Шу кунларда қайси даврага кирсангиз, давлатимиз раҳбарининг яқинда ёшлар билан мулоқотида янграган чақириқлар ва янги ташаббуслар муҳокамасига дуч кела­сиз. Бугуннинг ёшларига ҳар томонлама ҳавас қилгулик. Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати кўлами жуда кенг. Жа­миятимиздаги ҳеч бир соҳа ёки тармоқ, ҳеч бир йигит-қиз бу ислоҳотлардан четда эмас. Ёшлар учун очилаётган янги имко­ниятларни эшитиб, кўриб, беихтиёр шоир ёзганидек, “Эҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди...”, деб юборасиз!

Куни кеча собиқ ҳамкасбимни учратиб қолдим. У билан 2000-йилларнинг боши­да сиёсий партиянинг ёшлар тузилмасида бирга ишлаганмиз. Ўша даврларни эсла­дик. Бугун билан қиёслаб, ҳозирги ёшлар етакчиларига росмана ҳавасимиз келди.

Эсимда: ўшанда ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш бўйича қа­тор таклифлар тайёрланди. Улардан бири ёшларга оид сиёсатни мувофиқлаштирув­чи ягона давлат органини ташкил этиш ғояси эди. Шу таклифни бир давра суҳба­тида билдирганимизда кўп маломатга қол­ганмиз. Кўпчилик экспертлар фикримизни қўллаб-қувватламаган, аксинча, танқид қилган. Газеталардан бирида “Ижтимоий ҳаракат: у қандай бўлиши керак?” сар­лавҳали мақолам эълон қилинганида ўша пайтдаги “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгашига чақириб, жиддий муҳокама қилишган. Ҳаракат фаоллигини ошириш бўйича билдирган таклифларим учун дакки эшитганман. “Бизда ҳаммаси зўр. Таклифларингизга муҳтож эмасмиз”, дейишган.

Ҳозир шулар ҳақида ўйласам, кўн­гилнинг бир четида қолиб кетган алам­ли оғриқлар уйғонади. Ўша кезларда ёш ва ғайратли бўлганмиз. Қалбимизда кўп орзу-умидлар, ғоялар бор эди. Лекин ўша даврларда бизни эшитадиган, ғоялари­мизни амалга оширадиган ва бизни янги марраларга ундайдиган куч бўлмаган. Давраларда жўшиб ўз фикримизни баён қилганимизда бизга рағбат берилмаган, ғояларимиз қадр топмаган. Фаоллигимиз ва ташаббусларимиз учун катта авлоднинг кўп қаршилигига дуч келганмиз. Булар юракда аламли оғриққа айланган.

Бугуннинг ёшларида имконнинг ҳаммаси бор!

Энг муҳими, улар билан мулоқот қилади­ган ва ғояларини рўёбга чиқарадиган давлат раҳбари бор. Шубҳасиз, Ўзбекистон ёшла­рини ҳаракатга келтириб, уларга эркин май­дон ва минбар бериб, халқаро саҳналардаги улкан зафарларга илҳомлантирувчи шахс Президентимиздир.

Кейинги йиллардаги тизимли ислоҳот­лар натижасида ёшларга оид давлат сиёсати ҳам шаклан, ҳам мазмунан тубдан ўзгарди. Ёшлар билан ишлаш ва уларнинг камолоти учун зарур шарт-шароитларни яратиш мам­лакатимиздаги катта-кичик ҳар бир раҳбар­нинг устувор вазифаси этиб белгиланди. Мактабгача, умумий ўрта ва олий таълим тизимида кенг кўламли янгиланишлар содир бўлди.

Сўнгги саккиз йилда хусусий сектор би­лан бирга боғчалардаги ўринлар 2,5 мил­лионга, қамров 78 фоизга етказилди. Янги мактаблар барпо этилгани ва мавжудлари кенгайтирилгани ҳисобига қўшимча 1 мил­лион ўқувчи ўрни очилди. Шу даврда олий таълимдаги қамров 9 фоиздан 42 фоизга етказилгани тизимдаги кескин бурилишни англатади. Спорт ва соғлиқни сақлаш соҳа­сидаги ислоҳотлар жисмонан соғлом, барка­мол авлодни камол топтириш ва Ватанимиз номини дунёга танитадиган янги истеъдод­ларни юзага чиқаришда муҳим омил бўл­моқда. Ўзбекистон Ёшлар тараққиёти глобал индексида энг юқори суръатда ривожланаёт­ган давлат деб эътироф этилгани ҳам ёшлар сиёсати йўналишидаги саъй-ҳаракатларнинг амалий маҳсулидир.

Айнан шу даврда Президентимизнинг ёшлар билан мулоқоти анъанага айланди. Жорий йил 24 февраль куни бўлиб ўтган навбатдаги учрашув давлат ва ёшлар ўртасидаги институционал мулоқотнинг янги босқичи­ни бошлаб берди. Унда 60 мингдан зиёд йи­гит-қиз иштирок этгани, муҳокама қилинган масалаларнинг қамрови ва эълон қилинган ташаббуслар тизимлилиги бу мулоқотни стратегик аҳамиятга эга сиёсий воқеа сифа­тида баҳолаш имконини беради.

Аввал қандай эди?

Ҳар қандай ислоҳотнинг моҳияти ва ян­гилиги қиёсий таҳлилда кўринади. Келинг, янги Ўзбекистондаги ёшлар сиёсатини мустақил тараққиётимизнинг аввалги даврлари­даги ҳолат билан қиёсий ўрганайлик.

Мамлакатимизда ёшлар сиёсати мустақилликдан кейин давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб кел­ди. Бироқ мазмун-моҳияти, институционал асослари ва амалга ошириш механизмлари турли даврларда турлича хусусият касб эт­ган. Айниқса, 1991-2016 йиллар ва 2017 йил­дан кейинги давр ўртасида ёшлар сиёсатида концептуал ва амалий жиҳатдан сезиларли фарқлар кузатилади.

Ўзбекистон тараққиётининг дастлабки даврида ижтимоий ривожланишда маъна­вий-тарбиявий сиёсат устуворлик касб этди. Бу даврда ёшлар манфаатларининг ҳуқуқий кафолатларини яратиш, хусусан, уларнинг таълим олишига доир қонунчилик базаси шакллантирилди. Ўша кезларда ёшлар сиёсати асосан миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш, маънавий тарбия ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган эди. Ёшлар сиёсатининг марказида миллий қадриятлар, маънавият, давлатга садоқатли кадрлар тайёрлаш каби ғоялар турарди. Бу даврда ёшлар сиёсати кўпроқ ижтимоий- тарбиявий йўналишда бўлиб, иқтисодий мустақиллик ва ёшлар тадбиркорлигини оммавий қўллаб-қувватлаш тизими чеклан­ган эди.

Дастлабки йилларда “Камолот” жамғармаси фаолият юритди. 2001 йилда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати таш­кил этилди. Ҳаракатнинг болалар қаноти сифатида “Камалак” тизими ҳам йўлга қўйилди. Бу ёшларни давлат сиёсати атрофи­да бирлаштиришга қаратилган марказлаш­ган тизим эди. Лекин бу даврда ёшларга оид сиёсатни амалга оширадиган ва му­вофиқлаштирадиган ягона давлат органи мавжуд бўлмаган. Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, хусусан, улар­нинг бандлигини таъминлаш борасида муаммолар бор эди. Бу муаммоларни ҳал этиш механизмлари қонунчиликда ва ижро органлари фаолиятида аниқ белгилаб қўйилмаган, мавжуд механизмлар ҳам заиф ва тор доирада эди. Масалан, қонунчилик­ни такомиллаштиришга доир таклифларни парламент минбарларига ёки ёшларнинг ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларини маҳаллий кенгашлар кун тартибига олиб чиқиш осон эмасди. Ёшлар сиёсатига доир чора-тадбирлар асосан йил дастурлари доирасида амалга ошириларди. Ёшлар­нинг айнан бир қатламига йўналтирилган ёки муайян муаммоларни бартараф этишга мўлжалланган мақсадли ижтимоий дастурлар кам эди. Давлат томонидан ёшлар учун бугунгидек рағбат чоралари ва очиқ мулоқот майдони таклиф қилинмаган.

Кечаги кунимизни ёмонлаш нияти­дан йироқман. Бу — биз босиб ўтган ва мамлакатимиз тарихида ўзининг сезиларли изини қолдирган та­раққиёт йўли. Айтаётган фикрларим ўша даврда ёш авлод вакили бўлган ва ёшлар би­лан ишлаш соҳасида фаоли­ят юритган мутахассиснинг амалий тажрибаси маҳсули, шахсий қарашлари сифа­тида қабул қилинишини хоҳлардим. Юқорида қайд этилган ҳолатларнинг ак­сариятига амалиётда рў­барў келганман. Ўз вақтида ёшлар масалаларини турли минбарларга олиб чиқиш ва уларни ҳал этиш жараёнлари­да бевосита қатнашганман.

Албатта, 1991-2016 йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган ёшлар сиёсати ёш авлоднинг жисмо­ний ва маънавий камолотига ўзига хос ҳисса қўшган. Буни тан олмаслик ва эътироф этмаслик адолатдан бўлмайди. Лекин бу даврдаги ёшлар сиёсатига баҳо бе­ришда унинг нисбатан маънавият омилига йўналтирилгани, асосан ижтимоий-сиёсий тарбия ҳамда сафарбарликка қаратилганини қайд этиш лозим. Бошқача айтганда, аввалги даврда ёшлар сиёсати миллий давлатчилик­ни мустаҳкамлаш, ижтимоий барқарорлик­ни таъминлаш, марказлашган ташкилотчи­лик моделига таянган эди.

Нималар ўзгарди?

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ёшлар сиёсати институционал ва ҳуқуқий жиҳатдан чуқурлашиб, давлат тараққиёт стратегияси­нинг устувор қисмига айланди. Президенти­миз ташаббуси билан асос солинган ёшлар сиёсати кўп жиҳатдан янгича ва фарқли.

2016 йилда бўлиб ўтган Президентлик сайловлари даврида давлатимиз раҳбари “Ёшлар билан ишлаш масаласи ижтимоий сиёсатимизнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш­ни тақозо этади”, деб таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, 2017 йилдан ёшларга оид дав­лат сиёсати соҳасида тизимли ва кенг кўлам­ли ислоҳотлар даври бошланди.

Биринчидан, ёшларни “ижтимоий гу­руҳ” эмас, “демографик-иқтисодий ресурс” сифатида бошқаришга ўтилди. Аниқроғи, ёшлар масаласи “тарбия” доирасидан чиқиб, меҳнат бозори, бандлик, тадбиркорлик ва инсон капитали мантиғига кўчди.

Бунинг амалий исботини айрим рақам­лар мисолида ҳам кўриш мумкин. Ўтган йили ёшлар бандлигини таъминлаш учун банклар ва Ёшлар ишлари агентлигига 400 миллион доллар йўналтирилган, “Ёшлар бизнеси” ва “Келажакка қадам” дастурла­ри ҳисобидан 15 минг йигит-қиз тадбир­корлигини йўлга қўйиб, 50 минг кишини иш билан таъминлаган.

Иккинчидан, ёшлар сиёсатини амалга оширувчи муҳим институтлар фаолияти йўлга қўйилди. Ёшлар сиёсати алоҳи­да давлат сиёсати йўналиши сифатида ҳуқуқий ва ташкилотчилик жиҳатидан такомиллаштирилди. Бошқача айтганда, ёшлар сиёсати “ташкилот”дан “давлат ти­зими”га ўтди.

Хусусан, 2016 йил 14 сентябрда “Ёшлар­га оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Бу ёшлар сиёсати ривожида янги босқич сифатида баҳоланади.

2017 йил 30 июнь куни давлатимиз раҳба­ри “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати не­гизида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқини таъ­сис этиш ташаббусини билдирди. Ўша йил 5 июлда Президентимизнинг давлат ёшлар сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақидаги фармони қабул қилинди.

2020 йил 30 июнда ёшлар сиёсатини амал­га оширувчи ва мувофиқлаштирувчи давлат органи — Ёшлар ишлари агентлиги тузилди. Мазкур агентлик ташкил қилиниши билан ёшлар сиёсати алоҳида давлат бошқаруви институтига айланди. Шу тариқа босқичма-босқич ёшлар билан ишлаш соҳасидаги дав­лат бошқаруви архитектураси янгиланди.

Учинчидан, ёшлар билан ишлашда “Ижтимоий дастурлар ва бозор меха­низмлари” уйғунлигига асосланган янгича тизимга асос солинди. Бу тизим иқтисодий рағбат орқали ёшлар учун янги имкониятлар очишни кўзда тутади. Ҳозир ёшлар сиёсатида давлатнинг роли фақат “тарбия” эмас, балки кредит, грант, инкубация, франшиза, инфратузилма харажатини қоплаш каби иқтисодий воситалар орқали на­моён бўляпти.

Мисол учун, мулоқотда инновацион стартап лойиҳаларига 100 минг долларгача инвестиция киритишга рухсат берилиши эълон қилинди. Сервис ва умумий овқатла­ниш соҳасида мингдан зиёд иш ўрни очган маҳаллий брендлардан франшиза олиб, фи­лиал очишга қизиққан ёшлар учун қулай мо­лиялаштириш пакетлари жорий қилинади.

Тўртинчидан, ёшлар билан ишлашда инклюзивлик ва “иккинчи имкон” сиёсати­га аҳамият берилмоқда. Бугун ёшлар сиё­сатида янги қатлам — жамиятнинг асосий ижтимоий, иқтисодий ва маданий тизим­ларига тўлиқ қўшила олмаган, уюшмаган ёшлар гуруҳи билан ишлаш ҳам алоҳида дастурга айланяпти. Масалан, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган ёшларнинг жамиятга тез мосла­шиши учун “Иккинчи имкон” лойиҳаси амалга оширилади. Унга асосан 8-12 ой интенсив курсларда касб ва чет тили, даромадли ишга тайёрлаш чоралари кўрилади.

Бешинчидан, ёшлар “иқтисодий драйвер” сифатида баҳолан­моқда. Мулоқотда ёшлар тадбиркорли­ги учун қўшимча 200 миллион доллар ажра­тиш, кредит миқдорини кескин ошириш, венчур молиялаштириш имко­ниятини кенгайтириш, бизнес инкубаторлар жо­рий этиш бўйича билдирил­ган ташаббуслар моҳиятан ёшларнинг иқтисодий фаол­лигини оширишга қаратилган тизимли сиёсатни намоён этади. Бу Ўзбекистон раҳбарияти ёшларни иқтисодий ўсиш ресурси сифатида кўра­ётганини англатади.

Олтинчидан, янги даврда давлат — жамият мулоқоти кучайди ва фуқаролик институтларининг роли ошди. Ёшлар иштирокини кенгайтириш механизмлари давлат стратегиясининг бир қисми сифа­тида шаклланмоқда.

Президентимизнинг ёш авлод вакилла­ри билан мулоқоти жамиятда фуқаролик ташаббуслари учун янги тўлқинни пайдо қилмоқда. Давлат бундай учрашувлар орқа­ли ёшларнинг овозини эшитмоқда ва улар­нинг ижтимоий кайфиятини ҳис қилмоқда. Бунга жавобан янги ташаббуслар, натижага йўналтирилган дастурлар ва иқтисодий рағ­бат билан навқирон авлоднинг интилишла­рига кучли туртки бермоқда.

Ёшлар сиёсатини амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг иштироки ҳам йилдан йилга фаоллашмоқда. Фуқаролик институтларининг лойиҳала­ри давлат буюртмаси ва грантлар орқали молиявий қўллаб-қувватланмоқда.

Ҳар йили 30 июнь Ўзбекистонда “Ёшлар куни” сифатида нишонлаб кели­наётир. Давлатимиз раҳбарининг янги ташаббусига мувофиқ, энди пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда “Ёшлар куни” бўлиши белгиланди. Шу куни масъул раҳбарлар маҳалла, мактаб ва техникумларга бориб, ёшларни эшитади ва муаммосини ҳал қилади.

Қандай натижаларга эришдик?

Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсатининг бунёдкорлиги ва натижадорлигини йи­гит-қизларнинг янгича қиёфаси, йилдан йилга ўсиб бораётган ижтимоий-сиёсий фаоллиги ҳамда улар эришаётган оламшу­мул ютуқлар мисолида кўриш мумкин.

Келинг, буни аниқ мисолларда таҳлил қилайлик.

Ёшлар тадбиркорлигини молиялаштириш, стартап ва венчур механизмларини жорий этиш, касбий таълимни меҳнат бозори талаби­га мослаштириш каби чоралар ёшларни иш из­ловчидан иш берувчига айлантиришга хизмат қилмоқда. Натижада кичик ва ўрта бизнесда ёшлар улуши ортди, хизмат кўрсатиш ва ахбо­рот технологиялари соҳасида янги иш ўринла­ри очилди, ички иқтисодий фаоллик кучайди.

Мамлакатимизда ҳар йили юз минглаб йигит-қиз меҳнат бозорига кириб келмоқда. Ёшлар сиёсатининг иқтисодий йўналти­рилгани ишсизлик хавфини пасайтиради, меҳнат бозорида рақобатбардошликни оши­ради, солиқ базасини кенгайтиради. Бу дав­лат бюджети барқарорлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Янги даврдаги ислоҳотлар ёшлар қат­ламининг ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашдаги иштирокини кенгайтирди. Хусусан, волонтёрлик ҳаракатининг ривожланиши, ёшлар ташаббусларини грантлар орқали қўллаб-қувватлаш, ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш жамиятда фуқаро­лик фаоллигини оширди. Ёшлар форумлари, очиқ мулоқотлар ва институционал платфор­малар орқали ёшларнинг сиёсий жараёнлар­даги иштироки ортмоқда. Бунинг амалий самарасини ёшларда ижтимоий масъулиятнинг кучайиши, жамоатчилик назорати маданиятининг шаклланиши, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда давлат ва жамият ҳамкорлиги мисолида кўриб турибмиз. Бу жиҳатлар жамиятимиз барқарорлиги учун ўта муҳим. Чунки жамоатчилик иштироки­нинг кучайиши жамиятда ишонч ва барқа­рорликни таъминлайди.

Ушбу йўналишдаги изчил чора-тадбирлар жамиятимиздаги радикаллашув ва ижтимоий хавфларнинг камайишига олиб келди. Зеро, ёшлар бандлиги ва маънавий муҳитни мустаҳкамлаш экстремизм ва жамиятдан ижтимоий четлашув хавфини камайтиради. Бошқа­ча айтганда, бугунги иқтисодий имконият ва ижтимоий қўллаб-қувватловнинг кенгайиши ёшлар орасида ижтимоий тушкунлик даража­сини пасайтиришга хизмат қилмоқда. Ёшлар сиёсатида китобхонликни оммалаштириш, маданият ва спортни қўллаб-қувватлаш, хо­рижий тилларни ўрганишни рағбатлантириш каби йўналишлар жамиятнинг интеллектуал салоҳиятини оширмоқда.

Ёшлар ишлари бўйича алоҳида давлат институтининг шаклланиши ёшлар сиёсати­да тизимлиликни таъминлади. Бу бошқарув самарадорлигини ошириш, давлат сиёса­тининг мақсадли ва манзилли амалга оши­рилишини кучайтириш, ҳисобдорлик меха­низмларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Янги даврнинг ёшлар сиёсатини ҳам тадрижий босқичларга бўлиш мумкин. Жумла­дан, ўз моҳиятига кўра ислоҳотлар инсти­туционал янгиланиш (2016-2021 йиллар), иқтисодий чуқурлашув (2021-2023 йиллар) ва барқарор инновацион ривожланиш босқи­чи (2023 йилдан кейинги давр) сифатида тав­сифланади.

Бугун ёшларга оид давлат сиёсати янги Ўзбекистон тараққиётининг устувор йўна­лиши ва муҳим таркибий қисми сифатида намоён бўлмоқда. Бу сиёсат жамият ва дав­лат учун узоқ муддатли стратегик таъсирга эга ҳамда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Мамлакатимизда инсон капитали ўсиши ва иқтисодий фаолликнинг ортиши, ижтимоий барқарорлик ва фуқаролик фаоллигининг кучайиши, давлат бошқаруви самарадорли­гининг ошиши, миллий хавфсизлик ва маъ­навий барқарорликнинг мустаҳкамланиши каби салмоқли натижаларни ўтган даврда тўғри юритилган ёшлар сиёсатининг ама­лий маҳсули сифатида баҳолаш лозим. Бу сиёсатнинг изчиллигини таъминлаш орқали Ўзбекистон 2030-2040 йилларда минтақавий билим ва хизматлар марказига айланиши мумкин.

Тарихий учрашув. Нега?

Айрим тадқиқотчилар Президентимиз­нинг раҳбарлик услубини “трансформацион лидерлик” сифатида баҳолайди, яъни давлат барча ислоҳотни жамият билан мулоқот асо­сида амалга оширади. Давлатимиз раҳбари ёшлар сиёсатига ҳам айнан шундай ёндаш­моқда. 2017 йилдан кейинги даврда ёш ав­лод вакиллари билан анъанавий тус олган мулоқотлар ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда ўзига хос ҳамкорлик плат­формаси вазифасини бажармоқда.

Бу галги учрашувда 22 миллиондан зиёд йигит-қиз иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий куч экани таъкидланди ҳамда бу демографик омил стратегик ресурс сифатида эътироф этилди. Шунингдек, меҳнат бозорига кириб келаётган ёшлар оқимини самарали бандлик, таълим ва тадбиркорлик орқали ривожла­ниш драйверига айлантириш стратегияси илгари сурилди.

Мулоқотда ёшлар тадбиркорлигини иқти­содий трансформация омилига айлантириш­га қаратилган қатор ташаббуслар эълон қи­линди. Мисол учун, “Келажак тадбиркори” дастури ишга туширилиб, ёш тадбиркор­ларга 7 йил муддатгача 15 фоизли кредит ажратилади. Бунда ўзини ўзи банд қилган ёшларга гаровсиз 20 миллион сўмгача, тад­биркорлик кўникмасига эга бўлиб бизнес бошлаётганларга 300 миллион сўмгача, фао­лиятини кенгайтирмоқчи бўлганларга 2 мил­лиард сўмгача, камида 5 нафар битирувчини ишга олган тадбиркорларга эса 10 миллиард сўмгача кредит берилиши белгиланди. Бу ёндашув инсон капитали назарияси ва ин­новацион иқтисодиёт моделларига мувофиқ ёшларни иш изловчидан иш берувчига ай­лантиришга қаратилган.

Таълим — меҳнат бозори интеграцияси­га доир ташаббуслар ҳам эътиборга молик. Техникумларда дуал таълимни кенгайтириш, “spin-off”ларга рухсат бериш, “Work and Travel” дастурини жорий этиш каби чоралар таълим тизимини меҳнат бозори талабига мослаштиришни кўзлайди. Бу моҳиятан таъ­лим самарадорлигини ошириш ва ишсизлик хавфини камайтиришга қаратилган.

Учрашувда волонтёрлик ҳаракатини ри­вожлантириш, “Волонтёрликни қўллаб-қув­ватлаш” жамғармасини ташкил этиш, волонтёрлик лойиҳаларига 100 миллион сўмгача грантлар ажратиш ва “ижтимоий фа­оллик картаси”ни жорий этиш режалашти­рилди. Ижтимоий капитал ва фуқаролик фаоллигини кучайтиришга қаратилган бу чора-тадбирлар ёшларда ижтимоий масъулият ва жамоатчилик иштирокини кучайти­риш механизмидир.

Мазкур мулоқотнинг тарихий аҳамияти­ни қатор омиллар билан асослаш мумкин. Биринчидан, тадбир давлат — ёшлар муно­сабатларининг янги моделини намоён қилди. Бу учрашув ёшларни сиёсат объекти эмас, балки субъект сифатида кўришга асосланган янги бошқарув моделини мустаҳкамлади.

Иккинчидан, институционал ислоҳот­ларнинг чуқурлашуви яққол кўринди. Кре­дит сиёсатидан тортиб, таълим, солиқ имти­ёзлари ва венчур жамғармаларигача бўлган комплекс ёндашув давлат сиёсатида тизим­лилик босқичига ўтилганини англатади.

Учинчидан, ҳозир инновацион иқтисо­диётга ўтиш босқичида эканимиз янада ой­динлашди. Стартаплар, венчур инвестиция­лар, халқаро ҳамкорлик, “Take Off” саммити каби ташаббуслар Ўзбекистоннинг хомашёга эмас, билим ва инновацияга таянган иқтисо­диёт моделига ўтишини тезлаштиради.

Тўртинчидан, миллий маънавий сиёсат­нинг янги босқичига кириб бораётганимиз аён бўлди. Китобхонлик, таржима дастурла­ри, ижодкорларни рағбатлантириш орқали маънавий капитални мустаҳкамлашга қара­тилган чоралар давлат сиёсатининг фақат иқтисодий эмас, балки маданий-цивилиза­цион йўналишга эга эканини кўрсатади.

Бешинчидан, мулоқот 2030 йилгача мўл­жалланган стратегик демографик тайёргар­ликни кўрсатиб берди. Ҳар йили 600 минг, 2030 йилга бориб 1 миллион ёш меҳнат бо­зорига кириб келиши шароитида бу ташаббуслар келгуси ижтимоий босимларнинг олдини олишга қаратилган, пухта ўйланган сиёсат, десак хато бўлмайди. Ислоҳотлардан кўзланган самарага эришилса, яъни ёшлар сифатли таълим олса, касбга эга бўлса, иқти­содий фаоллашса, 2030-2040 йилларда Ўзбе­кистонда малакали кадрлар қатлами шаклла­нади, юқори қўшимча қийматли иқтисодиёт барпо этилади, инновацион миллий бренд­лар пайдо бўлади.

Президентимизнинг ёшлар билан навбатдаги мулоқоти мазмунан демографик ресурсни иқтисодий кучга айлантириш, ёшлар тадбиркорлигини миллий тараққиёт драйверига чиқариш, таълим ва меҳнат бо­зори интеграциясини таъминлаш, фуқаро­лик жамиятини мустаҳкамлаш, инклюзив ва маънавий сиёсатни кучайтириш каби стра­тегик вазифаларни белгилаб бергани билан тарихий аҳамият касб этади. Илмий нуқтаи назардан, мазкур учрашувни Ўзбекистонда ёшлар сиёсати тадрижий ривожининг институционаллашган ва иқтисодий трансфор­мацияга қаратилган янги босқичи сифатида баҳолаш мумкин.

Шуҳрат ОРИПОВ,

журналист