Ёшлар мамлакатнинг бебаҳо бойлиги, жамият тараққиётининг мустаҳкам таянчи саналади. Шу боис, юртимизда янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида йигит-қизларимизга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароитлар яратиб берилмоқда.
Умумий ўрта ва олий таълим муассасаларини тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўяётган йигит-қизларни муносиб иш ва даромад манбаи билан таъминлаш, уларга замонавий касб-ҳунарлар, IT-технологияларни ўргатиш, тадбиркорликка кенг жалб этиш орқали бандлигини таъминлашга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида “Ёшлар дафтари” ҳамда “Ёшлар дастурлари” асосида 430 минг нафар йигит қизнинг ҳаётий муаммоларини ҳал этиш учун 300 миллиард сўм маблағ йўналтирилгани, 92 минг нафардан зиёд ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 2,3 триллион сўм имтиёзли кредитлар, қишлоқ жойларда яшаётган 230 мингдан ортиқ ёшларга деҳқончилик билан шуғулланиши учун 61 минг гектар ер майдони ажратилгани бу борадаги ишларнинг кўлами тобора кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 13 июлдаги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони жорий йилги Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Унга мувофиқ, 2021 йил август ойида “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган ҳар бир фарзанди учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 500 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши, Маҳаллий ҳокимлар, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари эса “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган фарзандлари сонидан келиб чиқиб, тўлов ведомостлари шакллантирилиши ҳамда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари орқали уларга моддий ёрдам пулларининг ўз вақтида ва манзилли етказилишини таъминлаши белгиланди.
Шунингдек, “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг давлат олий таълим муассасаларида таълим олаётган фарзандларига 2021-2022 ўқув йилида биринчи ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши ҳам фармонда ўз аксини топган муҳим янгиликлардан биридир. Бу борада “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилалар фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга янги турмуш қураётганида ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриши учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилиши кўплаб оилаларнинг дилидаги гап бўлди.
Фармонда ёш оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида ипотека дастури доирасида бошланғич бадал ва фоиз тўловлари бўйича қўшимча 2 мингта ёш оилага уй-жой сотиб олиши учун субсидия ажратилиши белгилангани ҳам минг-минглаб фуқароларимизни янги марралар сари руҳлантирди.
Айниқса, жорий йил 1 сентябрдан бошлаб республикадаги олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар учун Марказий банкнинг асосий фоиз ставкаси миқдорида ва ўқиш муддати тугагандан кейин еттинчи ойдан бошлаб 7 йил муддатда қайтариш шартлари асосида таълим кредитлари берилиши ҳам том маънода муҳим воқелик бўлди.
Давлат органлари, ташкилот ва муассасаларида фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларини тамомлаган ёки уларда илмий даража олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча устамалар тўлаб бориш тартиби жорий этилиши ҳам ёш иқтидор эгалари учун албатта, катта рағбат бўлди.
Фармонда ўз аксини топган яна бир янгилик — 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб Тошкент шаҳрида Ёшлар бизнес мактаби, 2022 йилдан бошлаб барча ҳудудларда унинг филиаллари ташкил этилишидир. Сабаби Ёшлар бизнес мактаби эндиликда мамлакатимиз ва чет элнинг етакчи тадбиркор ва бизнес юритувчиларини жалб этган ҳолда, ёшларга тадбиркорлик фаолияти давомида яхши натижаларга эришиш, тадбиркорликка қизиққан ёшларни бизнес ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, уларда замонавий бизнес юритиш кўникмаларини шакллантириш, мотивацион бизнес-семинарлар ва тренинглар ташкил этиш билан шуғулланади.
Жорий йил 1 октябрдан бошлаб эса ёшларнинг “Бизнесга биринчи қадам” стартап ғоялари танловларини ташкил этиш ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарда камида уч нафардан ғолибга грантлар бериш амалиёти жорий этилади. Энг яхши лойиҳаларнинг ҳар бири учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача грант маблағлари берилиб, улар 2022-2023 йилларда Давлат бюджетидан 100 миллиард сўм миқдорида қўшимча ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади.
Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг асосий таянчимиз бўлган азму шижоатли ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган саъй-ҳаракатлари ёшлармизнинг манфаатлари таъминланишига замин яратади. Зеро, давлатимиз раҳбарининг ушбу фармони том маънода тарихий ҳужжат бўлиб, Президентимиз томонидан Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида илгари сурилган янги ташаббус ва ғояларни амалга оширишга хизмат қилади.
Одинахон ОТАХОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати