Туберкулёз: Ўлим даражаси камаймоқда
Сўнгги ўн йил ичида сил касаллигидан вафот этганлар сони сезиларли даражада камайди. Айниқса, бу борада Африка ва Европа минтақаларида ижобий тенденциялар қайд этилиб, ўлим кўрсаткичлари мос равишда 46 ва 49 фоизга пасайди.
ЖССТ бундай ютуқлар бадавом бўлиши учун ОИТС, қандли диабет, чекиш ва тўйиб овқатланмаслик каби хавф омилларига қарши чора-тадбирларни кучайтириш зарур, деган хулосада.
Қизамиқ: Вакциналар миллионлаб инсонлар ҳаётини сақлаб қоляпти
Оммавий эмлаш тадбирлари натижасида ўтган йили қизамиқдан ўлим кўрсаткичи 2000 йил бошига нисбатан қарийб 90 фоизга камайди.
Шунга қарамай, айрим мамлакатларда бу борада сусткашлик кузатилмоқда. Бир йил аввал дунё бўйлаб тахминан 11 миллион кишига қизамиқ ташхиси қўйилгани сўзимиз тасдиғидир.
Айрим мамлакатларда хавфли инфекциялар тўлиқ бартараф этилди
Мальдив ороллари дунёда илк бор ОИТС, сифилис ва гепатит В нинг онадан болага юқишини тўлиқ тўхтатган давлат сифатида эътироф этилди.
Бурунди, Миср ва Фижи трахома хасталиги, Гвинея ҳамда Кения уйқу касаллиги, Нигерия эса онхоцеркозга бутунлай барҳам беришга эришди.
Безгакка қарши курашда янги босқич
2025 йилда Грузия, Суринам ва Тимор-Лешти “безгакдан холи давлатлар” сифатида тан олинди. Африканинг яна 7 та мамлакатида бу касалликка қарши эмлаш жорий этилди.
Ҳозир безгакка қарши вакциналар дунёнинг 24 давлатида қўлланилмоқда. Бундай чора-тадбирлар туфайли сайёрамиз бўйича тахминан 170 миллионта касалланиш ва 1 миллионга яқин ўлим ҳолатларининг олди олинди.
Эмлаш дастурлари кенгаймоқда
Дунё бўйлаб менингит, полиомиелит, пневмококк ва ротавирус инфекциялари, шунингдек, бачадон бўйни саратонининг асосий сабаби бўлган инсон папиллома вируси (ОПВ)га қарши эмлаш қамрови кенгаймоқда.
Ўтган йили 86 миллион нафар қиз ОПВга қарши вакцина олган. Эмлаш ва скрининг текширувлари кучайтирилиши натижасида Бразилия, Хитой, Индонезия, Нигерия, Покистон ва Руанда бачадон бўйни саратонини тўлиқ бартараф этиш арафасида турибди.