Бугунги глобаллашув ва билим иқтисодиёти даврида инсон капитали давлат тараққиётининг энг муҳим мезонига айланган. Янги технологиялар, тезкор ахборот оқимлари, сунъий интеллект каби жараёнлар ишлаб чиқариш ва иқтисодиёт қаторида таълим тизимининг ҳам тубдан янгиланишини талаб этмоқда. Шундай шароитда ҳар қандай мамлакатнинг эртанги куни бугун қандай таълим концепциясини танлаши, қайси қадриятларни ёшлар онгига сингдириши билан белгиланади. Мамлакатимизда ҳам таълимнинг барча бўғинлари изчил ривожлантириляпти. Янги таълим масканлари қурилмоқда ва замонавий жиҳозланиб, ёшларнинг билим олиши учун барча шароитлар яратилмоқда.

Бироқ бу узлуксиз жараён. Иқтидорли болаларга ихтисослашган билим бериш, ёшларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш доимий эътиборни талаб этади. Видеоселектор кун тартибидан ўрин олган масалалар юртимизда бу жараённинг давомийлигини, тизимли ёндашув асо­сида кечаётганини кўрсатди.

Жамиятда ўз ўрнини топадиган, мустақил фикр­лайдиган, касбий кўникмаларга эга ва энг муҳими, юксак маънавиятли шахсни шакллантиришга бу­гунги куннинг асосий вазифаси сифатида қаралар экан, таълим соҳаси давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланиши бежиз эмаслиги кўри­нади. Негаки таълим нафақат билим бериш, балки ёш авлодни комил инсон қилиб тарбиялашдек улкан масъулиятни ҳам зиммасига олади. Шу боис, маъна­вий-тарбиявий ишлар таълимнинг ажралмас қисми­дир. Аммо ҳозирги кунгача бу борада ягона ёнда­шув бўлмаганини тан олиш керак.

Бу бўшлиқни тўлдириш учун муҳим ташаббус илгари сурилмоқда. Яъни болалар боғчасидан тор­тиб, олий таълимгача қамраб оладиган ягона мил­лий ғоя концепцияси ишлаб чиқилди. Энди турли идоралар ўзича “тадбир” ўтказиш билан овора бўлмайди. Бир бутун концепция асосида ишланган намунавий режалар таълим муассасаларига йўлла­нади, уларнинг ижроси мунтазам назорат қилинади.

Энг муҳими, бу тизим ёшларни ортиқча тад­бирларга жалб этмайди. Аксинча, ҳар бир тадбир мазмунли, савияли ва ёшларнинг қизиқишига мос бўлади. Масалан, кимдир китобхонликка, кимдир санъатга, яна кимдир спортга қизиқса, миллий ғоя концепцияси уларнинг ҳар бир йўналишдаги истеъ­додини қўллаб-қувватлашга қаратилади. Бу орқали ёшларнинг бўш вақти ҳам мазмунли ташкил этила­ди, таълим-тарбия жараёни эса ягона мақсад — бар­камол инсон тарбиясига йўналтирилади.

Энг кўп йўқотишларга олиб келувчи майдон

Бўш вақт — таълим тизимида энг кўп йўқотишларга олиб келадиган майдон. Бола ким бўлиб воя­га етишида дарсдан кейинги муҳит муҳим аҳамият касб этади. Шу сабаб марказдан тортиб, мактабгача бўлган бошқарув занжири битта мақсадга хизмат қиладиган, масъулият ва вазифалари аниқ ягона вер­тикал тизим зарур эди.

“Баркамол авлод” болалар мактаби, Республика ўқувчи ёшлар маркази ҳамда “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти негизида ташкил этилаёт­ган “Келажак” марказлари айни шу ғоянинг таянчи бўлиб хизмат қилиши кўзда тутилмоқда.

Юқорида номи қайд этилган муассаса ҳамда жамиятлар алоҳида-алоҳида ишлаганда куч ва ресурслар тақдимотида ноаниқликлар юзага келиши эҳтимолдан холи эмасди. Бир бренд остида бирлаштириш эса дастурларни ягона стандартга келтириш, устозлар малакасини тизимли ошириб бориш, жиҳозлаш ишларини изчил йўлга қўйиш, такрорланаётган тўгаракларни оптималлаштириш демакдир. Ҳар бир туманда битта марказ атрофида робототехни­ка, АТ, спорт, санъат, театр, медиасаводхон­лик, дебат, стартап лабораториялари йўлга қўйилса, истеъдодларни эрта кашф этиб, уларни қизиқишлари бўйича йўналтириш мумкин.

Интизомга ўргатувчи омиллар

Бундай тизим ёшлар сиёсатининг профи­лактик чораси ҳамдир. Зеро, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, тўғри йўналтириш радикал ғоялар, кўча субмада­нияти ва зарарли одатларга қарши энг кучли восита. Спорт ва санъат болани интизомга ўргатади, техник йўналишлар эса меҳнат бозорида керак бўладиган кўникмаларни бе­ради. Эрта касбга йўналтириш миграция бо­симини камайтиради, маҳаллий иқтисодиётга мос кадрлар етиштиради.

Амалий механизмлар ҳам аниқ бўлиши керак: ихтиёрийлик тамойили, қизлар ишти­рокини ошириш учун хавфсиз муҳит ва кеч­ки қатнов масаласи, ногиронлиги бўлган болалар учун мослаштириш, ўқитувчиларга ортиқча юклама бермаслик, тўгарак раҳ­барларига қўшимча ҳақ ва сертификатлаш тизими шулар жумласидан. Рақамли плат­форма орқали рўйхатдан ўтиш ва жадвални кўриш қулай бўлса, қамров ошади. Маҳалла, олий таълим ва бизнес билан ҳамкорлик эса амалий лойиҳаларни кўпайтиради.

— Шу вақтга қадар боғча, мактаб ва олий таълим ўртасидаги боғлиқликни таъминлов­чи яхлит тизим йўқ эди. Шу нуқтаи назардан, уларни бир-бирига боғлайдиган, бири иккинчи­сини мантиқан давом эттирадиган ягона маъна­вий-маърифий ишлар режаси яратилди: ойларга ном берилди, уни амалга ошириш механизмлари ишлаб чиқилди, — дейди мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиев. — Ўзбекистонда миллий тарбия моделини яратиш бўйича ҳам аниқ вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, жорий ўқув йили ўзига хос янгилик би­лан бошланди. Яъни барча боғча, мактаб ва олий­гоҳларда ҳар душанба “Келажак соати” дарслари ўтилмоқда. Мазкур дарслардаги ҳар битта мавзу видеоконтентлар билан бойитилиб, барча учун очиқ бўлган milliytarbiya.uz платформасига жой­лаштирилди.

Умуман олганда, “Келажак” марказлари ва мактаб маслаҳатчиси институтини жорий этиш бўш вақтни жамият капиталига айлантириш йўлидаги муҳим стратегик қадамдир. Мазкур ташаббус, шубҳасиз, таълимнинг тарбиявий қисмига таянч бўлади, мамлакатнинг инсон ре­сурсини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Беш кун иш, бир кун ўқиш

Сўнгги йилларда мактабгача таълим тизи­мида кечган ислоҳотлар катта натижаларни кўрсатмоқда. Соҳада кейинги 8 йилда бо­лажонлар учун қўшимча 2,5 миллион ўрин яратилиб, кўрсаткич 78 фоизга етгани давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида ўзини оқлаётганини билдиради. Шу билан бирга, жараённинг узлуксизлигини таъ­минлаш мақсадида ҳар йилги демографик ўз­гаришларга мутаносиб равишда янги ўринлар очиш режалаштирилмоқда. Бу эса аҳолининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш, мак­табгача таълимни янада кенгайтириш ва сифа­тини оширишга хизмат қилади. Янги қурилаёт­ган кўп қаватли уйлар таркибида аҳоли сонига мутаносиб боғча барпо қилиниши ҳам навбат муаммосини бартараф этиш, ота-оналарга қу­лайлик яратиш ҳамда болаларнинг мактабгача таълимдан четда қолмаслигини таъминлаш учун муҳим чорадир.

Инфратузилма кенгайиши билан бирга тар­биячилар малакасини ошириш масаласи ҳам долзарб бўлиб турибди. Бугунги кунда давлат боғчаларида тарбиячиларнинг 38 фоизи, хусу­сий боғчаларда эса атиги 24 фоизи олий маъ­лумотли. Шу боис, янги ўқув йилидан бошлаб “1+5” модели — бир ҳафта давомида беш кун ишлаш ва бир кун ўқиш шаклидаги бакалав­риат дастури жорий қилинмоқда. Бу тизим орқали ҳар йили олий маълумотли қарийб 10 минг тарбиячи тайёрланиши кўзда тутилган. Шунингдек, бу йил боғча ўринларини 182 мингтага кўпайтириш режалаштирилмоқда: 82 минг ўрин янги боғчалар ҳисобига, қолган 100 минг ўрин эса мавжуд муассасаларни таъмир­лаш ва хусусий секторни жалб қилиш орқали яратилади. Қамров даражаси 80 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарларда эса хусусий сек­торнинг фаол иштироки рағбатлантирилади. Энди боғча ва мактабларнинг бўш майдонла­рида давлат-хусусий шериклиги асосида янги мактабгача таълим ташкилотлари барпо этиш мумкин. Тадбиркорларга ер майдонлари текин ажратилиши, фаолиятни бошқа мақсадларга ўзгартирмаслик шарти билан 7 йилгача имтиёз­ли кредит берилиши уларга қўшимча имконият яратади, натижада мактабгача таълим соҳаси бизнес учун жозибадор йўналишга айланади. Бу эса янги иш ўринлари очиш, ҳудудлар кеси­мида қамровни кенгайтириш ва сифатни оши­ришга замин яратади.

Келгуси уч йилда 14 ҳудудда “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи йўл­га қўйилиши режалаштирилмоқда. Уларнинг таркибида Болаларни ривожлантириш иннова­цион марказлари фаолият юритади. Ушбу мар­казлар замонавий методикаларни татбиқ этиш, ижодкорлик ва мантиқий тафаккурни эрта ри­вожлантиришга қаратилади. Натижада оддий боғча модели эмас, балки келажак жамиятига тайёрловчи, инновацион ёндашувларга асосланган муассасалар шаклланади.

Қамров кенгайиб бормоқда

— Бугунги кунда мактабгача таълим таш­килотларига қамров 78 фоизни ташкил қила­ётган бўлса, ҳар йилги демографик ўсишлар 180 мингдан зиёд янги ўрин яратишни талаб этмоқда. Видеоселекторда бу борада хусусий секторни жалб қилиш бўйича механизмлар ху­сусида батафсил маълумот берилди, — дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги де­партaмент директори Лола Бердиева. — Дав­лат-хусусий шериклик лойиҳаларига кўра, ху­сусий шерикка мактаб ёки боғча ҳудудидан ер майдонлари тўлов шартларисиз ажратилади ва уларга ўттиз йил муддатга мактабгача таълим ташкилоти сифатида фойдаланишга рухсат берилади. Бунга қўшимча равишда ҳар бир бо­лага кетадиган харажатларнинг 50 фоизи суб­сидия шаклида тўлаб берилиши, шунингдек, бундай фаолиятни йўлга қўйиш учун имтиёзли кредитлар назарда тутилган. Муҳим янгилик ҳар бир ҳудудда Президент мактаблари тажри­баси асосида янги авлод боғчалари очилиши бўлди. Бу орқали биз болаларнинг таълимнинг кейинги босқичига тайёрлиги ва иштиёқини ошириб борамиз.

Боғча таълимида фақат жой ва кадр эмас, таълим мазмунининг ўзи ҳам замон талабига мос бўлиши лозим. Айни мақсадда ҳафта­лик тематик пакетлар ишлаб чиқиш, болалар контентини “Миллий тарбия” платформасига жойлаштириш ва интерактив воситалар билан бойитиш режалаштирилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, қамровни кенгай­тириш, сифатни таъминлаш, хусусий секторни жалб этиш ва инновацион марказлар ташкил этиш орқали мактабгача таълим тизимини янги босқичга кўтариш мақсад қилинган. Бу жараён болаларнинг эрта ёшдан бошлаб билим, тар­бия ва кўникмаларни эгаллашига шароит, ота-оналар учун ижтимоий қулайликлар яратади. Иқтисодий жиҳатдан эса янги имкониятларни юзага чиқаради. Шу тариқа мактабгача таълим соҳасидаги кенг қамровли ислоҳотлар келажак авлод тарбияси ва мамлакат тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Мактаб таълими: имконият ва муаммолар

Охирги уч йилда мамлакатимизда 201 та ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилди. Бу иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш ва уларга чуқурлаштирилган таълим бериш учун катта имконият. Аммо 12 та мактабда қурилиш-таъ­мирлаш ишлари ҳануз якунланмаган, бу эса ҳу­дудий бошқарувдаги сусткашликни кўрсатади.

Мактабга қатнов ҳам муҳим масалалар­дан. Узоқ ҳудудлардаги 74 минг ўқувчи 5-7 километр масофани босиб мактабга қатнашга мажбур. Қашқадарё ва Сурхондарёда 100 та мактабга бепул автобус ажратилгани ижо­бий ечим сифатида баҳоланмоқда. Бундай амалиёт бошқа ҳудудларда ҳам жорий этили­ши кутиляпти.

Мактаб таълимини мазмун жиҳатидан ян­гилаш борасида сезиларли ўзгаришлар куза­тилмоқда. Ўтган йил 1-синфларда информа­тика дарслари йўлга қўйилди. Кейинги ўқув йилидан эса юқори синфларда сунъий интел­лект бўйича махсус дарслар киритилиши ре­жалаштирилган. Бунинг учун 2 минг синфхо­нани компьютер ва интерактив доскалар билан жиҳозлаш кўзда тутилган. Бу ташаббус фақат техник таъминот билангина эмас, балки ўқи­тувчиларни тайёрлаш, методик қўлланмалар ишлаб чиқиш ва баҳолаш тизимини такомил­лаштириш билан биргаликда амалга оширили­ши лозим.

Ўқитувчиларнинг касбий салоҳияти таълим сифатида ҳал қилувчи омил бўлиб қолмоқда. Шу сабабдан уларга методик ёрдам берувчи ҳудудий марказлар, менторлик дастурлари ва малака ошириш курслари йўлга қўйилиши за­рур. Шунингдек, ўқув дастурларини лойиҳа­вий ишларга йўналтириш, фанлараро интеграцияни кучайтириш ҳам бугунги кунда долзарб масала.

Мактаблар ўртасидаги сифат фарқи эса ижтимоий тенгсизликни кучайтиради. Бу тафо­вутни камайтириш учун ресурсларни адолатли тақсимлаш, рақамли мониторинг тизимини жо­рий этиш ва қамров кўрсаткичларини реал вақт режимида кузатиш муҳим. Тезкор чоралар си­фатида якунланмаган 12 та мактаб қурилишини тугатиш, автобуслар тармоғини кенгайтириш, 2 минг синфхонани жиҳозлаш ва информатика ҳамда сунъий интеллект курсларини босқич­ма-босқич жорий этиш белгиланган.

Замонавий дунё тобора технологик тараққиёт йўлига чиқмоқда

Йиғилишда давлатимиз раҳбари иқти­содиёт тармоқларининг бугунги ва эртанги талаблари ҳақида сўз юритиб, техника ҳамда муҳандислик йўналишларини ривожланти­риш масаласига алоҳида тўхталди. Бу бежиз эмас. Чунки замонавий дунё тобора техно­логик тараққиёт йўлидан борар экан, янги авлоднинг рақобатбардош бўлиши, мамла­катнинг саноат салоҳияти ҳам шундай му­тахассислар тайёрлашга бевосита боғлиқ. Шу боис, мутасадди идоралар ташаббуси билан Ихтисослаштирилган таълим муас­сасалари агентлиги тизимида 14 та ҳудудда муҳандислик мактаблари ташкил этилмоқда. Бу мактабларга ўқувчилар имтиҳон асосида саралаб олинади ва таълим жараёни тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштири­лади. Шунингдек, бу муассасаларда “Янги Ўзбекистон” университети ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослашган мактаб тажрибасига таянган ҳолда муҳандислик дастури йўлга қўйилади. Дарслар 5 йиллик махсус дастур асосида, STEM модели бўйича ўтилиши белгиланган.

Муҳандислик таълимининг оммалашуви учун рағбатлантирувчи механизмлар жорий этилмоқда. Хусусан, 2026 йилдан эътиборан ҳар йили умумтаълим мактаблари ўртасида Президент соврини учун “Илғор муҳандислик мактаби” миллий танлови ўтказилиши режа­лаштирилган. Бу танлов нафақат мактаблараро соғлом рақобатни кучайтиради, балки бола­ларда техника ва табиий фанларга қизиқишни янада оширади.

Табиатшунослик фанларини чуқур ўқитиш­га алоҳида эътибор қаратилмоқда. Барча ҳудуд­ларда ихтисослашган мактаблар ташкил эти­лиши, Тошкент шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги мактаб эса шу йўналишда таянч мактаб сифатида хизмат қилиши кўзда тутил­ган. Бу орқали илм-фан ва таълим узвийлиги таъминланади, ёшларимизнинг фундаментал билимлари мустаҳкамланади.

Айни пайтда техника олий таълим муасса­салари сафи кенгаймоқда. Жумладан, машҳур Н.Э.Бауман номидаги Москва давлат техника университети филиали, “ТоshTech” техника университети ҳамда Олмалиқ давлат техника институти очилиши белгиланган. Бундай та­шаббуслар халқаро таълим тажрибасини жалб этишга, замонавий кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.

Авлоний издошлари рағбатлантирилади

Яна бир янгилик ўқитувчиликка меҳр қўйган ёшларни рағбатлантиришга қара­тилган. Ҳозирги кунгача бу соҳада алоҳи­да давлат стипендияси йўқ эди. Шу боис, жорий ўқув йилидан бошлаб педагогика йўналишидаги олий таълим муассасалари талабалари учун Абдулла Авлоний номи­даги давлат стипендияси таъсис этилмоқда. Стипендия бакалавриатнинг 3-4-курслари учун бўлади, ёшларни ўқиш ва илмий изла­нишларга ундайди.

Шунингдек, йиғилишда фан ва инновация­лар соҳасида амалга оширилиши режалашти­рилган ишлар тақдимот қилинди. Бу икки соҳа­даги ислоҳотлар бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Ватанимиз келажагини тасаввур қиларканмиз, бу йўналишларни ажратиб қарашнинг имкони йўқ. Негаки жамият тараққиёти, иқтисодиёт модернизацияси, янги технологиялар жорий этилиши — буларнинг барчаси, аввало, илмий салоҳиятга таянади.

Олий таълимдан кейинги босқич — док­торантура тизимининг такомиллаштирилиши ҳам долзарб масала сифатида илгари сурилди. Ҳозирча квоталар умумий эҳтиёжга қараб бел­гиланаётган бўлса, эндиликда улар мамлакат ривожланишининг устувор йўналишларига мувофиқ тақсимланади. Бу шуни англатадики, иқтисодиётнинг қайси соҳасига илмий ёнда­шув, янги ишланма зарур бўлса, ўша ерда мала­кали илмий кадрлар кўпроқ тайёрланади. Ма­салан, энергетика, қишлоқ хўжалиги, сунъий интеллект, соғлиқни сақлаш каби йўналишлар­да чуқур тадқиқотлар олиб боришга эҳтиёж бор. Демак, бундан буён илмий ресурслар аниқ мақсад сари йўналтирилади.

Шу билан бирга, Фанлар академиясининг жамият ҳаётидаги роли қайта белгилаб олин­моқда. Авваллари академия кўпроқ рамзий нуфуз билан боғланган, энди эса у мамлакат тараққиётининг илмий маркази сифатида май­донга чиқмоқда. Фундаментал, амалий ва ин­новацион тадқиқотлар академиянинг уч асосий йўналиши этиб белгиланган. Фундаментал илм янги назариялар, янги илмий концепциялар туғиладиган манбадир. Амалий тадқиқотлар, инновацион ишланмалар эса айнан бугунги бозор эҳтиёжига мос, даромад келтирадиган технологияларни яратади. Шу учала йўналиш­ни уйғунлаштирмасдан туриб иқтисодий ўсиш, ижтимоий ривожланиш ҳақида гапириш муш­кул.

Албатта, илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Кўп ҳолларда бизда илмий тадқиқот­лар қоғозда қолиб кетар, лаборатория натижа­лари эса ишлаб чиқариш цехига етиб бормас­ди. Эндиликда бу бўғин қатъий назорат остига олинади, илмий ғоялар реал ҳаётга хизмат қила бошлайди. Шу жараён самарали йўлга қўйил­са, иқтисодий кўрсаткичлар ўсади, ёш олим­ларда ҳам меҳнатининг қадрига ишонч ҳисси кучаяди.

Келажак таълим ва муаллимга боғлиқ

Йиғилишда энг кўп урғу қаратилган маса­лалардан бири ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш бўлди. Чунки таълимга қандай ислоҳот, қандай инфратузил­ма ёки технология жорий этилишидан қатъи назар, барибир инсон омили — педагог шах­си орқали ҳаётга татбиқ этилади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, иқтисодиёт ривожи, юртимиз ва фарзандларимиз келажаги фақат ва фақат таълим ва муаллимга боғлиқ.

Кейинги уч йилда ўқитувчиларнинг моддий таъминоти сезиларли даражада ошди. Маош тизимига 10 дан ортиқ устама киритилди, бу эса фаол ва натижа кўрсатган педагогларни алоҳида рағбатлантириш имконини берди. Бу­гунги кунда ўз устида тинимсиз ишлаган 60 мингдан ортиқ ўқитувчи 10-12 миллион сўмга­ча маош олмоқда. Янги баҳолаш тизими ҳам ўз натижасини бера бошлади: дастлабки босқичда 1,5 минг мактаб қамраб олинди, уларнинг 300 таси ижобий кўрсаткичга эришди ва нати­жада бутун жамоа 40 фоизгача устама олиш имкониятига эга бўлди. Бундан ташқари, жо­рий ойдан бошлаб мактаб директорлари, боғча мудиралари ва уларнинг ўринбосарлари маоши 10 миллион сўмдан ошди. Демак, ислоҳот энди раҳбар ходимлар учун мотивацион механизмни тақдим этмоқда.

Қўшимча устамалар, моддий рағбатлар фақат ойлик даромадни кўпайтирибгина қол­май, касбнинг ижтимоий нуфузини ҳам оши­ради. Ўқитувчининг жамиятдаги обрўси кучай­ган сари ёшларнинг педагогикага қизиқиши ортади. Бу эса келажакда малакали кадрларга эҳтиёжни табиий йўл билан қондиради.

“Касб-ҳунарга ўргатиш йили”

Юртимизда 450 минг ўқувчини қабул қила оладиган 598 та техникум мавжуд бўлса-да, уларга ёшларнинг қизиқиши ва бандлик кўр­саткичлари етарли даражада эмас. 2024 йилда 9-синфни 608 минг ўқувчи тамомлаган бўлса, уларнинг атиги 182 минг нафари техникумлар­га йўналтирилган. Демак, бор-йўғи учдан бир қисми касбий таълим тизимига қамраб олин­ган, қолганлари эса умумтаълимни давом эт­тириш ёки меҳнат бозорида расмий малакасиз фаолият юритиш йўлини танлаган. Бу эса икки томонлама хавф туғдиради: бир томондан, ёшларнинг барқарор даромад топиш имкони­ятлари чекланади, иккинчи томондан, ишлаб чиқариш тармоқларида малакали ишчи кучи танқислиги кучаяди. Шу боис, жорий йилни амалда “Касб-ҳунарга ўргатиш йили”га айлан­тириш ташаббуси илгари сурилди.

Мавжуд техникумларнинг кўпи ўз дастурларини замонавий ишлаб чиқариш талабла­ри билан уйғунлаштира олмаган. Шу сабабли таълим сифати билан бозор эҳтиёжи ўртасида катта тафовут юзага келмоқда. Буни бартараф этиш учун барча техникумларни босқичма-босқич замонавий касбга ўқитиш муҳити би­лан таъминлаш, ўқув дастурларида амалиёт улушини ошириш, дуал тизимни кенг жорий этиш ва ўқувчиларнинг камида 30-40 фоиз дарс соатларини бевосита корхоналарда амалиёт сифатида ўтказиш белгиланди. Шунингдек, инвесторлардан келаётган буюртмаларга мос кадр тайёрлаш имкониятлари яратилади, яъни техникумларда ўқув дастурларининг учдан бир қисми бевосита бозор талаби асосида шакллан­тирилади.

Президентимизнинг яқинда Хитойга ташрифи чоғида 35 миллиард долларлик истиқ­болли лойиҳалар пакети имзоланган эди. Бу лойиҳалар учун юзлаб янги технология ва минглаб малакали кадр зарур бўлади. Шу боис, ҳар бир вилоятда камида иккита “Ўзбекистон — Хитой устахонаси” ташкил этилиши бел­гиланди. Бу устахоналар бир вақтнинг ўзида замонавий технологияларни ёшлар амалиётида ўргатиш, хорижий тажрибани, хусусан, Хитой­нинг ишлаб чиқариш методларини ёшлар он­гига сингдириш имконини беради. Шунингдек, техникумларда ва олий таълим муассасаларида хитой тили ўқитилиши кенгайтирилади, юздан ортиқ тил эгаси ва волонтёр жалб этилиши ре­жалаштирилган. Бу ташаббус ёшларнинг бево­сита халқаро ҳамкорлик лойиҳаларига кириши­ни таъминлайди.

Мамлакат миқёсида касбий таълимни яго­на сиёсат асосида ривожлантириш учун янги Касбий таълим агентлиги ташкил этилиши белгиланди. Агентлик барча техникумларни ягона бошқарув остида ривожлантириш, дастурларни замонавийлаштириш, молиявий ре­сурсларни мувофиқлаштириш ва бозор эҳтиё­жига асосланган стандартларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

Йиғилишда бир муҳим жиҳат очиқ танқид қилинди: кўплаб тармоқ уюшмалари ҳали ҳам ўзларига аъзо бўлган корхоналарнинг малака талабларини тайёрлаб бера олмаяпти. Нати­жада корхоналар ҳам, техникумлар ҳам аниқ йўналишсиз қолмоқда. Бу эса таълим мазму­нининг бозор талабига мос келмаслигига олиб келяпти. Шу сабабли йил якунига қадар янги агентлик билан биргаликда ҳар бир тармоқ бўйича касблар кесимида стандарт ва талаблар ишлаб чиқилиши топширилди.

Касбий таълим иқтисодиёт ва таълим ўр­тасидаги кўприкдир. Агар у мустаҳкам бўлса, ёшлар келажагини аниқ кўради, корхоналар малакали ишчи кучига эга бўлади, мамла­кат иқтисодиёти эса барқарор ўсади. Бугунги топшириқлар — мавжуд техникумларни за­монавийлаштириш, дуаллик тизимини жорий қилиш, халқаро устахоналар очиш ва ягона бошқарув агентлигини ташкил этиш қисқа муддатда катта самаралар бериши мумкин. Энг муҳими, 9-синф битирувчиларининг камида ярми техникумлар билан қамраб олиниши ва­зифаси қўйилган. Мазкур натижага эришилса, ёшларнинг бандлик масаласи ва иқтисодиёт учун зарур кадрлар таъминоти анча енгилла­шади.

Таълим ва фан соҳаларидаги бундай кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимизнинг интеллектуал қудратини ошириш, халқаро майдонларда муносиб ўрин эгаллаши учун қўйилаётган пойдевордир. Ўзбекистон бугун ўз тараққиёт йўлининг янги босқичи сари юз тутмоқда. Бу йўлда мактабгача таълим­дан тортиб, олий таълим ва илмий тадқиқот­лар тизимигача бўлган ҳар бир бўғин уйғун ишлаши керак. Ана шунда “Янги Ўзбекистон” ғояси нафақат сиёсий шиор, балки амалий ҳаёт тарзига айланади.

Аслиддин АБДУРАЗЗОҚОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири