Бинобарин, унда кўтарилган ҳар бир масала, ҳар бир ташаббус юртимиз равнақига, халқимиз фаровонлигига дахлдор. Инсон капитали, ёшлар салоҳияти, инновация, спорт ва жамият бирдамлигини мустаҳкамлашга қаратилган долзарб фикрлар илм йўлида фаолият юритаётган инсон сифатида шахсан мени жуда руҳлантирди.
Ўзбекистон — ёшлар мамлакати. Бу катта куч ва келажак дегани. Энг асосийси, бизда ана шу куч ҳар доим эътиборда. Шу боис, келажакка мустаҳкам пойдевор қўйилмоқда. Ўз навбатида, ёшлар ҳам юртимиз шарафини улуғлаб, ардоқлаб дунёга танитяпти. Дейлик, бу йил Ўзбекистон футбол терма жамоаси илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этади. Миллий терма жамоамиз сафида Жиззах давлат педагогика университети талабаси Русланбек Жиянов ҳам бор. Бу биз учун юксак фахр, албатта.
Мурожаатномада давлатимиз раҳбари ўқувчи ва талабаларнинг халқаро олимпиадалардаги иштирокига тўхталиб, Учинчи Ренессанс пойдеворини қўядиган авлоднинг интеллектуал салоҳияти жаҳонга юксак даражада намоён бўлаётганини таъкидлади.
Янги Ўзбекистонда келажакка йўналтирилган стратегик вазифалар мамлакатимизнинг интеллектуал ва технологик тараққиётини янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда. Муҳими, жараён изчиллик билан давом эттирилади. Жумладан, 2030 йилга бориб, АT хизматлари экспорти қийматини 5 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Бунинг учун Тошкент шаҳри, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятларида 4 та дата марказ, 2 та супер компьютер ҳамда 15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораторияси ишга туширилади. Бу муҳим инфратузилма лойиҳалари тиббиёт, транспорт, қишлоқ хўжалиги, геология, банк-молия ва жамоат хавфсизлиги каби муҳим соҳаларда 100 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳаларини амалга ошириш имконини беради. Бугун юртимизда минглаб иқтидорли ёшлар АT ва сунъий интеллект бўйича фаол тадқиқот ўтказмоқда. Улар квант технологиялар, дронлар, робототехника ва бошқа замонавий йўналишлардаги конструкторлик лойиҳаларини амалиётга татбиқ қилиш имконига эга. Шу мақсадда ташкил этилиши режалаштирилган “Рақамли технологиялар маркази” ёшларнинг инновацион салоҳиятини мустаҳкамлаш, илмий лойиҳаларни тизимли амалга ошириш ва рақамли технологиялар соҳасида миллий кадрларга талабни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ёшларнинг талаб юқори касблар бўйича дунёда рақобатбардош ва ҳатто олдинда бўлишини таъминлаш мамлакатимиз учун стратегик аҳамиятга эга. Шу сабабли Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой, Жанубий Корея каби мамлакатларнинг илғор таълим дастурлари жорий этилган техникумлар сони 100 тага етказилади.
Мамлакатимизда касбий таълим тизими 2026 йилда 7 та вилоятда, 2027 йилда эса қолган ҳудудларда Илғор касбий маҳорат техникуми ва “Касблар шаҳарчаси” моделлари асосида йўлга қўйилади. Бу ерда иш берувчилар билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиб, дуал таълимни самарали ташкил қилган корхоналарга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратилади, тадбиркорлик рейтингларида қўшимча баллар берилади ва ижтимоий солиқ имтиёзи узайтирилади.
Шу билан бирга, жорий йилдан бошлаб дуал таълим асосида ўқиётган 100 минг ўқувчига илк бор стипендия тўланади. Юқори натижа кўрсатган талабалар учун эса янада оширилган миқдордаги моддий рағбат берилади. Бу ёшларнинг олий таълимга интилишини кучайтиради ҳамда уларни касбий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Янги рақамли экотизимни жорий этиш орқали олийгоҳ битирувчилари ҳамда иш берувчилар ўртасида кўприк вазифасини бажарадиган тизим барпо этилади. Унда талабаларнинг академик кўрсаткичлари ва корхоналардаги бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар онлайн жойлаштирилади. Бундай инновацион ёндашув талабаларнинг мос иш топиши, иш берувчиларнинг эса малакали кадрларни тез ва самарали жалб қилиш имконини оширади. Ушбу кенг қамровли ислоҳотлар ва стратегик ташаббуслар мамлакатимиз таълим, технология, иқтисодиёт ва тадбиркорлик соҳаларида янги имкониятлар эшигини очиб беради.
Давлатимиз раҳбарининг “Тарих давомида қандай оғир синовларга дуч келмайлик, биз аввало бирдамликдан куч олдик. Машаққатли кунларда одамларимиз, маҳалла аҳли елкадош бўлиб қийинчиликларни енгган. Оила — оилага, қўшни — қўшнига кўмак бериб яшаган”, деган гапи барчамизнинг қалбимизга чуқур ўрнашган ҳақиқатдир.
Бугунги демократия шароитида турли фикрлар бўлиши табиий, аммо 38 миллион нуфусли халқимизни бирлаштирувчи ягона улуғ ғоя Ватан ва халқ манфаатидир. Шу улуғ мақсадга эришишда Президентимиз маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёс эканини алоҳида таъкидлаб, 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилди. Ушбу ташаббусни бутун жамоатчилик қизғин қўллаб-қувватлади.
Маҳалла миллионлаб ёшлар ва оила дегани. Бу ердаги ўзгаришлар келажак авлодлар ҳаётига ҳам таъсир кўрсатади. Шу маънода, маҳаллалар қиёфасини янги Ўзбекистон қиёфасига мослаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ёшлар ҳаёти, таълим-тарбиясида акс этади. Зеро, ҳар бир фуқаро ислоҳотлар натижасини кундалик ҳаётида ҳис қилиши керак. Биз ҳам университетда таълим сифатини ошириш, илмий тадқиқотларни жамият манфаати билан уйғунлаштириш, маҳалла, оила ва қўшничилик муҳитига хизмат қиладиган маънавий ва инновацион лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этамиз.
Мақсадимиз аниқ: Президентимиз айтган юксак маррага эришиш — Ўзбекистонни даромади ўртадан юқори мамлакатлар қаторига олиб чиқиш, Учинчи Ренессанс авлодини тарбиялаш ва жамиятни бирдамлик асосида юксалтиришдир.
Мақсуджон ЮЛДАШЕВ,
Жиззах давлат педагогика университети ректори,
профессор