди.

— Мамлакатнинг ҳуқуқий ривожланганини бевосита аҳолининг малакали юридик ёрдам билан таъминланганида кўрамиз. Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолиси 38 миллиондан ошди. Бунда ҳар 100 минг аҳолига 19 нафар адвокат тўғри келяпти. Бу ҳолат 2030 йилга бориб ҳар 100 минг аҳолига 25 нафар адвокат тўғри келишига эришиш учун бизга вазифа юклатилган. Конституцияда давлатнинг асосий вазифаларидан бири бўлган малакали тиббий ёрдам билан таъминлаш билан бирга, шу вазифалардан яна бири сифатида малакали юридик ёрдам билан таъминлашга эришилади. Бундан ташқари, Ўзебкистонда янги ривожланиб келаётган соҳалардан бири бу — медиация. Яни низоларни муқобил ҳал этиш, низоларни судгача ҳал қилиш институти ҳам ривожланмоқда. Хусусан ўтган йили амалга оширилган ислоҳатлар натижасида бир қатор ўзгаришлар бўлди. Медиаторлар сони 3 минга ошди ва медиатик келишувлар сони ҳам суд жараёнларида 7-8 минг атрофи умумий судгача бўлган ҳолатларда 50 мингга яқин медиатик келишувлар амалга оширилиши билан боғлиқ ишлар кўриб чиқилди, — дея такидлади Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Нотариат, адвакатура ва медиация бошқармаси бошлиғи Нозим Ҳатамов.

Тадбир сўнггида фикр алмашилди, журналистлар ва блогерларнинг саволларига атрофлича жавоб берилди. 

Лобар БОБОХОНОВА