Боиси, халқ фаровон, оилалар тинч-тотув яшашининг асоси ҳам, камбағалликни қисқартириш-у, маҳаллаларда жиноятчилик ва бошқа салбий ҳолатлар олдини олишнинг муҳим шартларидан бири ҳам одамларни иш билан таъминлаш, доимий даромадга эга бўлишига кўмаклашишдан иборат.
Камбағалликни қисқартириш бевосита аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ экани кундай равшан. Бунинг учун ҳар бир ҳудуд масъуллари зиммасига аниқ вазифалар юкланяптики, мақсад одамларни ўзи истаган соҳа ёки ишга йўналтириб, уларни рози қилишдан иборат. Ушбу вазифаларни бажариш учун эса барча соҳаларни барқарор ривожлантириш ҳамда кўпроқ инвестициялар жалб этишга катта эътибор қаратилмоқда.
Тошкент вилоятида ҳам инвестицион лойиҳалар кўлами йил сайин кенгайиб бораётганинг боиси шунда. Хусусан, ўтган йили тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳажми 135 фоиз ўсган бўлса, жорий йилнинг олти ойида 240 миллион долларлик 322 та инвестицион лойиҳа ишга туширилиб, 8 мингта иш ўрни яратилган. Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 2 август куни вилоятга ташрифи чоғида “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркида ана шундай янги саноат, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳа мажмуаларининг яна бир нечтасини ишга туширар экан, бундай лойиҳаларни ҳар бир туман ва шаҳарда амалга ошириш, улар орқали кўплаб иш ўринлари яратиш зарурлигини таъкидлади.
Камбағаллик даражасини 7,9 фоизга тушириш мақсад қилинган
Бандликни таъминлаш учун, аввало, ишсизлик кўрсаткичларини аниқлаш, омилларини ўрганиш ўринли бўлади. Юртимизда камбағаллик даражаси илк бор эълон қилинган кундан бошлаб ҳар бир ҳудудда бу ишлар амалга ошириляпти. Яъни мавжуд ҳолатни беркитиш эмас, балки унга қарши курашиш, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш йўли танланди.
Тошкент вилоятида айни кезда 116,7 минг ишсиз мавжуд. 142 минг нафари эса мамлакатимиздан ташқарига ёки чет давлатларга ишлашга кетган. 10,9 минг ёш олий таълим, 16,5 минг нафари касб-ҳунар таълимида ўқиса, 28,6 минг нафари мактаб битирувчиларидир. Шулардан келиб чиқиб, жорий йилда 480 минг аҳолини даромад келтирадиган меҳнат билан банд қилиш бўйича тармоқлар кесимида мақсадли кўрсаткичлар шакллантирилган. Бу фуқароларнинг 248,4 минги биринчи ярим йилликда доимий ва мавсумий ишларга жалб қилинди. Шунингдек, турли соҳалар, хусусан, қурилиш-транспорт, коммунал ва уй-жой қурилиши, қишлоқ хўжалиги, туризм ва маданият, молия-иқтисодиёт, тадбиркорлик, ташқи савдо ҳамда маҳаллий саноатни ривожлантириш ҳисобига аҳоли бандлиги таъминланмоқда. Бунинг ортидан вилоятдаги камбағаллик даражасини ҳозирги 11,9 фоиздан йил якуни билан 7,9 фоизга тушириш кўзда тутилган.
Иш билан таъминлашда тадбиркорлик асосий йўналишлардан бирига айланди. Ишбилармонлик муҳити яхшиланиб бораётгани юртдошларимизнинг бу соҳага қизиқишини кенгайтирмоқда. Авваллари, тадбиркорлик қилишга қўрқиб, ҳатто унга яқин бормаган одамлар бугун бир неча хил бизнес юритиб, катта корхоналарга асос соляпти. Ўнлаб, юзлаб кишиларни иш билан таъминлаяпти.
Албатта, бу борада тадбиркорларга яратилган имконият, имтиёз ва рағбатлар ҳам катта кўмак бўлиб, мустаҳкам ишонч бермоқда. Биргина оилавий тадбиркорлик дастурини олсак, унинг доирасида 2018—2023 йилларда вилоятда жами 1 триллион 538,8 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди. Ижтимоий дафтарлардаги ишсиз 2 минг 307 фуқарони тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида эса 9,6 миллиард сўм субсидиялар берилган. Бу 5 йил ичидаги маблағлар кўлами. Ана энди жорий йилдаги вазифаларга эътибор қаратайлик: 2023 йилда оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 1 триллион 80 миллиард сўм кредит, 26 миллиард сўм субсидия ажратилиши белгиланган. Бу орқали 17 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилади. Рақамлардан кўламни ўзингиз чамалайверинг. Кўриниб турибдики, бу йил вилоят аҳлининг тадбиркорлик кўрсаткичларини ошириш мақсадида ўтган 5 йилдаги, ҳатто ундан ҳам кўпроқ маблағ йўналтирилмоқда.
Давлат тадбиркорга, тадбиркор эса фуқароларга кўмаклашади
Бу борада шу йилдан старт олган яна бир катта лойиҳа ҳақида тўхталиш жоиз. “20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис” дастури юртимизда бошланган хайрли ва кенг миқёсдаги ишлардан бири. Яъни лойиҳада иштирок этишни истаган тадбиркорни давлат ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, иш фаолиятидаги зарур ёрдамларни кўрсатади, ишбилармон эса ҳудудидаги ишсиз аҳолини ўз йўналиши бўйича ўқитиб, мутахассис сифатида тайёрлайди ҳамда бандлигини таъминлайди.
Ҳозирга қадар вилоят бўйича 1 минг 884 тадбиркор дастур доирасида ҳамкорлик қилиш истагини билдириб, 48 минг 162 фуқаронинг бандлигини таъминлаш таклифини берди. Расмий интернет сайти орқали ҳам 439 та тадбиркор томонидан дастурда иштирок этиш бўйича аризалар юборилган. Келиб тушган барча аризалар вилоят ишчи гуруҳи аъзолари, туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ҳамда корхона жойлашган маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, online-mahalla.uz платформаси орқали тегишли хулосалар берилмоқда. Ҳисобот даврида аризаларнинг 320 тасига “ҳамкорлик шартномаси” яратилган бўлиб, 213 тасига сертификат тақдим этилган ёки “ҳамкорлик шартнома”лари тузилган. Шунингдек, ушбу тадбиркорлар томонидан 33 минг 637 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган.
Тадбиркорларнинг 88 таси ҳал этилиши лозим бўлган қатор муаммо ва таклифларини ҳам билдиришди. Жумладан, уларнинг 13 таси солиқ, 3 таси божхона, 27 таси кредит, 2 таси “амалий мономарказ” харажатларини қоплаш, 4 таси йўл таъмири, 9 таси газ таъминоти, 14 таси электр таъминоти, 12 таси бино-иншоотга бўлган талаб ва 3 таси ичимлик сув таъминотини яхшилаш билан боғлиқ. Масалан, Бўка туманидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш, қадоқлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланувчи “TNA Agro Invest” МЧЖ булғор қалампири етиштириш учун кўчатхонаси йўқлигини билдирди. Корхона кўчатларни водий вилоятларидан олиб келади. Бу эса маҳсулот таннархига таъсир қилмоқда. Ўрганишларга кўра, ушбу корхонага туман ҳудудидан 4 гектар ер ажратилиши орқали аҳоли томорқасидаги 270 гектар ҳамда деҳқон хўжаликлари ихтиёридаги 980 гектар ерда кооперация усулида булғар қалампири эктириб, маҳсулотни сотиб олишни йўлга қўйиши мумкин. Натижада 1,5 мингдан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланади. Қолаверса, мазкур корхона янги тизим асосида Бўка туманининг Бунёдкор, Жўраобод, Қўлдоштепа, Рамадон, Кийикчи, Қулдуроқ маҳаллаларидаги камбағал оилаларнинг 225 аъзосини ўқитиб, ишга қабул қилади.
Ўртачирчиқ туманида эса ҳозирги кунда 4 та маҳалладаги 104 та хонадонда мебель ишлаб чиқарилади ва бу иш билан 835 киши банд. Ушбу хонадонларда жой торлиги ва мебель ишлаб чиқаришга ноқулай шароит сабабли қўшимча иш ўрнини яратиш имкони бўлмаяпти. Шунинг учун мазкур маҳаллаларга туташ ҳудуддаги “Qorasuv mebel savdo” корхонаси томонидан 1,5 гектар майдонда 50 та цехдан иборат “микромарказ” ташкил этиш режалаштирилган. Бу ерда камхарж оилаларнинг 160 аъзоси ўқитилиб, бандлиги таъминланади. Корхона раҳбари шу янги лойиҳани амалга ошириш учун 10 миллиард сўм кредит ажратилишини сўраган. Дастур доирасида ҳар бир ҳудуддаги талабгир тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали иш ўринларини кўпайтириш мақсад қилинган.
Умуман, аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қиладиган ҳеч бир соҳа ва тармоқни эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Ҳатто маҳаллаларда солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ҳам ишлар фаоллашган. Дастлабки босқичларда Бўка тумани штаби фаолияти йўлга қўйилди. Солиқ тизимини маҳалла даражасигача тушириш бўйича ушбу тумандаги 44 та маҳаллага жами 235 нафар, шундан 59 нафар солиқ ходими ва бошқа ташкилотлардан 176 масъул бириктирилиб, ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Улар томонидан маҳаллаларда фаолият юритаётган 2 минг 776 та тадбиркорлик субъекти хатловдан ўтказилди. Жараёнда бўш турган бинолар, ер майдонлари, тадбиркорлик субъектлари сони, уларнинг фаолияти ўрганилиб, хулосалар берилмоқда. Бундан ташқари, тумандаги 25 минг 651 та хонадон хатловдан ўтказилиб, аҳолига кредит, ер майдони ажратиш, рухсатнома олиш ва бошқа йўналишларда кўмаклашиш орқали 679 та лойиҳа бўйича 1 минг 235 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилди.
Бир сўз билан айтганда, Тошкент вилоятида одамларни иш билан таъминлаш имкониятлари юқори. Ҳудудда қишлоқ хўжалиги билан бир қаторда саноат, хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик ва бошқа соҳалар ҳам ривожланмоқда. Бу аҳолини “устоз-шогирд” анъанаси асосида турли соҳаларга ўқитиш, кўплаб бўш иш ўринлари яратиш имконияти ошиб боряпти, дегани. Мақсадимиз эса ана шу лойиҳалар ҳар бир туман, энг чекка қишлоқларгача кириб боришини таъминлашдан иборат.
Зиёдбек ЙЎЛДОШЕВ,
Тошкент вилояти Камбағалликни қисқартириш ва
бандлик бош бошқармаси бошлиғи