Шу кунларда қайси даврага кирсангиз, давлатимиз раҳбарининг яқинда ёшлар билан мулоқотида янграган чақириқлар ва янги ташаббуслар муҳокамасига дуч келасиз. Бугуннинг ёшларига ҳар томонлама ҳавас қилгулик. Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати кўлами жуда кенг. Жамиятимиздаги ҳеч бир соҳа ёки тармоқ, ҳеч бир йигит-қиз бу ислоҳотлардан четда эмас. Ёшлар учун очилаётган янги имкониятларни эшитиб, кўриб, беихтиёр шоир ёзганидек, “Эҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди...”, деб юборасиз!
Куни кеча собиқ ҳамкасбимни учратиб қолдим. У билан 2000-йилларнинг бошида сиёсий партиянинг ёшлар тузилмасида бирга ишлаганмиз. Ўша даврларни эсладик. Бугун билан қиёслаб, ҳозирги ёшлар етакчиларига росмана ҳавасимиз келди.
Эсимда: ўшанда ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар тайёрланди. Улардан бири ёшларга оид сиёсатни мувофиқлаштирувчи ягона давлат органини ташкил этиш ғояси эди. Шу таклифни бир давра суҳбатида билдирганимизда кўп маломатга қолганмиз. Кўпчилик экспертлар фикримизни қўллаб-қувватламаган, аксинча, танқид қилган. Газеталардан бирида “Ижтимоий ҳаракат: у қандай бўлиши керак?” сарлавҳали мақолам эълон қилинганида ўша пайтдаги “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгашига чақириб, жиддий муҳокама қилишган. Ҳаракат фаоллигини ошириш бўйича билдирган таклифларим учун дакки эшитганман. “Бизда ҳаммаси зўр. Таклифларингизга муҳтож эмасмиз”, дейишган.
Ҳозир шулар ҳақида ўйласам, кўнгилнинг бир четида қолиб кетган аламли оғриқлар уйғонади. Ўша кезларда ёш ва ғайратли бўлганмиз. Қалбимизда кўп орзу-умидлар, ғоялар бор эди. Лекин ўша даврларда бизни эшитадиган, ғояларимизни амалга оширадиган ва бизни янги марраларга ундайдиган куч бўлмаган. Давраларда жўшиб ўз фикримизни баён қилганимизда бизга рағбат берилмаган, ғояларимиз қадр топмаган. Фаоллигимиз ва ташаббусларимиз учун катта авлоднинг кўп қаршилигига дуч келганмиз. Булар юракда аламли оғриққа айланган.
Бугуннинг ёшларида имконнинг ҳаммаси бор!
Энг муҳими, улар билан мулоқот қиладиган ва ғояларини рўёбга чиқарадиган давлат раҳбари бор. Шубҳасиз, Ўзбекистон ёшларини ҳаракатга келтириб, уларга эркин майдон ва минбар бериб, халқаро саҳналардаги улкан зафарларга илҳомлантирувчи шахс Президентимиздир.
Кейинги йиллардаги тизимли ислоҳотлар натижасида ёшларга оид давлат сиёсати ҳам шаклан, ҳам мазмунан тубдан ўзгарди. Ёшлар билан ишлаш ва уларнинг камолоти учун зарур шарт-шароитларни яратиш мамлакатимиздаги катта-кичик ҳар бир раҳбарнинг устувор вазифаси этиб белгиланди. Мактабгача, умумий ўрта ва олий таълим тизимида кенг кўламли янгиланишлар содир бўлди.
Сўнгги саккиз йилда хусусий сектор билан бирга боғчалардаги ўринлар 2,5 миллионга, қамров 78 фоизга етказилди. Янги мактаблар барпо этилгани ва мавжудлари кенгайтирилгани ҳисобига қўшимча 1 миллион ўқувчи ўрни очилди. Шу даврда олий таълимдаги қамров 9 фоиздан 42 фоизга етказилгани тизимдаги кескин бурилишни англатади. Спорт ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар жисмонан соғлом, баркамол авлодни камол топтириш ва Ватанимиз номини дунёга танитадиган янги истеъдодларни юзага чиқаришда муҳим омил бўлмоқда. Ўзбекистон Ёшлар тараққиёти глобал индексида энг юқори суръатда ривожланаётган давлат деб эътироф этилгани ҳам ёшлар сиёсати йўналишидаги саъй-ҳаракатларнинг амалий маҳсулидир.
Айнан шу даврда Президентимизнинг ёшлар билан мулоқоти анъанага айланди. Жорий йил 24 февраль куни бўлиб ўтган навбатдаги учрашув давлат ва ёшлар ўртасидаги институционал мулоқотнинг янги босқичини бошлаб берди. Унда 60 мингдан зиёд йигит-қиз иштирок этгани, муҳокама қилинган масалаларнинг қамрови ва эълон қилинган ташаббуслар тизимлилиги бу мулоқотни стратегик аҳамиятга эга сиёсий воқеа сифатида баҳолаш имконини беради.
Аввал қандай эди?
Ҳар қандай ислоҳотнинг моҳияти ва янгилиги қиёсий таҳлилда кўринади. Келинг, янги Ўзбекистондаги ёшлар сиёсатини мустақил тараққиётимизнинг аввалги даврларидаги ҳолат билан қиёсий ўрганайлик.
Мамлакатимизда ёшлар сиёсати мустақилликдан кейин давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келди. Бироқ мазмун-моҳияти, институционал асослари ва амалга ошириш механизмлари турли даврларда турлича хусусият касб этган. Айниқса, 1991-2016 йиллар ва 2017 йилдан кейинги давр ўртасида ёшлар сиёсатида концептуал ва амалий жиҳатдан сезиларли фарқлар кузатилади.
Ўзбекистон тараққиётининг дастлабки даврида ижтимоий ривожланишда маънавий-тарбиявий сиёсат устуворлик касб этди. Бу даврда ёшлар манфаатларининг ҳуқуқий кафолатларини яратиш, хусусан, уларнинг таълим олишига доир қонунчилик базаси шакллантирилди. Ўша кезларда ёшлар сиёсати асосан миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш, маънавий тарбия ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган эди. Ёшлар сиёсатининг марказида миллий қадриятлар, маънавият, давлатга садоқатли кадрлар тайёрлаш каби ғоялар турарди. Бу даврда ёшлар сиёсати кўпроқ ижтимоий- тарбиявий йўналишда бўлиб, иқтисодий мустақиллик ва ёшлар тадбиркорлигини оммавий қўллаб-қувватлаш тизими чекланган эди.
Дастлабки йилларда “Камолот” жамғармаси фаолият юритди. 2001 йилда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ташкил этилди. Ҳаракатнинг болалар қаноти сифатида “Камалак” тизими ҳам йўлга қўйилди. Бу ёшларни давлат сиёсати атрофида бирлаштиришга қаратилган марказлашган тизим эди. Лекин бу даврда ёшларга оид сиёсатни амалга оширадиган ва мувофиқлаштирадиган ягона давлат органи мавжуд бўлмаган. Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, хусусан, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида муаммолар бор эди. Бу муаммоларни ҳал этиш механизмлари қонунчиликда ва ижро органлари фаолиятида аниқ белгилаб қўйилмаган, мавжуд механизмлар ҳам заиф ва тор доирада эди. Масалан, қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифларни парламент минбарларига ёки ёшларнинг ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларини маҳаллий кенгашлар кун тартибига олиб чиқиш осон эмасди. Ёшлар сиёсатига доир чора-тадбирлар асосан йил дастурлари доирасида амалга ошириларди. Ёшларнинг айнан бир қатламига йўналтирилган ёки муайян муаммоларни бартараф этишга мўлжалланган мақсадли ижтимоий дастурлар кам эди. Давлат томонидан ёшлар учун бугунгидек рағбат чоралари ва очиқ мулоқот майдони таклиф қилинмаган.
Кечаги кунимизни ёмонлаш ниятидан йироқман. Бу — биз босиб ўтган ва мамлакатимиз тарихида ўзининг сезиларли изини қолдирган тараққиёт йўли. Айтаётган фикрларим ўша даврда ёш авлод вакили бўлган ва ёшлар билан ишлаш соҳасида фаолият юритган мутахассиснинг амалий тажрибаси маҳсули, шахсий қарашлари сифатида қабул қилинишини хоҳлардим. Юқорида қайд этилган ҳолатларнинг аксариятига амалиётда рўбарў келганман. Ўз вақтида ёшлар масалаларини турли минбарларга олиб чиқиш ва уларни ҳал этиш жараёнларида бевосита қатнашганман.
Албатта, 1991-2016 йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган ёшлар сиёсати ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий камолотига ўзига хос ҳисса қўшган. Буни тан олмаслик ва эътироф этмаслик адолатдан бўлмайди. Лекин бу даврдаги ёшлар сиёсатига баҳо беришда унинг нисбатан маънавият омилига йўналтирилгани, асосан ижтимоий-сиёсий тарбия ҳамда сафарбарликка қаратилганини қайд этиш лозим. Бошқача айтганда, аввалги даврда ёшлар сиёсати миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш, ижтимоий барқарорликни таъминлаш, марказлашган ташкилотчилик моделига таянган эди.
Нималар ўзгарди?
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ёшлар сиёсати институционал ва ҳуқуқий жиҳатдан чуқурлашиб, давлат тараққиёт стратегиясининг устувор қисмига айланди. Президентимиз ташаббуси билан асос солинган ёшлар сиёсати кўп жиҳатдан янгича ва фарқли.
2016 йилда бўлиб ўтган Президентлик сайловлари даврида давлатимиз раҳбари “Ёшлар билан ишлаш масаласи ижтимоий сиёсатимизнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар дастурини амалга оширишни тақозо этади”, деб таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, 2017 йилдан ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида тизимли ва кенг кўламли ислоҳотлар даври бошланди.
Биринчидан, ёшларни “ижтимоий гуруҳ” эмас, “демографик-иқтисодий ресурс” сифатида бошқаришга ўтилди. Аниқроғи, ёшлар масаласи “тарбия” доирасидан чиқиб, меҳнат бозори, бандлик, тадбиркорлик ва инсон капитали мантиғига кўчди.
Бунинг амалий исботини айрим рақамлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Ўтган йили ёшлар бандлигини таъминлаш учун банклар ва Ёшлар ишлари агентлигига 400 миллион доллар йўналтирилган, “Ёшлар бизнеси” ва “Келажакка қадам” дастурлари ҳисобидан 15 минг йигит-қиз тадбиркорлигини йўлга қўйиб, 50 минг кишини иш билан таъминлаган.
Иккинчидан, ёшлар сиёсатини амалга оширувчи муҳим институтлар фаолияти йўлга қўйилди. Ёшлар сиёсати алоҳида давлат сиёсати йўналиши сифатида ҳуқуқий ва ташкилотчилик жиҳатидан такомиллаштирилди. Бошқача айтганда, ёшлар сиёсати “ташкилот”дан “давлат тизими”га ўтди.
Хусусан, 2016 йил 14 сентябрда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Бу ёшлар сиёсати ривожида янги босқич сифатида баҳоланади.
2017 йил 30 июнь куни давлатимиз раҳбари “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати негизида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқини таъсис этиш ташаббусини билдирди. Ўша йил 5 июлда Президентимизнинг давлат ёшлар сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақидаги фармони қабул қилинди.
2020 йил 30 июнда ёшлар сиёсатини амалга оширувчи ва мувофиқлаштирувчи давлат органи — Ёшлар ишлари агентлиги тузилди. Мазкур агентлик ташкил қилиниши билан ёшлар сиёсати алоҳида давлат бошқаруви институтига айланди. Шу тариқа босқичма-босқич ёшлар билан ишлаш соҳасидаги давлат бошқаруви архитектураси янгиланди.
Учинчидан, ёшлар билан ишлашда “Ижтимоий дастурлар ва бозор механизмлари” уйғунлигига асосланган янгича тизимга асос солинди. Бу тизим иқтисодий рағбат орқали ёшлар учун янги имкониятлар очишни кўзда тутади. Ҳозир ёшлар сиёсатида давлатнинг роли фақат “тарбия” эмас, балки кредит, грант, инкубация, франшиза, инфратузилма харажатини қоплаш каби иқтисодий воситалар орқали намоён бўляпти.
Мисол учун, мулоқотда инновацион стартап лойиҳаларига 100 минг долларгача инвестиция киритишга рухсат берилиши эълон қилинди. Сервис ва умумий овқатланиш соҳасида мингдан зиёд иш ўрни очган маҳаллий брендлардан франшиза олиб, филиал очишга қизиққан ёшлар учун қулай молиялаштириш пакетлари жорий қилинади.
Тўртинчидан, ёшлар билан ишлашда инклюзивлик ва “иккинчи имкон” сиёсатига аҳамият берилмоқда. Бугун ёшлар сиёсатида янги қатлам — жамиятнинг асосий ижтимоий, иқтисодий ва маданий тизимларига тўлиқ қўшила олмаган, уюшмаган ёшлар гуруҳи билан ишлаш ҳам алоҳида дастурга айланяпти. Масалан, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган ёшларнинг жамиятга тез мослашиши учун “Иккинчи имкон” лойиҳаси амалга оширилади. Унга асосан 8-12 ой интенсив курсларда касб ва чет тили, даромадли ишга тайёрлаш чоралари кўрилади.
Бешинчидан, ёшлар “иқтисодий драйвер” сифатида баҳоланмоқда. Мулоқотда ёшлар тадбиркорлиги учун қўшимча 200 миллион доллар ажратиш, кредит миқдорини кескин ошириш, венчур молиялаштириш имкониятини кенгайтириш, бизнес инкубаторлар жорий этиш бўйича билдирилган ташаббуслар моҳиятан ёшларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган тизимли сиёсатни намоён этади. Бу Ўзбекистон раҳбарияти ёшларни иқтисодий ўсиш ресурси сифатида кўраётганини англатади.
Олтинчидан, янги даврда давлат — жамият мулоқоти кучайди ва фуқаролик институтларининг роли ошди. Ёшлар иштирокини кенгайтириш механизмлари давлат стратегиясининг бир қисми сифатида шаклланмоқда.
Президентимизнинг ёш авлод вакиллари билан мулоқоти жамиятда фуқаролик ташаббуслари учун янги тўлқинни пайдо қилмоқда. Давлат бундай учрашувлар орқали ёшларнинг овозини эшитмоқда ва уларнинг ижтимоий кайфиятини ҳис қилмоқда. Бунга жавобан янги ташаббуслар, натижага йўналтирилган дастурлар ва иқтисодий рағбат билан навқирон авлоднинг интилишларига кучли туртки бермоқда.
Ёшлар сиёсатини амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг иштироки ҳам йилдан йилга фаоллашмоқда. Фуқаролик институтларининг лойиҳалари давлат буюртмаси ва грантлар орқали молиявий қўллаб-қувватланмоқда.
Ҳар йили 30 июнь Ўзбекистонда “Ёшлар куни” сифатида нишонлаб келинаётир. Давлатимиз раҳбарининг янги ташаббусига мувофиқ, энди пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда “Ёшлар куни” бўлиши белгиланди. Шу куни масъул раҳбарлар маҳалла, мактаб ва техникумларга бориб, ёшларни эшитади ва муаммосини ҳал қилади.
Қандай натижаларга эришдик?
Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсатининг бунёдкорлиги ва натижадорлигини йигит-қизларнинг янгича қиёфаси, йилдан йилга ўсиб бораётган ижтимоий-сиёсий фаоллиги ҳамда улар эришаётган оламшумул ютуқлар мисолида кўриш мумкин.
Келинг, буни аниқ мисолларда таҳлил қилайлик.
Ёшлар тадбиркорлигини молиялаштириш, стартап ва венчур механизмларини жорий этиш, касбий таълимни меҳнат бозори талабига мослаштириш каби чоралар ёшларни иш изловчидан иш берувчига айлантиришга хизмат қилмоқда. Натижада кичик ва ўрта бизнесда ёшлар улуши ортди, хизмат кўрсатиш ва ахборот технологиялари соҳасида янги иш ўринлари очилди, ички иқтисодий фаоллик кучайди.
Мамлакатимизда ҳар йили юз минглаб йигит-қиз меҳнат бозорига кириб келмоқда. Ёшлар сиёсатининг иқтисодий йўналтирилгани ишсизлик хавфини пасайтиради, меҳнат бозорида рақобатбардошликни оширади, солиқ базасини кенгайтиради. Бу давлат бюджети барқарорлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Янги даврдаги ислоҳотлар ёшлар қатламининг ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашдаги иштирокини кенгайтирди. Хусусан, волонтёрлик ҳаракатининг ривожланиши, ёшлар ташаббусларини грантлар орқали қўллаб-қувватлаш, ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш жамиятда фуқаролик фаоллигини оширди. Ёшлар форумлари, очиқ мулоқотлар ва институционал платформалар орқали ёшларнинг сиёсий жараёнлардаги иштироки ортмоқда. Бунинг амалий самарасини ёшларда ижтимоий масъулиятнинг кучайиши, жамоатчилик назорати маданиятининг шаклланиши, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда давлат ва жамият ҳамкорлиги мисолида кўриб турибмиз. Бу жиҳатлар жамиятимиз барқарорлиги учун ўта муҳим. Чунки жамоатчилик иштирокининг кучайиши жамиятда ишонч ва барқарорликни таъминлайди.
Ушбу йўналишдаги изчил чора-тадбирлар жамиятимиздаги радикаллашув ва ижтимоий хавфларнинг камайишига олиб келди. Зеро, ёшлар бандлиги ва маънавий муҳитни мустаҳкамлаш экстремизм ва жамиятдан ижтимоий четлашув хавфини камайтиради. Бошқача айтганда, бугунги иқтисодий имконият ва ижтимоий қўллаб-қувватловнинг кенгайиши ёшлар орасида ижтимоий тушкунлик даражасини пасайтиришга хизмат қилмоқда. Ёшлар сиёсатида китобхонликни оммалаштириш, маданият ва спортни қўллаб-қувватлаш, хорижий тилларни ўрганишни рағбатлантириш каби йўналишлар жамиятнинг интеллектуал салоҳиятини оширмоқда.
Ёшлар ишлари бўйича алоҳида давлат институтининг шаклланиши ёшлар сиёсатида тизимлиликни таъминлади. Бу бошқарув самарадорлигини ошириш, давлат сиёсатининг мақсадли ва манзилли амалга оширилишини кучайтириш, ҳисобдорлик механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Янги даврнинг ёшлар сиёсатини ҳам тадрижий босқичларга бўлиш мумкин. Жумладан, ўз моҳиятига кўра ислоҳотлар институционал янгиланиш (2016-2021 йиллар), иқтисодий чуқурлашув (2021-2023 йиллар) ва барқарор инновацион ривожланиш босқичи (2023 йилдан кейинги давр) сифатида тавсифланади.
Бугун ёшларга оид давлат сиёсати янги Ўзбекистон тараққиётининг устувор йўналиши ва муҳим таркибий қисми сифатида намоён бўлмоқда. Бу сиёсат жамият ва давлат учун узоқ муддатли стратегик таъсирга эга ҳамда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Мамлакатимизда инсон капитали ўсиши ва иқтисодий фаолликнинг ортиши, ижтимоий барқарорлик ва фуқаролик фаоллигининг кучайиши, давлат бошқаруви самарадорлигининг ошиши, миллий хавфсизлик ва маънавий барқарорликнинг мустаҳкамланиши каби салмоқли натижаларни ўтган даврда тўғри юритилган ёшлар сиёсатининг амалий маҳсули сифатида баҳолаш лозим. Бу сиёсатнинг изчиллигини таъминлаш орқали Ўзбекистон 2030-2040 йилларда минтақавий билим ва хизматлар марказига айланиши мумкин.
Тарихий учрашув. Нега?
Айрим тадқиқотчилар Президентимизнинг раҳбарлик услубини “трансформацион лидерлик” сифатида баҳолайди, яъни давлат барча ислоҳотни жамият билан мулоқот асосида амалга оширади. Давлатимиз раҳбари ёшлар сиёсатига ҳам айнан шундай ёндашмоқда. 2017 йилдан кейинги даврда ёш авлод вакиллари билан анъанавий тус олган мулоқотлар ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда ўзига хос ҳамкорлик платформаси вазифасини бажармоқда.
Бу галги учрашувда 22 миллиондан зиёд йигит-қиз иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий куч экани таъкидланди ҳамда бу демографик омил стратегик ресурс сифатида эътироф этилди. Шунингдек, меҳнат бозорига кириб келаётган ёшлар оқимини самарали бандлик, таълим ва тадбиркорлик орқали ривожланиш драйверига айлантириш стратегияси илгари сурилди.
Мулоқотда ёшлар тадбиркорлигини иқтисодий трансформация омилига айлантиришга қаратилган қатор ташаббуслар эълон қилинди. Мисол учун, “Келажак тадбиркори” дастури ишга туширилиб, ёш тадбиркорларга 7 йил муддатгача 15 фоизли кредит ажратилади. Бунда ўзини ўзи банд қилган ёшларга гаровсиз 20 миллион сўмгача, тадбиркорлик кўникмасига эга бўлиб бизнес бошлаётганларга 300 миллион сўмгача, фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлганларга 2 миллиард сўмгача, камида 5 нафар битирувчини ишга олган тадбиркорларга эса 10 миллиард сўмгача кредит берилиши белгиланди. Бу ёндашув инсон капитали назарияси ва инновацион иқтисодиёт моделларига мувофиқ ёшларни иш изловчидан иш берувчига айлантиришга қаратилган.
Таълим — меҳнат бозори интеграциясига доир ташаббуслар ҳам эътиборга молик. Техникумларда дуал таълимни кенгайтириш, “spin-off”ларга рухсат бериш, “Work and Travel” дастурини жорий этиш каби чоралар таълим тизимини меҳнат бозори талабига мослаштиришни кўзлайди. Бу моҳиятан таълим самарадорлигини ошириш ва ишсизлик хавфини камайтиришга қаратилган.
Учрашувда волонтёрлик ҳаракатини ривожлантириш, “Волонтёрликни қўллаб-қувватлаш” жамғармасини ташкил этиш, волонтёрлик лойиҳаларига 100 миллион сўмгача грантлар ажратиш ва “ижтимоий фаоллик картаси”ни жорий этиш режалаштирилди. Ижтимоий капитал ва фуқаролик фаоллигини кучайтиришга қаратилган бу чора-тадбирлар ёшларда ижтимоий масъулият ва жамоатчилик иштирокини кучайтириш механизмидир.
Мазкур мулоқотнинг тарихий аҳамиятини қатор омиллар билан асослаш мумкин. Биринчидан, тадбир давлат — ёшлар муносабатларининг янги моделини намоён қилди. Бу учрашув ёшларни сиёсат объекти эмас, балки субъект сифатида кўришга асосланган янги бошқарув моделини мустаҳкамлади.
Иккинчидан, институционал ислоҳотларнинг чуқурлашуви яққол кўринди. Кредит сиёсатидан тортиб, таълим, солиқ имтиёзлари ва венчур жамғармаларигача бўлган комплекс ёндашув давлат сиёсатида тизимлилик босқичига ўтилганини англатади.
Учинчидан, ҳозир инновацион иқтисодиётга ўтиш босқичида эканимиз янада ойдинлашди. Стартаплар, венчур инвестициялар, халқаро ҳамкорлик, “Take Off” саммити каби ташаббуслар Ўзбекистоннинг хомашёга эмас, билим ва инновацияга таянган иқтисодиёт моделига ўтишини тезлаштиради.
Тўртинчидан, миллий маънавий сиёсатнинг янги босқичига кириб бораётганимиз аён бўлди. Китобхонлик, таржима дастурлари, ижодкорларни рағбатлантириш орқали маънавий капитални мустаҳкамлашга қаратилган чоралар давлат сиёсатининг фақат иқтисодий эмас, балки маданий-цивилизацион йўналишга эга эканини кўрсатади.
Бешинчидан, мулоқот 2030 йилгача мўлжалланган стратегик демографик тайёргарликни кўрсатиб берди. Ҳар йили 600 минг, 2030 йилга бориб 1 миллион ёш меҳнат бозорига кириб келиши шароитида бу ташаббуслар келгуси ижтимоий босимларнинг олдини олишга қаратилган, пухта ўйланган сиёсат, десак хато бўлмайди. Ислоҳотлардан кўзланган самарага эришилса, яъни ёшлар сифатли таълим олса, касбга эга бўлса, иқтисодий фаоллашса, 2030-2040 йилларда Ўзбекистонда малакали кадрлар қатлами шаклланади, юқори қўшимча қийматли иқтисодиёт барпо этилади, инновацион миллий брендлар пайдо бўлади.
Президентимизнинг ёшлар билан навбатдаги мулоқоти мазмунан демографик ресурсни иқтисодий кучга айлантириш, ёшлар тадбиркорлигини миллий тараққиёт драйверига чиқариш, таълим ва меҳнат бозори интеграциясини таъминлаш, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш, инклюзив ва маънавий сиёсатни кучайтириш каби стратегик вазифаларни белгилаб бергани билан тарихий аҳамият касб этади. Илмий нуқтаи назардан, мазкур учрашувни Ўзбекистонда ёшлар сиёсати тадрижий ривожининг институционаллашган ва иқтисодий трансформацияга қаратилган янги босқичи сифатида баҳолаш мумкин.
Шуҳрат ОРИПОВ,
журналист