Божхона органлари томонидан республикамиз ҳудудига турли қинғир йўллар орқали товар-моддий бойликларни юк ҳужжатларида кўрсатмаган ҳолда олиб киришга бўлган уринишлар мунтазам фош этилмоқда.

         Бу борада Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ҳамда “Чуқурсой техник идора” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан ҳамкорликда бир қатор ҳуқуқбузарликларга чек қўйилди.

         Жумладан, Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан хориждан темир йўл контейнерида келтирилган, ҳужжатларга асосан “трикотаж ва синтетик толали мато” товарлари белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

         Божхона кўриги давомида йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилган  “трикотаж мато” товарлари йўқлиги, ушбу товарлар ўрнига йўл юк-кузатув хужжатларида кўрсатилмаган қиймати 1 млрд. 85 млн. сўмлик 135 984 м2 “Парда ва парда матолари” товарлари борлиги аниқланди.

         Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур товарларга 225 млн.сўм миқдорида божхона тўловлари ҳисобланди.

         Навбатдаги шунга ўхшаш ҳолатда маъсулияти чекланган жамиятладан бирининг номига келтирилган, юк ҳужжатларида “трикотаж матолар”дея кўрсатилган товарлар божхона кўригидан ўтказилганда, хужжатларида кўрсатилмаган қиймати 1 млрд. сўмлик, 124 444 метр “синтетик толали мато” товарлари борлиги аниқланиб, мазкур товарларга 217 млн. сўм миқдорида қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.

         Яна бир ҳолатда эса, “Чуқурсой техник идора” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан хориждан юртимизда фаолият олиб борувчи жамиятлардан бирининг номига келтирилган синтетик толали матолар жамиятнинг ишончли вакили ҳамда холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилди.

         Натижада, қиймати 1 млрд. 640 млн. сўмлик 71 минг 848,5 м2 шундай турдаги матолар йўл юк кузатув хужжатларида кўрсатилганидан ортиқча эканлги аниқланди.

         Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.