Таъкидланишича, бир томчи ёмғир энергияси 100 дона ёруғлик диодли лампочкани ёқишга етади. Хитойлик муҳандислар америкалик ҳамкасблари билан ҳамкорликда ўтказган тадқиқотда энергия ишлаб чиқарувчи қурилма учун янги интерфейсни таклиф қилмоқда.
Ёмғир томчилари генератор пластинаси юзасига тушиб, алюминийли электрод ҳамда индий ва қалай оксидли электрод орасида сув кўпригини ҳосил қилади. Ушбу қурилмада томчилар резистор, қоплама эса конденсатор вазифасини бажаради.
Лойиҳа муаллифларининг ёзишича, уларнинг генераторида пайдо бўлган оний қувват илгариги уринишларда ҳосил бўлган қувватдан минглаб марта юқори бўлган. Қурилманинг амалда фойдаланиладиган прототипи яқин йилларда тайёр бўлади.
Келажакда ҳар қандай юзага – уй томи, қайиқ корпуси ёки соябонга тушадиган ёмғир томчиларидан энергия олиш мумкин бўлади. Йилнинг маълум даврида кучли ёғингарчиликлар юз берадиган ҳудудларда эса энергия олишнинг бу усули катта фойда келтириши мумкин.