Қалблар ҳаяжонга тўла, истиқболда кутилаётган орзу-умидлар бисёр. Мустақил ҳаёт остонасида турган ёшларнинг юз-кўзида жонажон мактабида олган барча билим ва кўникмаларни янада бойитиш, ўқиш-изланишга бўлган иштиёқни илғаш қийин эмас. Уларга билим ва салоҳиятини ошириб бориш орқали эртга юрт корига ярайдиган асл фарзанд бўлиш тилаклари билдирилди.
Бахтиёр САИДОВ, халқ таълими вазири:
— Мана, 2021/2022 ўқув йили ҳам кўз очиб-юмгунча ўз ниҳоясига етди. “Сўнгги қўнғироқ” садолари барчамизни ортда қолаётган бир ўқув йилига боқиб, сарҳисоб қилишга ундайди.
Ўтган ўқув йили давомида ҳар бир ўғил-қиз бир ёшга улғайди. Билими бойиб, маънавияти ошди. Яратилган имкониятлардан фойдаланиб, кўплаб ютуқларга эришган ўғил-қизларимиз кўплигидан қувончимиз чексиз.
Фахр билан айтиш керак: бугун юртимизда ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Истеъдодли ўқувчиларимиз бунга жавобан халқаро олимпиадалар, турли танловларда Ўзбекистонимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. Билим ва иқтидорини намоён этиб, кўнгилларга қувонч улашмоқда.
Муҳаббат ШАРАПОВА, Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг математика фани ўқитувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони:
— Барча мактабларда Президентимизнинг битирувчиларга йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Бу давлатимиз раҳбарининг битирувчи ўғил-қизлар билан бирга биз, педагогларга ҳам юксак эътиборидан далолат. Зеро, ўқитувчи учун ўзи таълим берган ўқувчисининг камолини кўришдан ортиқроқ бахт йўқ.
Мактаб деган масканнинг инсон қалбида, онгу шуурида қолдирган изини асло ўчириб бўлмайди. Ўқув муассасасига илк қадам қўйган бола билан қўлига шаҳодатнома олган ўсмирнинг 11 йиллик таълим-тарбиясида босиб ўтилган йўлни кўз олдингизга келтирсангиз, ҳаммаси ойдинлашади.
Бизни фахрлантираётган бир воқеа борки, албатта, айтишимиз зарур. Бу ҳам бўлса, бугун кўплаб мактабларимизнинг битирувчилари муддатидан олдин юртимиз ва хорижнинг кўплаб нуфузли олий ўқув юрти талабаси бўлмоқда. Назаримда, бу мамлакатимизда Учинчи Ренессансга пойдевор қўйилаётганининг илк нишоналаридир.
Кейинги йилларда ўқувчиларимиз турли халқаро беллашувларда юқори ўринларни эгаллаётганини кўриб ғурурланяпмиз. Хусусан, математика олимпиадаларида совринли ўринларга муносиб кўрилганлар ичида ўқувчиларим борлиги қувонарли. Шундай шогирдларимдан 16 нафари бугун мактабни аъло баҳолар билан тугатиб, муддатидан олдин юртимиз ва дунёнинг нуфузли олий ўқув юртларига талабаликка қабул қилинди. 9 шогирдим эса чет тилларни билиш даражаси бўйича халқаро сертификатни қўлга киритди. Мен бу ёшларни, таъбир жоиз бўлса, юртимиздаги Янги Уйғониш даври пойдевори бунёдкорлари, деган бўлардим.
Мамлакатимизда ёшлар учун беқиёс имконият ва имтиёзлар мавжуд. Ишонаманки, улардан самарали фойдаланган фарзандларимиз Янги Ўзбекистон шарафини юксакларга кўтаради.
Раҳматилла КАРИМОВ, Учтепа туманидаги 81-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиси, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси:
— Президентимизнинг мактаб битирувчиларига табригини ўқувчилар билан бирга тингладик. Давлатимиз раҳбарининг сўзлари барчага ўзгача руҳ бағишлади.
Президентимиз ташаббуси билан мактаб таълимини қўллаб-қувватлаш умуммиллий ҳаракатга айлантирилгани юртдошларимизнинг мактабга, ўқитувчиларга муносабатини тубдан ўзгартирди. Илгари одамлар мактабга фақат давлат пул ажратиши керак, деган тушунча билан яшаган бўлса, энди нега мана шундай савобли жараёндан мен четда қолишим керак, деган ҳис пайдо бўлаётганини кўряпмиз. Халқимизда таълимга дахлдорлик, болаларни сифатли ўқитишга ҳисса қўшиш иштиёқи уйғоняпти. Масалан, икки йил аввал мактабимизнинг собиқ битирувчиси, тадбиркор Исроил Юнусов мактабимизни капитал таъмирлаб берди. Барча жиҳозлар янгиланди. Мана — ислоҳотларнинг одамларга таъсири. “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида шу ҳақда болаларга сўзлаб бердим. Уларнинг ҳам эртага юрт корига ярайдиган асл фарзанд бўлиб етишишига тилак билдирдим.