Бугун Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳайкали пойида Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Исломшунослик факультети талабалари, ўқитувчилари жам бўлди.

Учрашувда Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Собир Ўнар Беҳбудийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида гапирди. Аллома янги давр ўзбек маданиятининг асосчиси экани, янги мактаб ғоясининг назариётчиси ва амалиётчиси, ўзбек драматургиясини бошлаб берган биринчи драматург, театрчи, ношир, журналист бўлиб, тарихимизнинг ғоят оғир ва мураккаб бир даврида яшаганини таъкидлади.

Шундан сўнг шоир Шоди Отамурод ўзининг “Она тилим” шеърини ўқиб берди. Адабиёт сеҳридан баҳра олган ёшлар адиб ижоди, адабиёт олами ҳақидаги фикрларини билдирди. Майдалаб ёғаётган ёмғир эса йиғилганларни яна шеър тинглашга чорлади.

Зулайҳо Аҳмаджонова,

журналист