Бугунги глобаллашув ва билим иқтисодиёти даврида инсон капитали давлат тараққиётининг энг муҳим мезонига айланган. Янги технологиялар, тезкор ахборот оқимлари, сунъий интеллект каби жараёнлар ишлаб чиқариш ва иқтисодиёт қаторида таълим тизимининг ҳам тубдан янгиланишини талаб этмоқда. Шундай шароитда ҳар қандай мамлакатнинг эртанги куни бугун қандай таълим концепциясини танлаши, қайси қадриятларни ёшлар онгига сингдириши билан белгиланади. Мамлакатимизда ҳам таълимнинг барча бўғинлари изчил ривожлантириляпти. Янги таълим масканлари қурилмоқда ва замонавий жиҳозланиб, ёшларнинг билим олиши учун барча шароитлар яратилмоқда.
Бироқ бу узлуксиз жараён. Иқтидорли болаларга ихтисослашган билим бериш, ёшларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш доимий эътиборни талаб этади. Видеоселектор кун тартибидан ўрин олган масалалар юртимизда бу жараённинг давомийлигини, тизимли ёндашув асосида кечаётганини кўрсатди.
Жамиятда ўз ўрнини топадиган, мустақил фикрлайдиган, касбий кўникмаларга эга ва энг муҳими, юксак маънавиятли шахсни шакллантиришга бугунги куннинг асосий вазифаси сифатида қаралар экан, таълим соҳаси давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланиши бежиз эмаслиги кўринади. Негаки таълим нафақат билим бериш, балки ёш авлодни комил инсон қилиб тарбиялашдек улкан масъулиятни ҳам зиммасига олади. Шу боис, маънавий-тарбиявий ишлар таълимнинг ажралмас қисмидир. Аммо ҳозирги кунгача бу борада ягона ёндашув бўлмаганини тан олиш керак.
Бу бўшлиқни тўлдириш учун муҳим ташаббус илгари сурилмоқда. Яъни болалар боғчасидан тортиб, олий таълимгача қамраб оладиган ягона миллий ғоя концепцияси ишлаб чиқилди. Энди турли идоралар ўзича “тадбир” ўтказиш билан овора бўлмайди. Бир бутун концепция асосида ишланган намунавий режалар таълим муассасаларига йўлланади, уларнинг ижроси мунтазам назорат қилинади.
Энг муҳими, бу тизим ёшларни ортиқча тадбирларга жалб этмайди. Аксинча, ҳар бир тадбир мазмунли, савияли ва ёшларнинг қизиқишига мос бўлади. Масалан, кимдир китобхонликка, кимдир санъатга, яна кимдир спортга қизиқса, миллий ғоя концепцияси уларнинг ҳар бир йўналишдаги истеъдодини қўллаб-қувватлашга қаратилади. Бу орқали ёшларнинг бўш вақти ҳам мазмунли ташкил этилади, таълим-тарбия жараёни эса ягона мақсад — баркамол инсон тарбиясига йўналтирилади.
Энг кўп йўқотишларга олиб келувчи майдон
Бўш вақт — таълим тизимида энг кўп йўқотишларга олиб келадиган майдон. Бола ким бўлиб вояга етишида дарсдан кейинги муҳит муҳим аҳамият касб этади. Шу сабаб марказдан тортиб, мактабгача бўлган бошқарув занжири битта мақсадга хизмат қиладиган, масъулият ва вазифалари аниқ ягона вертикал тизим зарур эди.
“Баркамол авлод” болалар мактаби, Республика ўқувчи ёшлар маркази ҳамда “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти негизида ташкил этилаётган “Келажак” марказлари айни шу ғоянинг таянчи бўлиб хизмат қилиши кўзда тутилмоқда.
Юқорида номи қайд этилган муассаса ҳамда жамиятлар алоҳида-алоҳида ишлаганда куч ва ресурслар тақдимотида ноаниқликлар юзага келиши эҳтимолдан холи эмасди. Бир бренд остида бирлаштириш эса дастурларни ягона стандартга келтириш, устозлар малакасини тизимли ошириб бориш, жиҳозлаш ишларини изчил йўлга қўйиш, такрорланаётган тўгаракларни оптималлаштириш демакдир. Ҳар бир туманда битта марказ атрофида робототехника, АТ, спорт, санъат, театр, медиасаводхонлик, дебат, стартап лабораториялари йўлга қўйилса, истеъдодларни эрта кашф этиб, уларни қизиқишлари бўйича йўналтириш мумкин.
Интизомга ўргатувчи омиллар
Бундай тизим ёшлар сиёсатининг профилактик чораси ҳамдир. Зеро, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, тўғри йўналтириш радикал ғоялар, кўча субмаданияти ва зарарли одатларга қарши энг кучли восита. Спорт ва санъат болани интизомга ўргатади, техник йўналишлар эса меҳнат бозорида керак бўладиган кўникмаларни беради. Эрта касбга йўналтириш миграция босимини камайтиради, маҳаллий иқтисодиётга мос кадрлар етиштиради.
Амалий механизмлар ҳам аниқ бўлиши керак: ихтиёрийлик тамойили, қизлар иштирокини ошириш учун хавфсиз муҳит ва кечки қатнов масаласи, ногиронлиги бўлган болалар учун мослаштириш, ўқитувчиларга ортиқча юклама бермаслик, тўгарак раҳбарларига қўшимча ҳақ ва сертификатлаш тизими шулар жумласидан. Рақамли платформа орқали рўйхатдан ўтиш ва жадвални кўриш қулай бўлса, қамров ошади. Маҳалла, олий таълим ва бизнес билан ҳамкорлик эса амалий лойиҳаларни кўпайтиради.
— Шу вақтга қадар боғча, мактаб ва олий таълим ўртасидаги боғлиқликни таъминловчи яхлит тизим йўқ эди. Шу нуқтаи назардан, уларни бир-бирига боғлайдиган, бири иккинчисини мантиқан давом эттирадиган ягона маънавий-маърифий ишлар режаси яратилди: ойларга ном берилди, уни амалга ошириш механизмлари ишлаб чиқилди, — дейди мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиев. — Ўзбекистонда миллий тарбия моделини яратиш бўйича ҳам аниқ вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, жорий ўқув йили ўзига хос янгилик билан бошланди. Яъни барча боғча, мактаб ва олийгоҳларда ҳар душанба “Келажак соати” дарслари ўтилмоқда. Мазкур дарслардаги ҳар битта мавзу видеоконтентлар билан бойитилиб, барча учун очиқ бўлган milliytarbiya.uz платформасига жойлаштирилди.
Умуман олганда, “Келажак” марказлари ва мактаб маслаҳатчиси институтини жорий этиш бўш вақтни жамият капиталига айлантириш йўлидаги муҳим стратегик қадамдир. Мазкур ташаббус, шубҳасиз, таълимнинг тарбиявий қисмига таянч бўлади, мамлакатнинг инсон ресурсини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Беш кун иш, бир кун ўқиш
Сўнгги йилларда мактабгача таълим тизимида кечган ислоҳотлар катта натижаларни кўрсатмоқда. Соҳада кейинги 8 йилда болажонлар учун қўшимча 2,5 миллион ўрин яратилиб, кўрсаткич 78 фоизга етгани давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида ўзини оқлаётганини билдиради. Шу билан бирга, жараённинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида ҳар йилги демографик ўзгаришларга мутаносиб равишда янги ўринлар очиш режалаштирилмоқда. Бу эса аҳолининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш, мактабгача таълимни янада кенгайтириш ва сифатини оширишга хизмат қилади. Янги қурилаётган кўп қаватли уйлар таркибида аҳоли сонига мутаносиб боғча барпо қилиниши ҳам навбат муаммосини бартараф этиш, ота-оналарга қулайлик яратиш ҳамда болаларнинг мактабгача таълимдан четда қолмаслигини таъминлаш учун муҳим чорадир.
Инфратузилма кенгайиши билан бирга тарбиячилар малакасини ошириш масаласи ҳам долзарб бўлиб турибди. Бугунги кунда давлат боғчаларида тарбиячиларнинг 38 фоизи, хусусий боғчаларда эса атиги 24 фоизи олий маълумотли. Шу боис, янги ўқув йилидан бошлаб “1+5” модели — бир ҳафта давомида беш кун ишлаш ва бир кун ўқиш шаклидаги бакалавриат дастури жорий қилинмоқда. Бу тизим орқали ҳар йили олий маълумотли қарийб 10 минг тарбиячи тайёрланиши кўзда тутилган. Шунингдек, бу йил боғча ўринларини 182 мингтага кўпайтириш режалаштирилмоқда: 82 минг ўрин янги боғчалар ҳисобига, қолган 100 минг ўрин эса мавжуд муассасаларни таъмирлаш ва хусусий секторни жалб қилиш орқали яратилади. Қамров даражаси 80 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарларда эса хусусий секторнинг фаол иштироки рағбатлантирилади. Энди боғча ва мактабларнинг бўш майдонларида давлат-хусусий шериклиги асосида янги мактабгача таълим ташкилотлари барпо этиш мумкин. Тадбиркорларга ер майдонлари текин ажратилиши, фаолиятни бошқа мақсадларга ўзгартирмаслик шарти билан 7 йилгача имтиёзли кредит берилиши уларга қўшимча имконият яратади, натижада мактабгача таълим соҳаси бизнес учун жозибадор йўналишга айланади. Бу эса янги иш ўринлари очиш, ҳудудлар кесимида қамровни кенгайтириш ва сифатни оширишга замин яратади.
Келгуси уч йилда 14 ҳудудда “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Уларнинг таркибида Болаларни ривожлантириш инновацион марказлари фаолият юритади. Ушбу марказлар замонавий методикаларни татбиқ этиш, ижодкорлик ва мантиқий тафаккурни эрта ривожлантиришга қаратилади. Натижада оддий боғча модели эмас, балки келажак жамиятига тайёрловчи, инновацион ёндашувларга асосланган муассасалар шаклланади.
Қамров кенгайиб бормоқда
— Бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотларига қамров 78 фоизни ташкил қилаётган бўлса, ҳар йилги демографик ўсишлар 180 мингдан зиёд янги ўрин яратишни талаб этмоқда. Видеоселекторда бу борада хусусий секторни жалб қилиш бўйича механизмлар хусусида батафсил маълумот берилди, — дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги департaмент директори Лола Бердиева. — Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларига кўра, хусусий шерикка мактаб ёки боғча ҳудудидан ер майдонлари тўлов шартларисиз ажратилади ва уларга ўттиз йил муддатга мактабгача таълим ташкилоти сифатида фойдаланишга рухсат берилади. Бунга қўшимча равишда ҳар бир болага кетадиган харажатларнинг 50 фоизи субсидия шаклида тўлаб берилиши, шунингдек, бундай фаолиятни йўлга қўйиш учун имтиёзли кредитлар назарда тутилган. Муҳим янгилик ҳар бир ҳудудда Президент мактаблари тажрибаси асосида янги авлод боғчалари очилиши бўлди. Бу орқали биз болаларнинг таълимнинг кейинги босқичига тайёрлиги ва иштиёқини ошириб борамиз.
Боғча таълимида фақат жой ва кадр эмас, таълим мазмунининг ўзи ҳам замон талабига мос бўлиши лозим. Айни мақсадда ҳафталик тематик пакетлар ишлаб чиқиш, болалар контентини “Миллий тарбия” платформасига жойлаштириш ва интерактив воситалар билан бойитиш режалаштирилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, қамровни кенгайтириш, сифатни таъминлаш, хусусий секторни жалб этиш ва инновацион марказлар ташкил этиш орқали мактабгача таълим тизимини янги босқичга кўтариш мақсад қилинган. Бу жараён болаларнинг эрта ёшдан бошлаб билим, тарбия ва кўникмаларни эгаллашига шароит, ота-оналар учун ижтимоий қулайликлар яратади. Иқтисодий жиҳатдан эса янги имкониятларни юзага чиқаради. Шу тариқа мактабгача таълим соҳасидаги кенг қамровли ислоҳотлар келажак авлод тарбияси ва мамлакат тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Мактаб таълими: имконият ва муаммолар
Охирги уч йилда мамлакатимизда 201 та ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилди. Бу иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш ва уларга чуқурлаштирилган таълим бериш учун катта имконият. Аммо 12 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳануз якунланмаган, бу эса ҳудудий бошқарувдаги сусткашликни кўрсатади.
Мактабга қатнов ҳам муҳим масалалардан. Узоқ ҳудудлардаги 74 минг ўқувчи 5-7 километр масофани босиб мактабга қатнашга мажбур. Қашқадарё ва Сурхондарёда 100 та мактабга бепул автобус ажратилгани ижобий ечим сифатида баҳоланмоқда. Бундай амалиёт бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилиши кутиляпти.
Мактаб таълимини мазмун жиҳатидан янгилаш борасида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Ўтган йил 1-синфларда информатика дарслари йўлга қўйилди. Кейинги ўқув йилидан эса юқори синфларда сунъий интеллект бўйича махсус дарслар киритилиши режалаштирилган. Бунинг учун 2 минг синфхонани компьютер ва интерактив доскалар билан жиҳозлаш кўзда тутилган. Бу ташаббус фақат техник таъминот билангина эмас, балки ўқитувчиларни тайёрлаш, методик қўлланмалар ишлаб чиқиш ва баҳолаш тизимини такомиллаштириш билан биргаликда амалга оширилиши лозим.
Ўқитувчиларнинг касбий салоҳияти таълим сифатида ҳал қилувчи омил бўлиб қолмоқда. Шу сабабдан уларга методик ёрдам берувчи ҳудудий марказлар, менторлик дастурлари ва малака ошириш курслари йўлга қўйилиши зарур. Шунингдек, ўқув дастурларини лойиҳавий ишларга йўналтириш, фанлараро интеграцияни кучайтириш ҳам бугунги кунда долзарб масала.
Мактаблар ўртасидаги сифат фарқи эса ижтимоий тенгсизликни кучайтиради. Бу тафовутни камайтириш учун ресурсларни адолатли тақсимлаш, рақамли мониторинг тизимини жорий этиш ва қамров кўрсаткичларини реал вақт режимида кузатиш муҳим. Тезкор чоралар сифатида якунланмаган 12 та мактаб қурилишини тугатиш, автобуслар тармоғини кенгайтириш, 2 минг синфхонани жиҳозлаш ва информатика ҳамда сунъий интеллект курсларини босқичма-босқич жорий этиш белгиланган.
Замонавий дунё тобора технологик тараққиёт йўлига чиқмоқда
Йиғилишда давлатимиз раҳбари иқтисодиёт тармоқларининг бугунги ва эртанги талаблари ҳақида сўз юритиб, техника ҳамда муҳандислик йўналишларини ривожлантириш масаласига алоҳида тўхталди. Бу бежиз эмас. Чунки замонавий дунё тобора технологик тараққиёт йўлидан борар экан, янги авлоднинг рақобатбардош бўлиши, мамлакатнинг саноат салоҳияти ҳам шундай мутахассислар тайёрлашга бевосита боғлиқ. Шу боис, мутасадди идоралар ташаббуси билан Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида 14 та ҳудудда муҳандислик мактаблари ташкил этилмоқда. Бу мактабларга ўқувчилар имтиҳон асосида саралаб олинади ва таълим жараёни тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади. Шунингдек, бу муассасаларда “Янги Ўзбекистон” университети ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослашган мактаб тажрибасига таянган ҳолда муҳандислик дастури йўлга қўйилади. Дарслар 5 йиллик махсус дастур асосида, STEM модели бўйича ўтилиши белгиланган.
Муҳандислик таълимининг оммалашуви учун рағбатлантирувчи механизмлар жорий этилмоқда. Хусусан, 2026 йилдан эътиборан ҳар йили умумтаълим мактаблари ўртасида Президент соврини учун “Илғор муҳандислик мактаби” миллий танлови ўтказилиши режалаштирилган. Бу танлов нафақат мактаблараро соғлом рақобатни кучайтиради, балки болаларда техника ва табиий фанларга қизиқишни янада оширади.
Табиатшунослик фанларини чуқур ўқитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Барча ҳудудларда ихтисослашган мактаблар ташкил этилиши, Тошкент шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги мактаб эса шу йўналишда таянч мактаб сифатида хизмат қилиши кўзда тутилган. Бу орқали илм-фан ва таълим узвийлиги таъминланади, ёшларимизнинг фундаментал билимлари мустаҳкамланади.
Айни пайтда техника олий таълим муассасалари сафи кенгаймоқда. Жумладан, машҳур Н.Э.Бауман номидаги Москва давлат техника университети филиали, “ТоshTech” техника университети ҳамда Олмалиқ давлат техника институти очилиши белгиланган. Бундай ташаббуслар халқаро таълим тажрибасини жалб этишга, замонавий кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.
Авлоний издошлари рағбатлантирилади
Яна бир янгилик ўқитувчиликка меҳр қўйган ёшларни рағбатлантиришга қаратилган. Ҳозирги кунгача бу соҳада алоҳида давлат стипендияси йўқ эди. Шу боис, жорий ўқув йилидан бошлаб педагогика йўналишидаги олий таълим муассасалари талабалари учун Абдулла Авлоний номидаги давлат стипендияси таъсис этилмоқда. Стипендия бакалавриатнинг 3-4-курслари учун бўлади, ёшларни ўқиш ва илмий изланишларга ундайди.
Шунингдек, йиғилишда фан ва инновациялар соҳасида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар тақдимот қилинди. Бу икки соҳадаги ислоҳотлар бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Ватанимиз келажагини тасаввур қиларканмиз, бу йўналишларни ажратиб қарашнинг имкони йўқ. Негаки жамият тараққиёти, иқтисодиёт модернизацияси, янги технологиялар жорий этилиши — буларнинг барчаси, аввало, илмий салоҳиятга таянади.
Олий таълимдан кейинги босқич — докторантура тизимининг такомиллаштирилиши ҳам долзарб масала сифатида илгари сурилди. Ҳозирча квоталар умумий эҳтиёжга қараб белгиланаётган бўлса, эндиликда улар мамлакат ривожланишининг устувор йўналишларига мувофиқ тақсимланади. Бу шуни англатадики, иқтисодиётнинг қайси соҳасига илмий ёндашув, янги ишланма зарур бўлса, ўша ерда малакали илмий кадрлар кўпроқ тайёрланади. Масалан, энергетика, қишлоқ хўжалиги, сунъий интеллект, соғлиқни сақлаш каби йўналишларда чуқур тадқиқотлар олиб боришга эҳтиёж бор. Демак, бундан буён илмий ресурслар аниқ мақсад сари йўналтирилади.
Шу билан бирга, Фанлар академиясининг жамият ҳаётидаги роли қайта белгилаб олинмоқда. Авваллари академия кўпроқ рамзий нуфуз билан боғланган, энди эса у мамлакат тараққиётининг илмий маркази сифатида майдонга чиқмоқда. Фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар академиянинг уч асосий йўналиши этиб белгиланган. Фундаментал илм янги назариялар, янги илмий концепциялар туғиладиган манбадир. Амалий тадқиқотлар, инновацион ишланмалар эса айнан бугунги бозор эҳтиёжига мос, даромад келтирадиган технологияларни яратади. Шу учала йўналишни уйғунлаштирмасдан туриб иқтисодий ўсиш, ижтимоий ривожланиш ҳақида гапириш мушкул.
Албатта, илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Кўп ҳолларда бизда илмий тадқиқотлар қоғозда қолиб кетар, лаборатория натижалари эса ишлаб чиқариш цехига етиб бормасди. Эндиликда бу бўғин қатъий назорат остига олинади, илмий ғоялар реал ҳаётга хизмат қила бошлайди. Шу жараён самарали йўлга қўйилса, иқтисодий кўрсаткичлар ўсади, ёш олимларда ҳам меҳнатининг қадрига ишонч ҳисси кучаяди.
Келажак таълим ва муаллимга боғлиқ
Йиғилишда энг кўп урғу қаратилган масалалардан бири ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш бўлди. Чунки таълимга қандай ислоҳот, қандай инфратузилма ёки технология жорий этилишидан қатъи назар, барибир инсон омили — педагог шахси орқали ҳаётга татбиқ этилади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, иқтисодиёт ривожи, юртимиз ва фарзандларимиз келажаги фақат ва фақат таълим ва муаллимга боғлиқ.
Кейинги уч йилда ўқитувчиларнинг моддий таъминоти сезиларли даражада ошди. Маош тизимига 10 дан ортиқ устама киритилди, бу эса фаол ва натижа кўрсатган педагогларни алоҳида рағбатлантириш имконини берди. Бугунги кунда ўз устида тинимсиз ишлаган 60 мингдан ортиқ ўқитувчи 10-12 миллион сўмгача маош олмоқда. Янги баҳолаш тизими ҳам ўз натижасини бера бошлади: дастлабки босқичда 1,5 минг мактаб қамраб олинди, уларнинг 300 таси ижобий кўрсаткичга эришди ва натижада бутун жамоа 40 фоизгача устама олиш имкониятига эга бўлди. Бундан ташқари, жорий ойдан бошлаб мактаб директорлари, боғча мудиралари ва уларнинг ўринбосарлари маоши 10 миллион сўмдан ошди. Демак, ислоҳот энди раҳбар ходимлар учун мотивацион механизмни тақдим этмоқда.
Қўшимча устамалар, моддий рағбатлар фақат ойлик даромадни кўпайтирибгина қолмай, касбнинг ижтимоий нуфузини ҳам оширади. Ўқитувчининг жамиятдаги обрўси кучайган сари ёшларнинг педагогикага қизиқиши ортади. Бу эса келажакда малакали кадрларга эҳтиёжни табиий йўл билан қондиради.
“Касб-ҳунарга ўргатиш йили”
Юртимизда 450 минг ўқувчини қабул қила оладиган 598 та техникум мавжуд бўлса-да, уларга ёшларнинг қизиқиши ва бандлик кўрсаткичлари етарли даражада эмас. 2024 йилда 9-синфни 608 минг ўқувчи тамомлаган бўлса, уларнинг атиги 182 минг нафари техникумларга йўналтирилган. Демак, бор-йўғи учдан бир қисми касбий таълим тизимига қамраб олинган, қолганлари эса умумтаълимни давом эттириш ёки меҳнат бозорида расмий малакасиз фаолият юритиш йўлини танлаган. Бу эса икки томонлама хавф туғдиради: бир томондан, ёшларнинг барқарор даромад топиш имкониятлари чекланади, иккинчи томондан, ишлаб чиқариш тармоқларида малакали ишчи кучи танқислиги кучаяди. Шу боис, жорий йилни амалда “Касб-ҳунарга ўргатиш йили”га айлантириш ташаббуси илгари сурилди.
Мавжуд техникумларнинг кўпи ўз дастурларини замонавий ишлаб чиқариш талаблари билан уйғунлаштира олмаган. Шу сабабли таълим сифати билан бозор эҳтиёжи ўртасида катта тафовут юзага келмоқда. Буни бартараф этиш учун барча техникумларни босқичма-босқич замонавий касбга ўқитиш муҳити билан таъминлаш, ўқув дастурларида амалиёт улушини ошириш, дуал тизимни кенг жорий этиш ва ўқувчиларнинг камида 30-40 фоиз дарс соатларини бевосита корхоналарда амалиёт сифатида ўтказиш белгиланди. Шунингдек, инвесторлардан келаётган буюртмаларга мос кадр тайёрлаш имкониятлари яратилади, яъни техникумларда ўқув дастурларининг учдан бир қисми бевосита бозор талаби асосида шакллантирилади.
Президентимизнинг яқинда Хитойга ташрифи чоғида 35 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар пакети имзоланган эди. Бу лойиҳалар учун юзлаб янги технология ва минглаб малакали кадр зарур бўлади. Шу боис, ҳар бир вилоятда камида иккита “Ўзбекистон — Хитой устахонаси” ташкил этилиши белгиланди. Бу устахоналар бир вақтнинг ўзида замонавий технологияларни ёшлар амалиётида ўргатиш, хорижий тажрибани, хусусан, Хитойнинг ишлаб чиқариш методларини ёшлар онгига сингдириш имконини беради. Шунингдек, техникумларда ва олий таълим муассасаларида хитой тили ўқитилиши кенгайтирилади, юздан ортиқ тил эгаси ва волонтёр жалб этилиши режалаштирилган. Бу ташаббус ёшларнинг бевосита халқаро ҳамкорлик лойиҳаларига киришини таъминлайди.
Мамлакат миқёсида касбий таълимни ягона сиёсат асосида ривожлантириш учун янги Касбий таълим агентлиги ташкил этилиши белгиланди. Агентлик барча техникумларни ягона бошқарув остида ривожлантириш, дастурларни замонавийлаштириш, молиявий ресурсларни мувофиқлаштириш ва бозор эҳтиёжига асосланган стандартларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади.
Йиғилишда бир муҳим жиҳат очиқ танқид қилинди: кўплаб тармоқ уюшмалари ҳали ҳам ўзларига аъзо бўлган корхоналарнинг малака талабларини тайёрлаб бера олмаяпти. Натижада корхоналар ҳам, техникумлар ҳам аниқ йўналишсиз қолмоқда. Бу эса таълим мазмунининг бозор талабига мос келмаслигига олиб келяпти. Шу сабабли йил якунига қадар янги агентлик билан биргаликда ҳар бир тармоқ бўйича касблар кесимида стандарт ва талаблар ишлаб чиқилиши топширилди.
Касбий таълим иқтисодиёт ва таълим ўртасидаги кўприкдир. Агар у мустаҳкам бўлса, ёшлар келажагини аниқ кўради, корхоналар малакали ишчи кучига эга бўлади, мамлакат иқтисодиёти эса барқарор ўсади. Бугунги топшириқлар — мавжуд техникумларни замонавийлаштириш, дуаллик тизимини жорий қилиш, халқаро устахоналар очиш ва ягона бошқарув агентлигини ташкил этиш қисқа муддатда катта самаралар бериши мумкин. Энг муҳими, 9-синф битирувчиларининг камида ярми техникумлар билан қамраб олиниши вазифаси қўйилган. Мазкур натижага эришилса, ёшларнинг бандлик масаласи ва иқтисодиёт учун зарур кадрлар таъминоти анча енгиллашади.
Таълим ва фан соҳаларидаги бундай кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимизнинг интеллектуал қудратини ошириш, халқаро майдонларда муносиб ўрин эгаллаши учун қўйилаётган пойдевордир. Ўзбекистон бугун ўз тараққиёт йўлининг янги босқичи сари юз тутмоқда. Бу йўлда мактабгача таълимдан тортиб, олий таълим ва илмий тадқиқотлар тизимигача бўлган ҳар бир бўғин уйғун ишлаши керак. Ана шунда “Янги Ўзбекистон” ғояси нафақат сиёсий шиор, балки амалий ҳаёт тарзига айланади.
Аслиддин АБДУРАЗЗОҚОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири